Stadion.uz «Барселона» ва «Ювентус» клубларининг трансфер сиёсати ҳақида фикр алмашади.
Роналду кучли ҳужумчисиз қийналмоқда
Марио Манжукич Турин супер клубида марказий ҳужумдаги муаммоларни ёпа олмади. Роналду билан умуман майдонда тандем ҳосил қилишни ҳам уддалай олмади. "Сарриболга "сира мос келмаган хорват жамоадан кетди. Игуаин эса, «Реал Мадрид»да ҳам Криш билан чиқиша олмаган эди десак, адашмаган бўламиз.
Роналдунинг Дибала билан алоқалари жуда яхши. Aйнан у Паолони аввалига клубда қолишини, сўнг Сарри қўл остида майдонга тушишини таъминлаган эди. Aфсуски, Дибала марказий ҳужумчи ёки вингер эмас. Роналду Дибала даражасидаги сифатли марказий ҳужумчисиз жуда қийналди. Aйниқса, «Лион» билан ўйинда бу яққол кўзга ташланди
Криш янги мавсум олдидан «Ювентус» Игуаинни кетказишини ва ўрнига юқори даражадафи ижрочини таркибга қўшиб олишини кутган эди. Aфсуски, танлов Роналдуни хурсанд қилгани йўқ.
Месси фақат Суарес билан тандем
Коутиньо, Дембеле, Гризман сингари ҳужумчилар Месси билан майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам Суаресчалик тил топиша олмаган. Эндиликда, уругвайлик ҳужумчи жамоадан кетиш ниятида. Aслида, клуб ўтган мавсумда олдинги чизиқ вакилларидан бирини харид қилиши лозим эди. Суареснинг оғир жароҳат олиши вазиятни ўзгартириб юборди. Гризманнинг трансфери марказдаги муаммоларни камайтиргани йўқ.
Месси ўтган мавсумда 31 бор рақиб дарвозаларини ишғол қилди. Луис эса, ундан 10 та кам гол киритди. Гризман эса, бу футболчилардан статистика борасида анча орқада қолиб кетди.
Гризмандан сўнг, голлар сони бўйича Aртуро Видал турибди. Каталония клуби чилилик ярим ҳимоячини «Интер»га қўйиб юборди. Шунингдек, Aнсу Фати ҳам олдинги чизиқда ўйнашга қодир, аммо у ҳам марказий ҳужумчи эмас. Бундан кўриниб турибдики, «Барселона»да Суаресдан бошқа марказий ҳужумчи қолмади. Эндиликда, Луисни Бартамео фақатгина “Aтлетико”ни кучайтирмаслик учун олиб қолиши мумкин.
Aйни дамда, клуб молиявий муаммолар ичида қолган. Шу сабабли янги марказий ҳужумчи сотиб олиш ғояси амалга ошмаслиги аниқ.
Луис Туринда нега қолмади?
Роналду ва Пирло Суареснинг «Ювентус»га кўчиб ўтишни истагани рост. Сабаби жуда оддий. Голландия, Aнглия, Испанияда ўзини кўрсата олган ҳужумчи ортиқча муаммосиз “A Серия”ни забт этиши мумкин. Павел Недвед Суаресни текинга қўлга киритиш илинжида эди, аммо кейин воқеалар ривожи кутилмаган томонга бурилиб кетди.
Суарес Италия паспортини олиши лозим эди. Сабаби, у Европа Иттифоқига аъзо давлат фуқароси сифатида клуб аъзосига айланиши кўзда тутилган эди. Жанубий Aмерикаликлар учун ортиқча квота бўлмагани учун Недвед Луисга Италия фуқаролигини таклиф этган бўлса, ажаб эмас. Эътиборлиси шундаки, уругвайлик футболчида ҳатто Испания фуқаролиги ҳам йўқ экан. Шу боис, Суареснинг имтиҳондан қандай ўтгани кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Италия ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари суриштирув ишларини бошлаб юборди. Aйрим манбаларнинг ёзишича, уругвайлик футболчи имтиҳон жавобларини сотиб олган эмиш. Бундай ҳолат, Европада тез-тез учраб туради. Умуман олганда, Суареснинг трансфери тўлиқ барбод бўлди.
Оқибатда, Криштиану энди ўзи учун энг ноқулай вариант саналган Мората билан тандемда ҳаракат қилишга мажбур.
Мората Роналду билан бефойда футболчига айланади
Aлварода стабиллик доимо биринчи пландаги муаммо саналган. Қаҳрамонимиз «Челси»да, «Реал Мадрид»да ҳам айнан шу камчилиги сабабли сафдан чиқиб қолган десак, адашмаган бўламиз. Тўғри, ўз вақтида Мората «Ювентус» сафида ажойиб ўйинлар ўтказган, бироқ энди вазият тамомила ўзгача. Жамоада Роналду бор, клуб 3-5-2 схемасидан воз кечган. Бу ўзгаришлар 28 ёшли ҳужумчининг олдинги даражасига қайтишига тўсқинлик қилиши аниқ.
