Италия чемпионатининг 34-туридан ўрин олган марказий учрашув якунига етди. «Ювентус» ва «Лацио» жамоалари ўртасидаги ўйин Скудетто соҳибини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиши кутилган эди. Шундай бўлди ҳам.
Тўп назорати "кекса синьора" томонда бўлган бўлса, римликлар қарши ҳужумдан фойдаланиш пайида бўлишди. Танаффусга қадар, Милинкович-Савичнинг зарбасидан кейин тўп рекошет ҳолатида устун ёнидан ўтиб кетган бўлса, Иммобиленинг зарбасидан сўнг тўп айнан устунга тегиб қайтди.
"Ювентус" юзага келтирган хавфли вазиятлар пайтида эса Рабьонинг зарбаси дарвозабон қайтарган бўлса, Роналдунинг бош билан берган зарбасига бироз аниқлик етишмади.
Иккинчи таймнинг дастлабки дақиқалари "Юве" учун жуда омадли келди. Тўп Баштушнинг қўлига теккани учун ҳакам дастлаб жарима майдони ташқарисидан жарима зарбаси белгиланган эди. Аммо видеотакрорни кўргач, ўз қарорини пенальтига ўзгартирди. Роналду эса ундан самарали фойдаланиб, ҳисобни очди.
Орадан 3 дақиқа ўтиб Дибала майдон марказида Луис Фелипедан тўпни олиб қўйиши натижасида Пауло ва Криштиану дарвозабон билан иккига бир вазиятга чиқиб кетишди. Аргентиналик футболчининг узатмасидан кейин Роналду бўш дарвозани ишғол қилди — 2:0.
Португалиялик футболчи хет-трикка эришиши мумкин эди. Дибаланинг узатмасидан кейин Криштиану бош билан зарба берди. Тўп эса тўсинга тегди.
Баҳснинг 83-дақиқасида Бонуччининг хатосидан сўнг "Юве" дарвозаси томон пенальти белгиланди. Чиро Иммобиле ундан фойдаланиб, фарқни қисқартирди. Натижада "Лацио" ҳужумчиси ва "Юве" етакчисининг голлари 30тага етди.
Римликлар ҳисобни тенглаштиришга яқин келишди. Жаримадан тўп нақ "тўққизлик" сари йўлланган эди, аммо Войцех Шчесни сэйв намойиш этди.
Ушбу ғалабадан кейин "Ювентус" ўз очколарини 80тага етказиб, яқин таъқибчисидан 8 очкога илгарилаб кетди. Қолган 4та ўйинда қўлга киритилажак 5 очко "Юве"ни чемпионга айлантиради.
Италия А серияси, 34-тур
Ювентус – Лацио 2:1 (0:0, 2:1)
Голлар: 1:0 – 51, пенальти Роналду, 2:0 – 54 Роналду, 2:1 – 83, пенальти Иммобиле.
Ювентус – Шченсни, Алекс Сандро, Бонуччи, де Лигт, Бентанкур, Куадрадо, Рэмзи (Матюиди, 57), Рабьо, Дуглас Коста (Данило, 57), Дибала (Ругани, 89), Роналду.
Лацио – Стракоша, Ачерби, Луис Фелипе (Фальбо, 89), Баштуш, Лаццари (Moro, 89), Пароло, Андерсон (Вавро, 66), Катальди (Андерсон, 75), Милинкович-Савич, Иммобиле, Кайседо (Адеканье, 66).
Огоҳлантиришлар: Андерсон (37), Алекс Сандро (60), Бонуччи (82), Данило (88).