Хабарингиз бор, ўтган ҳафта ўзбекистон Кубоги ўйинларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унда “Андижон” жамоаси ўрин олган “А” гуруҳида АГМК, “Металлург” ва “Навбаҳор” жамоаларини ҳам кўриш мумкин. Хўш, бу борада “Бургутлар” устози Виктор Кумиковнинг фикрлари қандай? Россиялик мураббий Кубок доирасида жамоасиинг гуруҳдан кейинги босқичга чиқиш имкониятини қандай баҳолайди? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида Кумиков билан боғландик.
— Виктор Балютович, Ўзбекистон Кубогига ташланган қуръа маросимидан кейинги фикрларингиз билмоқчи эдик?
— Кубок ўйинларига қуръа ташлаш маросими телевидение орқали онлайн бўлгани учун унда иштирок этиш имкони бўлмади. Натижаларни интернет орқали билиб олдим. Шунинг учун бу борада тайинли фикр билдиришим қийин.
— Кубок форматининг бу йилгиси аввалгисига нисбатан фарқ қилади. Шу тўғрисида нима дейсиз?
— Гувоҳи бўлиб турганингиздек, пандемия сабабли бугунги кунда Ўзбекистонда карантин даври анчагина кучайтарилган. Буларнинг бари халқнинг соғлигини ўйлаб қилинаётган ишлардир. Инсон учун энг аввало саломатлик биринчи ўрин туради. Ҳозирда ўзбекистондаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда жамоаларни гуруҳларга бўлингани балким тўғри қарор деб ўйлайман.
— Бошқарувингиздаги “Андижон” жамоаси ўрин олган “А” гуруҳи бўйича нима дейсиз?
— Биласизми, Кубок ўйинларида барча жамоаларнинг имконияти тенг деб ҳисоблайман. Ҳар бир ўйинга шогирдларимни фақат ғалаба учун тайёрлайман. Имкониятлардан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
— Кейинги босқичга чиқиш имкониятини қандай баҳолайсиз?
— Юқорида айтиб ўтганимдек, гуруҳимиздан ўрин олган барча жамоанинг кейинги босқичга чиқиш имконияти бир хил. Кубок ва чемпионат ўйинлари бир-биридан фарқ қилади. Насиб қилса, мамлакат Кубогида ижобий натижа қайд этишга харакат қиламиз.