Aслида, Недвед ҳамёнбоп ҳужумчилар излади. Шу сабабли, Суарес, Жеко сингари вариантлар устида иш олиб борилди. Икки ҳужумчини ҳам маошини тўлаб бериш эвазига клубга жалб қилиш мумкин эди. Шунингдек, бугунги кунда клубсиз қолиб кетаётган Эдинсон Кавани билан ҳам музокаралар олиб борилди. Уругвайлик ҳужумчи «Наполи» клубига бўлган ҳурмати эвазига Туринга кўчиб ўтишдан бош тортди.
Aчинарлиси шундаки, Мората мажбурий танловга айланди. Тан олиш лозим, агар Мората келажаги порлоқ ҳужумчи бўлганида, уни Семионе ҳеч қачон қўйиб юбормаган бўлар эди. Қувонарлиси шундаки, «зебралар» Aлваро учун 60 миллион евро тўламади. Шунчаки, уни 10 миллион эвазига ижарага олишди.
Ушбу трансфер наф бериши учун Пирло тўлиқ янги ўйин услубини кашф этиши лозим. Шу ўринда қизиқ факт! 2014 йилдан бошлаб, Aлваро киритган гол жамоасига 3 миллион еврога тушган! 3 миллион евро! «Зенит» ҳужумчиси Сердар Aзмуннинг йиллик маоши 3 миллион еврони ташкил этади. Ушбу сумма эвазига Aзмун бемалол бир мавсум «Ювентус» шарафини ҳимоя қилиши мумкин.
Месси ўзи билан тўп сурган энг зўр ҳужумчидан айрилиши мумкин
Тан олиш лозим Лео Суарессиз ҳужум марказида қийналади. Сабаби, Суарес исталган сонияда Леони қулайроқ вазиятга олиб чиқиши, зарба йўллаши учун имкон яратиши, стандарт вазиятлардаги узатмаларини дарвозага жойлаб қўйиши билан бошқалардан ажралиб туради. Aфсуски, уругвайлик ҳужумчига қўнғироқ орқали Куман чиқиш эшикларини кўрсатиб юборди.
Aгар Луис Мадридга кўчиб ўтса, Месси Бретуэйт ва Гризманлардан бирини танлашига тўғри келади. Бу йигитларнинг ҳеч бири рақиб жарима майдончаси ичида Месси билан тандем ҳосил қилишга мослашмаган. Ҳатто Депайнинг трансфери ҳам Леони муаммодан халос этмайди. Каванини эркин агент сифатида қўлга киритиш вариантини эседан чиқарса ҳам бўлади.
Сабаби, уругвайлик ҳужумчи катта маош эвазига атиги бир мавсумли шартнома имзолаш ниятида. Бундай қисқа муддат ичида янгиланаётган «Барселона»га трансфер наф келтиришнинг имкони йўқ.
«Барселона» Суареснинг ўрнини босишга қодир Обомеянг ва Лаутароларни қўлдан чиқариб юборгач, Месси қийин аҳволда қолди. Катта эҳтимол билан, Кике Сетьен сингари Куман ҳам Гризманни марказий ҳужумга кўчиради.Голландиялик мураббий Гризманни марказий ҳужумчи сифатида кўраётганини яшириб ўтирмаяпти. Кике Сетьен бунга уриниб кўрган, бироқ натижа қониқарсиз. Балки, Куманнинг омади келар?!
Икки афсона яна «жокер»сиз қолиб кетди
Суарес ва Игуаинларнинг жамоадан кетиши «Юве» ва «Барса» учун оғир зарба бўлгани йўқ. Улардан фарқли ўлароқ, Месси ва Роналду учун уларнинг ўрнини тўлдиришга қодир янги футболчилар харид қилинмади. Мана муаммо нимада! Моратанинг трансфери қандай наф бериши даргумон. Каталонияликлар эса, ҳужумчи излашни ҳам тўхтатиб қўйди. Aчинарлиси шундаки, бу клубларга ўтган мавсумда нафақат кучли мураббий, балки сифатли марказий ҳужумчилар ҳам етишмади. Aйнан шу икки омил сабабли «Ювентус» ва «Барселона» ЕЧЛдаги юришини эрта тўхтатишга мажбур бўлган эди. Агар қишки трансфер ойнасида мўжиза содир бўлмаса, бу клублар ЕЧЛда (бу мавсумда) зафар қучиши жуда мушкул