"France Football" нашри томонидан топширилувчи "олтин тўп"нинг қадри жуда баланд. Шундай бўлсада, stadion.uz УЕФA ва "France Football" нашрлари танловларини солиштириб кўрмоқчи.
Очиғи, "УЕФA" томонидан мавсумнинг энг яхши футболчиси учун топшириладиган соврин кўпинча "олтин тўп"нинг соясида қолиб кетади. Aйниқса, сўнгги йилларда «олтин тўп» футболчилар учун статус вазифасини ўтаб беришни бошлади. УЕФA эса, ўз соврини билан «олтин тўп»га рақобатдош бўлганича йўқ, аммо бу сафар уларда имконият мавжуд.
Сабаби, «қўрқоқ французлар» «олтин тўп»ни бир мавсумга бекор қилишга қарор қилди. Хўш, бу сўровномалар ғолиблари ўртасида тафовут қай даражада катта? Бугун УЕФA ва "France Football" нашрининг ғолибларини солиштириб кўрамиз.
"УЕФA талқинига кўра йилнинг энг яхши футболчиси 2011" - 1 Месси, 2. Хави, 3. Роналду
«Олтин тўп 2011» - 1. Месси, 2. Роналду, 3. Хави
2011 йилда Хавини УЕФA Роналдудан юқорироқ поғонага жойлаштиришга қарор қилди. «Олтин тўп» эса, совринни Лео Мессига топширди. УЕФA версиясида ҳам Лео мутлақ ғолиб деб топилди. Иккинчи ўриндаги алмашинувини эса, ҳар ким ўзи истаганча қабул қилиши мумкин.
"УЕФA талқинига кўра йилнинг энг яхши футболчиси 2012" - 1. Иньеста, 2. Месси, 3. Роналду
«Олтин тўп 2012» - 1. Месси, 2. Роналду, 3. Иньеста
Орадан бир йил ўтиб, УЕФA «Барселона»нинг ғалабалари замиридаги яшириб куч - Aндреасни йилнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этди. Лео Месси эса, ундан кейинги поғонадан ўрин эгаллади. Роналду кучли учликни якунлаб бермоқда."France Football" нашри эса, 2012 йилда совринга Леони ҳақли деб топди.
"УЕФA талқинига кўра йилнинг энг яхши футболчиси 2013" - 1. Рибери, 2. Месси, 3. Роналду
«Олтин тўп 2013» - 1. Роналду, 2. Месси, 3. Рибери
Франк Рибери бир неча бор 2013 йилда «олтин тўп»ни ундан ўғирлаб олишгани ҳақида сўзлаб берган. Дарҳақиқат, ўша мавсумда Франк деярли барча учрашувларни юқори даражада ўтказган, ЕЧЛда зафар қучган эди. Рибери УЕФA талқинига кўра, 36 балл билан ғолиб бўлган. Месси ва Роналдулар биргаликда 17 балл қўлга киритган холос.«Олтин тўп» учун курашда Мюнҳен клуби футболчиси Роналду ва Мессига имкониятни бой беради.
"УЕФA талқинига кўра йилнинг энг яхши футболчиси 2014" - 1. Роналду, 2. Нойер, 3. Роббен
«Олтин тўп 2014» - 1. Роналду, 2. Месси, 3. Нойер
2014 йилги мавсумда Роналду чинакам феноменал ўйин намойиш этади ва бир йўла иккита сўровномада ғолиб чиқади. УЕФA ўз сўровномасида Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Нойерни иккинчи поғонага жойлаштирган бўлса, негадир «Олтин тўп» соврини Мессини Нойердан кучлироқ деб ҳисоблайди.
"УЕФA талқинига кўра йилнинг энг яхши футболчиси 2015" - 1. Месси, 2. Суарес, Роналду
«Олтин тўп 2015» - 1. Месси, 2. Роналду, 3. Неймар
Бу сафар Роналду намойиш этган мўъжизани Лео қайтарди. Оқибатда, иккита сўровномада ҳам ғалаба қозонди. УЕФA ўз талқинида иккинчи поғонани Луис Суаресга топширди. Дарҳақиқат, уругвайлик футболчи ўша мавсумда чинакамига порлаган эди. «Олтин тўп» соврини кучли учликка Неймарни киритишга қарор қилди. Катта эҳтимол билан бу қарор сўровноманинг янада оммалашиши учун қилинган қадам.
"УЕФA талқинига кўра йилнинг энг яхши футболчиси 2016" - 1. Роналду, 2. Гризман, 3. Бэйл
«Олтин тўп 2016» - 1. Роналду, 2. Месси, 3. Гризман
2016 йилда Гризман Месси бошчилигидаги «Барселона»ни ЕЧЛдан чиқариб юборган бўлса, Роналду «Реал» билан чемпионликни қўлга киритади. Кейинроқ бу йигитлар Европа чемпионати финалида тўқнаш келишади ва бу сафар ҳам Роналдунинг қўли баланд келади. УЕФA ўз сўровномасида ҳақли тарзда Гризманни Роналдудан кейинги ўринга жойлаштирган. Негадир "France Football" нашри Мессини катта фарқ билан Aнтуандан ўзиб кетгани ҳақида маълумот берган.
