«Спартак» клуби собиқ футболчиси Жафар Ирисметов «Уфа» ярим ҳимоячиси Остон Ўруновнинг москваликлар сафига ўтиши мумкинлиги ҳақида фикрларга ўз муносабатини билдириб ўтди.
— Ўруновнинг «Пахтакор» билан шартномаси бор эди. У 16 ёшлигида ўринбосарлар жамоасида ўйнади. Биз эса унга асосий таркиб футболчиси сифатида қараб, шартнома таклиф қилишга тайёрланаётган эдик. Аммо вазият ўзгариб кетди. Унинг шартномасида шундай банд бор эдики, бир томонлама ҳаракат билан уни бекор қилиш ҳуқуқига эга эди. У характери бироз оғир йигит. У "Пахтакор"да қолишни истамади. Унинг ота-онаси агентлари билан бирга клубда қолмаслигини гапира бошлашди. Ўшанда уни ҳам «Ростов» ўз сафига чорлаётгани ҳақида гап-сўзлар чиққанди.
— «Ростов» сафига қўшила олмадими?
— Ҳа, лекин у бизнинг сафимизда ҳам қолишни истамади. Гўёки, "Навбаҳор"да ўйнаса, Россия ёки Қозоғистон чемпионатига тезроқ йўл олиши мумкинлигини унинг миясига қуйишди. Шу боис, Ўрунов Наманганга йўл олди. "Навбаҳор"да у ўз ёшига нисбатан яхши ўйин намойиш қилди, кейин эса Тошкентнинг «Локомотив» клубида у қадар муваффақиятли ўйин намойиш эта олмади.
— Нима учун?
— Ўруновни дарҳол сотишга тайёрлай бошлашди. Кўпроқ узатмалар орқали ўйналадиган Ўзбекистон чемпионати унга унчалик мос эмасди. Кучга таянган футбол — курашиш, тўпни олиб қўйиш ва олдинга ўтиш унга мос келади. Умуман олганда, Россия чемпионатига йўл олиб тўғри қилди.
— Уни қайси позицияда кўряпсиз?
— Таянч ярим ҳимоясида. Олтин рақам, кўпи билан — саккизинчи рақамли ўйинчи сифатида ўйнай олиши мумкин. Аммо аниқ ўнинчи рақамли футболчи эмас. Унинг узатмалари — унинг устун жиҳати эмас. У кўпроқ бузувчи, тўпни эгаллаб ҳужум бошлаши мумкин.
— Қанотларни ҳам ёпа оладими?
— Ҳа. Остон — универсал, лекин, назаримда, қанотда унинг имкониятлари чегараланиб қолади.
— «Спартак»да ўйнаб кета оладими?
— Остонни кучсиз легионер, қопдаги мушук деб ёзишганини ўқидим. Ҳозир «Спартак»да ким кучли? Мен ўйнаган пайтда буюк футболчилар, Россиянинг энг кучли ўйинчилари билан рақобатлашишимга тўғри келган эди. Унинг рақобатчилари эса Тил ва Крал. Улар — буюкми? «Спартак» улар билан 7-ўринни эгаллади.
Ҳа, у ўзбекистонлик. Нима қилибди? Бу ҳолат Шомуродовга халал бердими? «Спартак»да шунчалик кучли футболчилар бормики, мухлислар Ўруновнинг трансферидан хафа бўлишса? Ўзбекистонда иқтидорли футболчилар кўп. Шунчаки услуб борасида уларнинг барчаси Россия чемпионатига тўғри келмаслиги мумкин. Лекин Ўрунов айнан тўғри келади. Унинг барча кўрсаткичлари юқори даражада. Шунчаки тактик жиҳатдан уни ривожлантириш керак.
— Унинг характери қандай?
— Қайсар. Бироз ўжарлиги бор. Агар бирор нарсани истаса — унга эришади. Лекин Россияда у ўзгарган ва улғайган бўлиши мумкин. Унинг ёнида тўғри инсонлар бўлиши муҳим аҳамиятга эга.
— У рус тилини яхши тушунмайдими? Бу муаммо туғдирадими?
— Мен рус тилини яхши билардим, лекин бу ҳолат менга кўп ҳам ёрдам бермаган. У ҳали ёш, тез ўрганади. Мен Иттифоқда катта бўлганман, у эса бошқа мамлакатда вояга етди.
— Нима деб ўйлайсиз, «Спартак» кейинчалик уни 5-10 миллион еврога сотиши мумкинми?
— У ўйнайдиган позиция орқали бу ишни амалга ошириш осон эмас. Масалан, Шомуродов ўзини кўрсата олди. Осиёда эса таянч ҳудудида ўйнайдиган футболчини топиш осон эмас. Мабодо, Элдорни ҳам «Спартак»ка жалб қилиш мумкин.
— Унинг «Спартак»даги ўйинларини томоша қилиш учун Россияга келасизми?
— Коронавирус билан боғлиқ вазият имкон берса, албатта бораман. Дарвоқе, мен «Спартак» музейида бўлдим ва у ерда ўзимни топдим. Жуда ёқимли бўлди! Кўчада ҳам мухлислар мени танишгани қувонтиди. «Спартак» — ажойиб мухлисларга эга бўлган буюк клуб. Бу борада Ўруновнинг омади чопди.