Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Раул ҳозир қаерда?

Баҳо:
+ | -

Stadion.uz “Реал Мадрид”нинг тирик афсонаси Раул Гонсалеснинг ҳаёти билан яқиндан таништириб ўтади.

“Қироллик клуби” қандай супертрансферни амалга оширмасин, доимо Раул ўз ўрнида қолаверишига кўникиб қолган эдик. Дарҳақиқат, нозик дид билан тўп сурувчи ҳужумчи “Реал”нинг ўтган аср сўнгги ва янги аср бошидаги чинакам юзи сифатида мухлислар кўз олдида гавдаланса, ажаб эмас. Иқтидорли, меҳнаткаш ва чинакам футбол фидойиси сифатида мухлислар қалбидан ўрин олган футболчи Мадридни тарк этгач, мухлислар уни йўқотиб қўйишгани бор гап. Бугун испаниялик форварднинг футболдаги сўнгги йиллари ва айни дамдаги ҳаёти билан қисқача таништириб ўтамиз.

Жозе Моуриньо

Португалиялик мутахассис Мадридга кўчиб ўтмаганида, Раулнинг сўнгги қўшиғи узоқроқ янграши аниқ эди. Ҳатто “Барселона” футболчиларининг ҳурматини қозонган йигит негадир Жозега ёқмай қолди. Оқибатда, мураббий футболчига барчасини очиқчасига айтди қўйди: “Менинг жамоамда сенга жой йўқ!” Вазиятни тушуниб етган Раул ҳеч ким билан жанжаллашмади. Клуб учун кетказган йилларини пеш қилмади. Ҳатто бир оғиз ҳам сўз айтмай матбуот анжуманини ташкил этди ва жамоа билан хайрлашди. ФлорентиноПерес Раул учун хайрлашув учрашувини ташкил этишга ваъда берганча уни жамоада олиб қолишга урунгани ҳам йўқ. Шунчаки, Раул кетмоқчи бўлди ва у клуб эшикларини ланг очиб берди. Қайсидир маънода жаноб Президент “Реал”нинг янги авлодини Криштиану Роналду сиймосида кўргани учун ҳам шундай йўл тутгандир. Яна ким билади дейсиз?! Раул супер юлдузлар ичида ҳам аслзода эканлигини унутиб қўймаган эди. Кетиш чоғида ҳам ўз принципларига содиқ қолди.

“Шальке 04” мухлислари уни соғинишмоқда

Мен бутун умрим ўтган клубдан кетдим. Уйга келдим ва оилам даврасида тушлик қилдим. Кейин хонамга йўл олдим. Ўтириб ўтган йилларни хотирладим. Кўзларимда ёш билан хотирладим. Ғалабанингтаъмини, аламли мағлубиятларни ва ҳатто қўлдан чиқарган вазиятларимни ҳам эсладим. Қарасам, турмуш ўртоғим менга эшик олдида термулиб турибди. У ҳолатимни ҳаммадан кўра яхшироқ тушуниб тургани учун мени ёлғиз қолдириш учун хонани тарк этди. Шу куйда узоқ ўтирдим. Бу тақдирнинг менга берган оғир зарбаси эканлигини ҳис қилар эдим. Тўғриси, бу иш қачондир содир бўлишини яхши англаб етганим боис, ўзимда футбол учун яна куч топа олдим”.

Дарҳақиқат, “Реал” билан хайрлашув Раул учун кутилмаган зарба бўлди. Шунга қарамай, афсона ўзида янги ҳаёт учун куч топа олди ва агентига қўнғироқ қилди. Орадан 2 ҳафта ўтиб Раулнинг “Шальке 04” билан шартнома имзолагани кўплаб футбол мухлисларини ҳайратда қолдирди. Эътиборлиси шундаки, Раул Германияга пул ишлаш учун эмас, сўнгги сўзини айтиш учун кўчиб борди. Гелзенкирхен шаҳри уни ўзи кутганидан ҳам илиқроққабул қилганини кўрган Раул бор эътиборини майдонга қаратишга қарор қилди. Кўплаб юлдузлар ўз соясига маҳлиё бўлиш билан овора бир пайтда Раул Бундеслигада тер тўкишга тушиб кетди. Қаҳрамонимиз “Шальке” сафида 66 та ўйинда майдонга тушди ва 28 бор рақиб дарвозаларини ишғол қилди. Ўша даврда Раул билан тўп сурган жамоадоши Фарфан қуйидагича уни хотирлайди:

Клубга энди келганида, у билан сўзлашишга бироз тортиндик. Эътибор бериб қарасак, у жуда самимий ва содда инсон экан. Кейин тезда дўстлашиб кетдик. Тўғриси, мен техника борасида Раул билан тенглаша оладиган футболчини кўрмаганман. Бундан ташқари у чинакам профессионал. Машғулотларга масъулият билан ёндошаёганини кўриб, шу инсон “Реал”нинг тирик афсонаси эканлигига ишонгинг келмайди”.