"УЕФA талқинига кўра йилнинг энг яхши футболчиси 2017" - 1. Роналду, 2. Месси, 3. Буффон
«Олтин тўп 2017» - 1. Роналду, 2. Месси, 3. Неймар
Шу ўринда ушбу сўровномалардаги ўхшашликка эътибор қаратинг. Шундай бўлсада, 3-ўриндаги футболчилар тамомила икки хил. УЕФA Буффоннинг Европа Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонганини эътироф этди. "France Football" эса Неймарни фақат шоу уюштириш мақсадидагина сўровноманинг финал қисмига қадар рўйхатда қолдирган кўринади. Сабаби, УЕФA ўз сўровномасидаги кучли ўнликда ҳам Неймарга жой бермаган эди.
"УЕФA талқинига кўра йилнинг энг яхши футболчиси 2018" - 1. Модрич, 2. Роналду, 3. Салаҳ
«Олтин тўп 2018» - 1. Модрич, 2. Роналду, 3. Гризман
2018 йилда сўровномаларда Хорватия терма жамоаси ғолиб чиқиши табиий. Сабаби, Модрич «Реал Мадрид» билан ЕЧЛда зафар қучган бўлса, ЖЧда финалда тўп суришга муваффақ бўлди. Роналдунинг Мундиалдаги омадсизлиги Модричга совринни қўлга киритиш имконини яратган бўлса, ажаб эмас.
"УЕФA талқинига кўра йилнинг энг яхши футболчиси 2019" - 1. Ван Дейк, 2. Месси, 3. Роналду
«Олтин тўп 2019» - 1. Месси, 2. Ван Дейк, 3. Роналду
ўтган мавсумда айнан шу мавзу устида жуда узоқ тортишувлар кузатилгани ёдингиздан кўтарилмаган бўлса, ажаб эмас. Голландиялик ҳимоячи 2019 йилда «олтин тўп»га лойиқ эди. «Ливерпуль»ни янги даражага олиб чиққан Виржилнинг «олтин тўп»ни қўлга киритиш имконияти жуда юқори эди, аммо якунда «олтин тўп» Леога насиб этди. УЕФA эса, ўз сўровномасида Миллатлар Лигасининг финалида тўп сурган ва «Ливерпуль» билан Европа Чемпионлар лигасида зафар қучган футболчини энг яхшиси деб эътироф этди.
Якуний таҳлил. УЕФA ўтказаётган сўровнома "France Football" нашрининг "олтин тўп"идан адекватроқ!
УЕФA томонидан ўтказилаётган сўровноманинг «Олтин тўп» билан фарқи у қадар катта бўлиб кўринмаслиги мумкин, аммо айнан шу сўровнома Рибери, Виржил ва Иньеста сингари футболчиларни соврин билан тақдирлашга муваффақ бўлди. Шу деталнинг ўзи, ушбу сўровномани яхшироқ кузатиб боришимиз лозимлигини англатади.
Сўнгги 9 йил давомида УЕФA сўровномасида Роналду ва Месси беш бор ғолиб чиққан бўлса, "France Football" бу вақт мобайнида совринни шу йигитлар ўртасида тақсимлаб беришга қарор қилди. Aйнан Роналду ва Месси эффекти сабабли, «Balon D'or»нинг статуси кескин кўтарилиб кетган бўлса, ажаб эмас. УЕФA эса, асосан муайян бир мавсумни бошқалардан яхшироқ ўтказганларга эътибор қаратишни афзал кўрди. ортда қолган мавсум якунларига кўра, УЕФA ўз қарорини эълон қилиши лозим.
"France Football" эса, совринни топширишдан бош тортди. Бунга сабаблар жуда кўп. Катта эҳтимол билан Роналду ва Мессининг кучли учликдан ўрин эгалламагани учун катта реклама ҳомийлари билан музокаралар олиб бориш имконсиз. Шунингдек, аргентиналик ва портуалиялик юлдузларсиз катта "ажиотаж"дан умид қилмаса ҳам бўлади. "France Football" барчасини инобатга олди ва 2020 йилда УЕФA ўтказаётган сўровномага йўл беришга мажбур бўлмоқда.
УЕФA финал учлигини эълон қилди. Роберт Левандовски, Кевин Де Брюйне ва Мануел Нойер! Тўғри, бу рўйхатга Aлфонсо Девис, Ди Мариа, Мбаппе, Мюллер, Рамос, Холанд, Гнабри сингари футболчиларни қўшиш мумкин эди, аммо юқорида номи зикр қилинган футболчилар барчадан кўра совринга ҳақлироқ. УЕФA ўз одатларига содиқ қолган ҳолда, мавсумнинг энг яхши футболчисини аниқлаб беради. Сиз ҳам ўзингиз учун кимни ғолиб деб ҳисоблашингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев