А Серия раҳбарияти Италия чемпионатининг жорий мавсумини қайта тиклаш борасида қарорни эълон қилди.
26 май куни лига клублари видеоконференция орқали ҳозирги ҳолатини муҳокама қилган ва мавсумни 13 июндан қайта давом эттириш режаси ўзгармагани ҳақида маълумот олган.
Тахминларга кўра, 13 ва 14 июнь кунлари 25-турнинг қолиб кетган ўйинлари бўлиб ўтади: «Аталанта» — «Сассуоло», «Интер» — «Сампдория», «Торино» — «Парма» ва «Верона» — «Кальяри».
Шу тариқа 20 июндан мавсум барча клублар учун тўлақонли бошланади. Бу борада якуний қарор 29 май кунги Италия спорт вазирлиги ва А Серия раҳбарияти ўртасидаги учрашувдан кейин чиқарилади.
Шунингдек, Sky Sport Italia ва DAZN компаниялари билан суд жараёни борасида ҳам маълумот берилган. Компаниялар 10 мартдан бошлаб лига ўйинлари трансляция қилинмаётгани сабаб сўнгги учта тўловни ушлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ италян жамоалари учун инқироз пайтида мазкур пуллар жуда зарур, шу сабаб клублар Sky Sport Italia ва DAZN’дан шартномаларга амал қилишни талаб қилмоқда.