Раул Гонсалес “Шальке” билан ЕЧЛда ажойиб ўйин намойиш этгач, кетишга қарор қилади. Сабаби, ўша даврларда Қатар футболи “катталари” ўз юртига испан футбол моделини олиб киршга қарор қилган ва бу борадаги илк қадамларини Раул орқали ташламоқчи эди. Тан олиш лозим, “Шальке 04” мухлислари маэстро билан ажойиб тарзда хайрлашишди. Эътиборлиси шундаки, улар ҳужумчи номига атаб қўшиқ ёзишди ва форварднинг сўнгги учрашувида бутун бошли “Фелтс Арена” шу қўшиқни баралла куйлади. Раул тик турганча қарсак чалаётган мухлислар қуршовида Германияни тарк этди. Ҳа айтганча, Раулга аталган қўшиқни ҳали ҳамон “Шальке” мухлислари куйлаб туришади.

Қатар орзулар мамлакати

Раул 2012-йилда оиласи билан Қатарга кўчиб ўтди. У билан мамлакатнинг энг бадавлат клуби – “Ас-Саад”шартнома имзолади. Футболнинг асл жозибасини ўзида жам қилган испан Қатарда ҳам 2 мавсум ушланиб қолди. Тўғрироғи,уни бир мавсумдан сўнг қўйиб юборишни исташмади. Раул ўзининг сўнгги мавсумларида ҳужумчи ортидаги ярим ҳимоячига айланди ва асосан ҳужумларни бошлаб бериш билан шуғулланди. Унинг майдонда кўрсатаётган кичик мўъжизалари мухлисларни қувонтирар, у эса кулимсираганча ўз ишида давом этар эди. Раулнинг жамоага қўшиб олиниши ўзини тўлиқ оқлади. “Ас-Саад”чемпионлик ва Қатар Амири кубогида ғолиб чиқди. Раул 2 йил давомида ўзининг афсонавий 7 рақамида жамоага сардорлик қилди. У билан “Ас-Саад”да жуда чиройли тарзда хайрлашди. Футболчилар ўтган йиллар ва берилган турли маслаҳатлар учун ўз сардорларига миннатдорчилик билдиришди. Раул Қатарда вақтини шунчаки ўтказгани йўқ. 40 та ўйин 13 та гол ва 9 та ассист. Қатарлик мухлислар Раулни кузатиш учун аэрапортга қадар чиқишди. Футболни у қадар хушламас арабларнинг афсонавий футболчини нақадар эъзозлашларини шу йўсинда кўрсатишмоқчи бўлган бўлса, ажаб эмас.

Сўнгги сўз

Қаҳрамонимиз Қатардан АҚШга кўчиб ўтиш керак эди, бироқ унинг Мадридда айтилмаган сўзи бор эди. ФлорентиноПерес “Реал” учун уч маротаба ЕЧЛни ютишда кўмак берган афсонани шундоқ қўйиб юбора олмас эди. Бунга унинг ҳақи йўқ эди. “Сантьяго Бернабеу” бир неча йиллар аввалелкасини сиқиб индамай кетган афсонавий футболчини яна бир ўзига чорлади. Раул бу таклифни хурсандчилик билан қарши олди ва яна бир бор “Реал” либосини кийишга қарор қилди. Ўйин “Реал Мадрид” ва “Ас-Саад” ўртасида ташкиллаштирилди. Қаҳрамонимиз иккинчи таймни “Реал” либосида бошлади ва ўзининг сўнгги голини киритди. Учрашув якунланди. “Қаймоқранглилар” Раул қўлга киритган барча совринларни яна бир бор оммага намойиш этди. Маэстро қўлини баланд кўтарганча, юзда табассум билан ҳамма билан хайрлашди ва кийиниш хонасига йўл олди. Йўл-йўлакай 7 рақам туширилган футболкани Роналдуга топшириб унга омад тилашни ҳам унутмади.

Ўша куни у барча мухлислар билан хайрлашди ва қайтиб келмас бўлиб “Сантьяго Бернабеу”нитарк этди. Стадионга йиғилган мухлислар ўйин тугаганидан сўнг ҳам 20 дақиқа қарсак чалишда давом этди. Афсуски, уларнинг Раулга аталган қўшиқларни куйлаши ҳам ҳужумчини ортга қайтара олмади. У кийиниш хонасида кўзда ёш билан хаёл суриб ўтирар. Қалби ларзага келган бўлсада, ўзининг сўнгги сўзини айтганидан мамнун кайфиятда эди…

Қаердасан АҚШ?

Жуда юқори нотада якунланган хайрлашув учрашувидан сўнг, Раул Қўшма Штатларга океан узра учиб кетди. Уни ҳар доимгидак мухлислар қарши олишди. Дастхат сўровчи болалар, расмга тушишни истовчи қизларнинг охири кўринмас, аэрапортдаги шовқин-сурон бошқа йўловчиларни ҳам эътиборини тортади. Дабдабали қарши олиш маросимидан сўнг, Раул тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтади ва “Нью-Йорк Космос” билан шартнома имзолайди. Раул янги жамоасидаги илк сўзлаган нутқидан қисқача парча келтириб ўтамиз:

“Мен бу ерга футболга бўлган инсонларнинг эътиборини ошириш мақсадида келдим. Ҳар бир ўйинда мухлислар учун нимадир намойиш этишга бор кучим билан ҳаракат қиламан. Умид қиламанки, менинг номим клуб билан эршажак совриним билан ёдга олинади”.

