“Марка” нашрининг ёзишича, рестарт ўйинидан сўнг “Реал” устози Зидан кийим алмаштириш хонасида иккинчи бўлимни ташлаб юборган шогирдларига роса бақирган, нарсалар отган ва қай бирларинидир жазолаган. Чиндан ҳам биринчи бўлимни гўзал тарзда ўтказган қироллик клуби танаффусдан сўнг “Эйбар”га имкониятни бой бериши ҳам мумкин эди. Куртуа суперсэйвларни қаторлаштириб ташламаганида...
Шу нашрга таяниб яна бир маълумотни айтамиз: “Валенсия” сўнгги сонияларда ғалабани бой берганидан сўнг бош мураббий Селадес шогирдлари билан деярли гаплашмай қўйган. Жаҳлини ифода қилиш ниятида. Даҳшат асабийлашган.
“Ди Стефано” ўйингоҳида бугун шу икки асабийлашган клуб ўзаро тўқнаш келади. “Реал” билиб турибдики, бу сафар рақиб “Эйбар” эмас, “Валенсия”, қайсики охирги ўн йилликда Ла лиганинг икки гигантидан энг кўп очко тортиб олган клуб.
Ҳа, “кўршапалаклар”нинг ўйини у қадар зўрмас, ҳа, жамоа мураббийи Селадес ҳали бу клубни “ўзлаштириб” улгурмади, ҳа, сўнгги дақиқалардаги концентрация масаласида муаммо бор, бироқ “Валенсия” доимо грантлар билан зўр ўйнайди. Шу фактнинг ўзи бугунги баҳснинг шиддатли ўтишига кифоя қилади. Селадес аксига олиб “Реал”да ўйнаган (“Барса”да ҳам), Зидан қўл остида, демакки, мураббий учун принципиал ўйин бу.
“Месталья”да ғалабани сўнгги сонияларда Куртуанинг қаҳрамонлиги эвазига қўлдан бой берган жамоа навбатдаги учрашувга кўп нарса тикиб қўйган – агар мағлубиятга учраса, ЕЧЛ йўлланмасидан умидини узса ҳам бўлаверади, аммо ЕЛга имконияти сақланиб қоладики, тақвимнинг давоми валенсияликларга анча яхши. “Реал”нинг вазиятини эса биласиз, “Барселона” билан изма-из бориши учун ҳам рақиб танлашга ҳаққи йўқ – фақат енгиши зарур. Зидан айтганидек, 11та финал ўтказади ва ичида энг асосийси шу баҳсга ўхшаяпти.
Бугун Футбол ТВ телеканалида тунги 01:00да мазкур беллашувни биргаликда кузатамиз. Испания гигантларига ҳақиқий синовлар бошланди...
Хайрулла Ҳамидов