Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Осиё Кубоги—2027 мусобақаси мезбонлигига ўз номзодини қўйган мамлакатлар рўйхатини эълон қилди.
Улар қаторидан Ўзбекистон ҳам ўрин олган. Белгиланган муддатгача (30 июнь) умумий ҳисобда бешта мамлакат мусобақани ўзида ўтказиш истагини билдирган: Ҳиндистон, Эрон, Қатар, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон.
ОФК тендер қатнашчиларининг имкониятларини баҳолашни бошлаб юборади ва якуний қарор 2021 йилда чиқарилади.
Маълумот учун, сўнгги Осиё Кубоги мусобақаси 2019 йилнинг январь ойида БААда бўлиб ўтган ва унда Ўзбекистон терма жамоаси 1/8 финалда пенальтилар серияси бўйича Австралияга ютқазиб, мусобақани тарк этганди. 2023 йилги мусобақага эса Хитой мезбонлик қилади.
Май ойида 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонлигига даъвогар давлатлар рўйхати эълон қилинган. Аввалроқ ушбу мусобақа мезбонлигига ўз номзодини қўйиши айтилган Ўзбекистон ариза топширмагани маълум бўлганди.