Суперлига 11-туридан ўрин олган "Металлург" - "Қизилқум" (1:2) учрашувидан кейин мезбонлар устози Андрей Шипилов ўз фикрларини билдирди.
"Танаффусдан кейинги ўйинларда бетартиб ўйнаяпмиз. Ўтган ўйинда биринчи бўлимда яхши ўйнаб, иккинчи бўлимда ўйнолмагандик. Бугун аксинча, биринчи бўлимда яхши ўйнолмаган бўлсак, иккинчи бўлимда яхшироқ ҳаракат қилдик. Бу нима билан боғлиқ эканлигини билмайман. Футболчилар характер кўрсата олишмаяпти. Жамоамизда етакчи йўқ".
"Охирги икки ўйинимиздан кейин нимадир дейиш қийин, бу ўйинлар худди "эгизаклар"га ўхшайди. Ҳозир ҳамма жамоаларга қийин. Кимдир чиройли ўйин кўрсатади, кимдир шунга интилади, ҳамма ҳаракат қиляпти, бироқ охирги икки ўйинимизни инобатга олсак, фақат бир бўлим ўйнаяпмиз. Балки иссиқда ўйнаш керакдир, ҳозир жуда шинам стадионда ўйин ўтказдик, ҳаво ҳам зўр, +28 градус.
Шифоркоримизга раҳмат, футболчиларнинг ҳолати ҳақида қайғурди ва ўйинчиларни яхши ҳолатга келтирди. Убайдуллаевга нима бўляпти? Билмайман, у охирги икки ўйинда жуда ёмон ўйнади. Чумак ҳам энг ёмон ўйинларини ўтказган бўлса керак.
"Қизилқум"ни ғалаба билан табриклайман.
Ўйинчиларимиз миллий терма жамоадан чақирув олгач, ўз устида ишламай қўймоқда. Улар ўзларига нисбатан танқидий ёндашишлари лозим. Жамоада тартиб бўлиши, ҳар бир киши ўз устида ишлаши керак.
Биз ҳам чиройли футбол кўрсатишга астойдил ҳаракат қиляпмиз. Фақат интизом бўлиши шарт", - дейди Шипилов.