21 май – Марио Манжукичнинг туғилган санаси. 1986 йили Болқонда туғилган Марио мамлакатида фуқаролар уруши сабаб Германияга қочган, оиласи билан. Кейинроқ қайтиб, Динамо Загреб клубидан фаолиятини бошлаган. Ёшлигидан Марионинг характери оддий бўлган – гол учун туғилган машина эди. Юқори техникаси йўқ, ортиқча ҳаракатлар йўқ, гол уради, бўлди.
Шу боис, ундан асосан шу вазифада фойдаланилса, мақсадга мувофиқдир. Бавариядаги фаолиятида сал бошқа функцияни бажарди, қийналди. Атлетико Манжукичнинг шу хусусиятини оча олди.
Ювентусда эса росмана кучли томонларини кўрсатди. Айниқса, ЕЧЛ финалида Навасга урган голи ҳалигача кўпгина футбол роликларини безаб келади.
Марио кўпгина болқонлик йигитлар сингари терма жамоасида клубига қараганда доим яхшироқ ўйнаб келган. Жаҳон чемпионатига чиқадими, Евро турнири бўладими, биз унинг энг сифатли ўйинларини кўрганмиз. Ювентусга Роналду олиб келингач, бунинг устига Сарридек Мариога умуман мос тушмайдиган мураббий келгач, Манжукич кетишига тўғри келиб қолди. Ёши ҳам ўтиб бормоқда. Ад-Духайлдаги фаолияти энди қизиқмас. Чунки асосий ишини у терма жамоасида ҳам, клубларида ҳам 17-рақам остида амалга ошириб бўлди. Жаҳоннинг вице-чемпиони, Италия чемпиони, тўрт марта, Германия чемпиони, икки марта, Хорватия чемпиони, уч марта. Ва бояги финалдаги гол. Фарзандларига ҳикоя қилиб ўтирса, фахрланса арзигули йўл.
___
1904 йилнинг шу куни Парижда Халқаро футбол уюшмасига асос солинди. Уни биз ФИФА номи билан яхши биламиз. ФИФАнинг талқини француз тилидан олинган. Сабаб – Франция пойтахтида Европанинг етти мамлакати вакиллари томонидан тузилган. Француз тилидаги варианти сақлаб қолингани шундан.
Ҳозирда ушбу уюшмага дунёнинг 211 мамлакати федерацияси аъзо. У ер юзидаги давлатлар ўлчовидан юқорироқ. Мамлакат ҳукуматининг футболга аралашувини билса, исталган мамлакатни дисквалификация қила олади. Айни пайтда ФИФАнинг Швейцарияга кўчиб ўтгани ҳам рамзий маъно касб этади – молия ва уруш бўлмайдиган юртнинг кўринишида футболни бошқариш.
Ташкилот раҳбарлари рўйхатига қараб чиқамиз: Икки франциялик, икки швейцариялик ва уч буюк британиялик. Орада биттадан Бельгия ва Бразилия вакили бор.
Энг катта ишни табиийки учинчи президент – Жюль Рюме амалга оширган. Унинг даврида турнир ўтказиш мумкинлиги ўз тасдиғини топган.
Футбол ўйинининг оммавий бўлишида айнан шу ташкилотнинг бир асрлик хизмати борки, тўғри сиёсат ва тўғри мененжментлик натижасида унга эргашиб УЕФА даражаси ўсди, бошқа қитъалар уюшмаси ривожланди.
Ва охирги ўхшашлик – ФИФАнинг Швейцариядан жой олгани нафақат молия ва хавфсизлик эътибори билан, балки гўзаллик рамзи билан-да ёдга олинади. Ахир, Швейцариянинг табиатини яхши биласизку, унинг футбол гўзаллиги билан монандлиги бежиз эмасдир...
Хайрулла Ҳамидов