"Барселона" — "Наполи". ЕЧЛ 1/8 финали жавоб ўйинларидан бири айнан шу жамоалар ўртасида бўлиб ўтади. Ҳали ҳеч нарса ҳал бўлмаган, имкониятлар ҳам деярли тенг.
БИРИНЧИ ЎЙИН
Ушбу рақиблар ўртасидаги биринчи ўйин ёдингиздадир. Неаполдаги баҳсда мезбонлар "Барселона" билан тенгма-тенг ўйнашди ва ҳатто ғалаба қозонишлари ҳам мумкин эди. Лекин Каталония клуби меҳмонда гол уришни уддалади ва 1:1 натижаси қайд этилди. Тан олиш керак, биринчи ўйиндаги дуранг "Барселона" учун яхши натижа бўлганди. Чунки меҳмонлар ўшада битта яққол имкониятга эга бўлишганди, холос.
БУГУНГИ ҲОЛАТ
Коронавирус пандемияси туфайли тўхтатилган чемпионатга қайта старт берилганидан кейин "Барселона"нинг ишлари орқага кетди. Клуб Ла Лига чемпионлигини бой берди, камига 10 киши бўлиб қолган рақибга ютқазди. Хуллас, айни дамда Кике Сетьеннинг ишлари кўнгилдагидек эмас.
"A" Серияда "Наполи" учун махсус вазифалар йўқ эди, аммо Гаттузо жамоаси имкониятлардан фойдаланиб, кубокни қўлга киритди. Бу шуни англатадики, "Наполи" катта ўйинларга қандай тайёрланишни билади. Йўқотишлар туфайли эса "Барса"га осон бўлмайди. Бускетс ва Видал дисквалификация туфайли ўйинни ўтказиб юборишади. "Наполи"да эса фақат Манолас жароҳати туфайли ўйнамайди.
ТАХМИН
Бир нарса аниқ: "Барселона" осонликча ғалаба қозона олмайди. Ўз ўрнида айни дамда "Наполи"нинг ўйини ҳам мукаммал эмас. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб якуний натижани шундай тахмин қилиш мумкин: ё "Барселона" битта тўп фарқи билан ғалаба қозонади, ёки дуранг натижа қайд этилади (дуранг ҳар икки жамоа фойдасига бўлиши мумкин).
Тахминий таркиблар (UEFA.com тахмини)
"Барселона": Тер Штеген; Семеду, Пике, Лангле, Aлба; Роберто, Ракитич, де Йонг, Месси; Суарез, Гризманн
Ўйнамайди: Бускетс (дисквалификация), Видал (дисквалификация), Дембеле (жароҳат), Юмтити (жароҳат)
"Наполи": Оспина; Хюсай, Ди Лоренцо, Кулибали, Мариу Руй; Фабиан Руис, Демме, Зелиньски; Кальехон, Мертенс, Инсинье
Ўйнамайди: Манолас (жароҳат)
Сўроқ остида: Максимович (жароҳат), Инсинье (жароҳат).