Тошкент вилояти жамоалари дербиси энг муросасиз ўтадиган ўйинлардан ҳисобланади. Бу жамоалар 2008 йилдан буён 25 та ўзаро учрашув ўтказишган бўлишса, шулардан фақат 3 тасида дуранг натижа қайд этилганлиги фикримиз далилидир. Томонлар эса 11 тадан ўйинда зафар қучишган. Киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар нисбати 47:46, олмалиқликлар битта тўп фарқи билан олдинда боришмоқда.
Мазкур жамоаларнинг биринчи давра – Олмалиқ шаҳрида кечган ўйинида томонлар бир мартадан муваффақият қозонишиб, дурангга имзо чекишганди. Ўйиннинг 9-дақиқасида Мате Ватсадзе ҳисобни очган бўлса, 28-дақиқада Аброрбек Тошқўзиев ҳисобни тенглаштирганди. Бу натижа эса ўйин охиригача ўзгармасдан қолганди.
Энди ушбу жамоаларнинг Бекободда кечган ўйинлари тарихига тўхталсак: Тошкент вилоятининг энг шимолий шаҳрида бу жамоалар 12 марта тўқнаш келишган. Уларнинг 9 тасида мезбонлар ғалаба қозонишган. 1 та ўйинда меҳмонларнинг қўли баланд келган бўлса, яна битта учрашувда кучлар тенг келган.
Қуйида Бекободда бўлиб ўтган барча учрашувлар натижалари билан танишинг:
13.11.2008 Металлург – ОТМК – 1:1
05.11.2009 Металлург – Олмалиқ – 3:2
24.04.2010 Металлург – Олмалиқ – 1:0
09.09.2011 Металлург – Олмалиқ – 4:3
04.09.2012 Металлург – Олмалиқ – 4:3
31.05.2013 Металлург – Олмалиқ – 2:1
03.08.2014 Металлург – Олмалиқ – 3:2
21.10.2015 Металлург – Олмалиқ – 4:2
18.08.2016 Металлург – Олмалиқ – 4:2
26.10.2017 Металлург – Олмалиқ – 3:2
10.05.2018 Металлург – Олмалиқ – 0:1
27.07.2019 Металлург – АГМК – 2:1
АГМК ҳақида
Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида футбол ўтган асрнинг ўрталаридан ривожлана бошлаган. “Металлург” футбол жамоаси 1966-88 йиллар мобайнида собиқ Иттифоқ чемпионатининг иккинчи лигасида ўйнаган. 2004 йилдан ОТМК номи билан мамлакат биринчилигида қатнашган. 2008 йилда мазкур клуб тарихида янги бурилиш ясалди. Ўзбекистон футбол федерациясининг қарорига биноан жамоа олий лига аъзосига айланди.
Шу йиллар давомида кончилар кучлилар сафида 352 та ўйин ўтказишди. Шулардан 127 тасини ўз фойдасига ҳал этишган бўлишса, 75 учрашувда дуранг ўйнаган, 150 та ўйинни имкониятни бой берган. АГМК рақиблари дарвозасига 487 та тўп киритган ҳолда ўз дарвозасидан 512 та гол ўтказиб юборган. АГМКнинг олий лигадаги энг йирик ҳисобдаги ғалабаси – 7:1 (“Қўқон 1912”, 2019), Энг йирик ҳисобдаги мағлубияти эса – 0:5 (“Локомотив”, 2017).
Бу йилги мавсумни АГМК тарихидаги энг муваффақиятли бошланган мавсум дейиш мумкин. Суперлига жамоалари орасида ҳали мағлубият нималигини билмай келаётган Миржалол Қосимов шогирдлари биринчи даврадан кейин иккинчи ўринни эгаллаб туришибди.