АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов "Навбаҳор"га (1:1) қарши ўйиндан кейинги матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
"Икки бир-бирига муносиб жамоа ўзаро баҳслашди. Биринчи бўлимда "Навбаҳор" жамоаси яхшироқ ҳаракат қилди. Иккинчи таймда эса жамоамиз ўйинни кучайтириб, баҳсга тезлик ва жанговарлик қўшди. Ўйлашимча, якуний натижа, яъни дуранг ҳақли бўлди. Агарда голимизни эртароқ урганимизда, натижа янада бошқачароқ бўлиши мумкин эди. Ўйинни томоша қилган мухлисларга футбол ёқди, деб ўйлайман. Жамоамиз футболчиларига эса охирига қадар курашишгани учун миннатдорчилик билдираман. Бугун 3 очкодан маҳрум бўлишимиз мумкин эди. Якунда бир очко бўлса ҳам топдик. Ярим қадам бўлсада олдинга қадам ташладик. Жамоамиз ҳакам хуштагига қадар курашгани учун 1 очко билан бўлсада тақдирланди. Келаси ўйинга жиддий тайёргарлик кўриб, олмалиқлик мухлисларни хурсанд этишга ҳаракат қиламиз.
Биринчи бўлимдаги ўйин? Аввалги баҳсларда, масалан "Локо" билан ҳам биринчи таймда ёмон ўйнамагандик. Масалан, "Бавария"нинг ҳам ўйини ПСЖ билан дастлабки бўлимда деярли ўхшамади. "Андижон" билан эса биринчи таймда ҳимояни ёриб кириш қийин бўлганди. Бугун ҳам рақибнинг ҳимоясини ёриб кириш иккинчи таймда ҳам қийин бўлди. Жамоалар, рақиблар ҳар хил. Улардан келиб чиқиб турли тактикалар танланади. Баъзан ҳар икки тараф биринчи бўлимда ўзаро бир-бирини ўрганади. Бугун учрашув охирига бориб ўйинимизни кучайтиришга эришдик. Бугунги ўйин натижасини ҳеч қандай сенсация демаган бўлардим.
Футболда ҳар қандай натижа рўй бериши мумкин. Яна ўша "Бавария"ни эсласак, бир неча йиллар аввал финалда 90 дақиқа ютиб туриб, қўшиб берилган дақиқаларда ғалаба мағлубиятга айланиб кетганди. Футбол шуниси билан қизиқ. Лекин бугунги ўйин натижасини сенсация демаган бўлардим. "Навбаҳор"даги йўқотишлар? Баъзи асосий таркиб футболчиларини ҳисобламаса, қолган футболчилар ўйнашди. Мирзоҳид Ғофуров ва Ғуломовни айтмасак, қолгани доим асосий таркибда ўйнаб юрган футболчиларни кўрдим. Ўтган йили Ғуломов захирадан тушадиган футболчи эди, тўғрими? Бугун ҳар тарафлама бир-бирига мос жамоалар ўйнашди ва натижа ҳам адолатли бўлди.
Шораҳмедовнинг тушмагани ротация билан боғлиқ. Унда жароҳат йўқ. Шунчаки ҳар 3-4 кундаги ўйинлар оралиғида имкон қадар кўпроқ ротацияга қўл уриб, эндигина жисмоний ҳолатини тиклаётган футболчиларга ҳам аста-секинлик билан кўникма беряпмиз. Бизда ҳам касалларганлар кўп бўлганди. Вазиятдан келиб чиқиб иш тутяпмиз", — дея ўйиндан кейинги фикрлари билан ўртоқлашди Миржалол Қосимов.