24 апрель. Италия ҳимоячилари билан донг таратган пайтлари Алессандро Костакурта номи ҳам тилга олинади. 1966 йилнинг 24 апрелида туғилган ажойиб футболчи 54га кирди. Вересе вилоятида туғилган, “Милан” клубининг юлдузли таркибининг бир қисми бўлган, бугунги кунда Италиянинг Sky sport телеканали шарҳловчиси. 1991 йилнинг "Италия гўзали"га уйланган, Ахил исмли фарзанди бор.
Майдонда порлаган пайтлари уни Билли деб чақиришарди. Сабаби, Алессандро ташқи кўриниши нозик ва Билли компанияси рекламаси кетадиган Миланнинг баскетбол клуби мухлиси эди.
Костакурта Милан клуби академиясидан чиққан, клубнинг ҳақиқий тарбияланувчиси. Шу боис, йигирма мавсумга яқин бир клуб таркибида ўйнаганини оддий шу факт билан изоҳлаймиз. Бошида Миланда ишонишмаган ва бир-икки мавсум пастки лигада ўйнаган ҳамда Арриго Саккининг эътибори билан 1987 йилдан бошлаб россонери сафида ўз жойини муқимлаштириб борган.
Фаолиятига қаранг: уч бора Европа суперкубоги, икки марта қитъалараро кубок, беш марта ЕЧЛ ғолиби (учтасини турнир номи ЕЧК бўлганида қўлга киритган). Етти бора скудетто соҳиби.
Костакурта Италия терма жамоасида ҳам зўр ўйнаган. Айниқса, скуадро адзурра финалгача борган, янада кўплаб мухлислар орттирган 1994 йилги АҚШ мундиалида. ФИФАнинг рамзий терма жамоасида унинг ўрни нақд эди.
Янада зўр томони, у “Милан” клубидаги фаолияти якунланаётганда жуда кўп таклифлар бўлса-да, футбол билан хайрлашишни маъқул кўрди. Кетиш олдидан битта гап айтди: “Мени келажакда “Милан”дан бошқа либосда кўришларини истамайман”.
Шунақа ўйинчилари борлиги учун ҳам Италия футболининг пешонасидан ўпгиларинг келиб кетади.