Қатар Миллий олимпия қўмитаси Халқаро Олимпия қўмитасига 2032 йилги Олимпия ўйинларини ўтказишга тайёрлигини маълум қилди.

“Бугунги баёнот ХОҚ комиссияси билан келгусида бизнинг манфаатларимизни ўрганиш ва Қатарни ривожлантириш йўлида мазмунли мулоқот бошланганлигини англатади. Кўп йиллар давомида спорт мамлакатимизни юксалтиришнинг асосий омилларидан бири бўлмоқда. Ана шу синовдан ўтган хизмат рўйхати ва бой тажриба ХОҚ комиссияси билан музокараларимиз асосини ташкил этади”, – деб баёнот берди Қатар Миллий Олимпия қўмитаси президенти шайх Хамад бин Халифа ол-Соний.

Қатар бу борада босқичма босқич қадам ташлаб келмоқда. Доха шаҳри 2006 йил Осиё ўйинларини қабул қилган. Орадан вақт ўтиб, 2022 йилда футбол бўйича жаҳон чемпионати мезбонлигини қўлга киритди. Ана энди Олимпия ўйинлари мезбонлиги учун ҳам курашни бошлади. Илгарироқ Туркия, Ҳиндистон ва Австралия 2032 йилда Олимпия ўйинларини ўтказиш истагини билдирган эди. Бу ўйинларни ўтказишга Жанубий Корея ва Корея Халқ Демократик Республикаси ҳам биргаликда буюртма берган.