Дарҳақиқат, Раул ўз сўзида туришга муваффақ бўлди. Испаниялик афсона АҚШда ҳам футболкаси ортида ёзилган исмга монанд ҳаракат қилди. 7 рақамнинг абадий эгаси “Космос” шарфида 30 та ўйинда майдонга тушади ва 9 та гол+8 та ассистга муаллифлик қилади. Бундан ташқари, унинг тўп билан муносабатда бўлишини кўрган миллионлабболалар футболчи бўлишни озру қила бошлади. Раул 2014-йилнинг 30 октябрькуни “Космос” билан шартнома тузган бўлса, 2015-йилнинг 16 ноябрида клуб учун ўзининг сўнгги учрашувида майдонга тушишини расман эълон қилади. Эътиборлиси шундаки, Раулнинг сўнгги учрашувиNASLплей-офф учрашувларининг финалига тўғри келади. Майдонда 90 дақиқа ҳаракат қилган ҳужумчи гол киритади ва унинг жамоаси 3:2 ҳисобида ғолиб чиқиб кубок эгасига айланади. Раулнинг ички муҳитга кўтаринки кайфият улашаётганини кўрган “Космос” клуби испанга яна 2 йиллик шартнома (яхшиланган кўринишда) таклиф қилади. Раул бу таклифни рад этади. У ўзининг ўша қарорини қуйидагича хотирлайди: “Штатларда яна узоқ муддат ушланиб қолишим мумкин эди. Мени барча шароитлар тўлиқ қониқтираётган эди, бироқ организмим аввалгидек эмаслигини ҳис этганим боис таклифдан воз кечдим. Сизни кўриш учун стадионга ташриф буюраётган мухлисларни аввалгидек хурсанд қилишнинг иложи бўлмаса, ўша куниёқ футболни тарк этиш лозим. Барча нарсанинг ўз якуни бор. Мен мухлислар мени яхши спорт формада эслаб қолишларини афзал кўрдим”.

Қайтиш

Манхеттендаги саргузаштлари якунланган Раул яна Мадридга қайтиб келишга қарор қилади. Тўғри, “Реал” ўз вақтида уни қадрламаган бўлиши мумкин, бироқ маэстро Мадридга қайтгач дарров у билан алоқага чиқади. Қаҳрамонимиз 2 ҳафтадан сўнг, “Реал Мадрид” спорт директори ёрдамчиси сифатида иш бошлайди. Асосан офисда куни ўтаётганини сезган Раул ФлорентиноПересга қўнғироқ қилади ва уни яна майдонга қайтаришини илтимос қилади. Ваҳоланки, Раул юқори лавозимдаги шахс эди. Перес жамоа афсонасининг илтимосини ерда қолдирмайди ва уни академиядаги ёш футболчиларга мураббийлик қилишига руҳсат беради. Катта маош ва юқори лавозимдан воз кечган Раул яна ўзи севган иш билан шуғулланаётганидан хурсанд алпозда мураббийлик фаолиятини бошлаб юборади. Бугунги кунда у бошқараётган “Реал” жамоаси ёшлари ўз минтақаларида етакчилик қилишмоқда. Раул ўз шогирдларининг кичик ютуғига ҳам қувонади. Испаниянинг “Marca” нашри уни келажаги порлоқ 10 та мураббийдан бири деб бежиз эътироф этмаган. “Эски мактаб” илмини олган мураббий яқин йилларда “Реал”нинг асосий жамоаси бошқарувини қўлига олиши ҳам ҳеч гап эмас. Сабаби, ундаги мураббийлик борасидаги прогресс киши кўзини қувонтирмоқда.

Шахсий ҳаёт

Бўш вақтини китоб ўқиш билан ўтказувчи Раул 5 фарзанднинг отаси саналади. Ўғиллари Хорхе, Уго, Эктор ва Матеолар ота изидан кетишган. Эътиборлиси шундаки, Раулнинг 5-фарзанди Мария ҳам футбол билан шуғулланади. Раул собиқ модел Мамен Санс билан қарийб 20 йилдан бери бахтли ҳаёт кечириб келмоқда. Қаҳрамонимиз катта ўғлига унинг футболчи бўлишида катта ёрдам берган Хорхе Валданинг номига қўйган бўлса, иккинчи фарзандига Уго Санчеснинг шарафига Уго деб номлаган. Оила бугунги кунда Мадридда истиқомат қилмоқда.

Яхёхўжа Улуғхўжаев

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 15:32, 07.07.2020.
Ўқилди: 9746 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.