Кириш Регистрация

Темур Кападзе: «Ҳужумкор ва ҳимоявий ўйинни уйғунлаштиришга ҳаракат қиламан»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе Осиё футбол конфедерацияси расмий сайтига интервью берди.

18 июнь, пайшанба куни Куала Лумпур шаҳрида ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг финал босқичига қуръа ташланади. Мусобақа эса шу йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда ўтишидан хабарингиз бор.

"Ўйинчи сифатида узоқ давом этган муваффақиятли фаолиятимдан кейин мен ўз тажрибам ва билимларимни ёш ўйинчиларга беряпман. Умид қиламан, бу уларга фойда беради. Албатта, мен ҳужумкор ўйин тарафдориман, лекин бу биз фақат ҳужум қилишимизни англатмайди. Бу нарса ўйинчиларнинг техникаси ва маҳоратига ҳам боғлиқ.

Ўйлашимча, жамоамда тактик ва техник жиҳатдан кучли футболчилар бор. Шунинг учун ҳужумкор ва ҳимоявий ўйинни уйғунлаштиришда муаммога дуч келмасам керак. Биз мусобақа мезбони сифатида унда ғолиб чиқишни истаймиз", — деди Кападзе.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўтган ҳафтада ўқув-машғулот йиғинини бошлаган бўлса-да, коронавирус пандемияси туфайли жамоанинг ўртоқлик ўйинлари бекор қилинди. Шунга қарамай, мутахассис 4 ойдан кейин бошланадиган мусобақада жамоа юқори формага киришига ишонмоқда.

"Ўтган ҳафтада машғулотларни бошладик. Ёшлар (U19) ўртасидаги Осиё чемпионатига идеал тайёргарлик кўриш учун етарли вақтга эгамиз. Коронавирус туфайли кўп режаларимиз ўзгариб кетди. Жумладан, хориж жамоалари билан ўртоқлик ўйинлари бекор қилинди. Шунинг учун маҳаллий клублар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказишни режалаштиряпмиз. Шунга қарамай, агар имконият юзага келса, август-сентябрь ойларида хориж термалари билан ўртоқлик учрашувларини ташкиллаштирамиз", — деди ўзбекистонлик мутахассис.

Ўзбекистон ёшлар жамоаси етакчиларидан бири Жасур Жалолиддинов ҳисобланади. Кападзе 18 ёшли футболчи ҳақида ўз фикрини билдириб ўтди.

"Миллий жамоаларимиз сафида ҳамиша иқтидорли ўйинлар ўйнаган. Шунинг учун Ўзбекистон U19 сафига уларнинг айримлари таклиф этилган. Албатта, Жасур Жалолиддинов ўзининг ҳозирги формаси билан хурсанд қилмоқда. Биз уни "Бунёдкор" сафидаги ўйинларини кузатиб боряпмиз.

Шунингдек, Ҳожимат Эркинов ҳам бизнинг муҳим ўйинчиларимиздан бирига айланмоқда. У ўтган мавсумда ўз клуби сафида жуда яхши ўйнади. У мавсум охирига бориб яхши формада бўлишига умид қиламан", — деди Темур Кападзе.

Манба: the-afc.com
Киритилди: 19:56, 16.06.2020.
Ўқилди: 4892 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.