Маълумки, жорий йил 16-мартдан режалаштирилган барча футбол мусобақалари, мусобақаларга тайёргарлик машғулотлари ва тадбирлари коронавирус инфекциясига барҳам берилгунига ёки Республика махсус комиссияси томонидан мусобақаларни ўтказишга рухсат этилгунига қадар вақтинча тўхтатилган эди.
Республика махсус комиссиясининг жорий йил 29-майдаги 26-сонли йиғилиш баёнига асосан профессионал футбол клубларига ўз ўқув-машғулотларини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда бошлашига ҳамда жорий йил 5-июн кунидан Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси чемпионатларини давом эттирилишига расман рухсат берилган эди.
Шу муносабати билан 4-июн санасидан ЎзПФЛ тасарруфидаги барча футзал жамоаларига очиқ ҳавода санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатий риоя қилган ҳолда машғулотларни бошлашга рухсат этилди.
Футзал жамоаларига ёпиқ спорт иншоотларида шуғулланишга ва мусобақаларда иштирок этишга рухсат берилгунига қадар очиқ ҳаводаги футбол майдонларида вақтинча машғулот ўтказиб туришлари тавсия этилади.