АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов "Қизилқум"га қарши кечган ўйиндан кейин қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.
"Бугун бир-бирига муносиб жамоалар тўқнаш келди. Қайсидир маънода дерби бўлди. Курашларга бой, жанговор ўйин кечди. "Қизилқум" жамоаси иккинчи даврада яхши савиядаги футболчиларни сафига қўшиб олди. Қолаверса, охирги ўйинларда ёмон натижалар қайд этишмади. Бугун ҳеч қайси жамоа мағлубиятга учрагиси келмади.
Биринчи бўлимда ўзимизнинг хатомиз эвазига гол ўтказиб юбордик. Бу эса бизни янада олдинга боришга мажбур қилди. Рақиб сафидаги Эркин Байдуллаевнинг майдондан четлатилиши имкониятларимизни оширди дейишим мумкин. Ҳақли равишда ғалабани қўлга киритдик. "Қизилқум" жамоасига кейинги ўйинларда омад тилаб қоламан", - деди мураббий.