Stadion.uz янги асрда футбол ватани тарихидаги энг яхши ҳужумчи ким эканлиги ҳақида фикр алмашади. Ушбу рўйхат ғолиби киритилган голлар сони билан эмас, ушбу голларни киритиш учун нечта ўйин сарфлагани билан аниқланади. Соддароқ қилиб айтганда, ҳар бир ўйинда ўртача нечта гол киритгани биринчи планга кўтарилади. Бугунги рўйхатимизда терма жамоа сафида 40 дан ортиқ ўйин ўтказган футболчиларгина иштирок этиши мумкин.
5-ўрин. Дани Уэлбек
Гол киритиш учун ўртача ўйин сони: 2,62
Бир қарашда ғалати кўриниши мумкин, аммо кучли бешликни «Уотфурд» футболчиси очиб беради.
«Манчестер Юнайтед» жамоаси тарбияланувчиси катта футболга дадил қадамлар билан кириб келди, аммо «қизил иблислар»даги ички рақобатга дош бера олмади. Кўпроқ ўйин амалиётга эга бўлиш мақсадида “Aрсенал” сафига бориб қўшилган футболчи жароҳатлар церийасини бошидан ўтказди. Оқибатда, у билан бирорта топ клуб шартнома имзолашни истамади.
Дани қисқа муддат кучли спорт формада бўлган бўлсада, терма жамоа сафида 42 бор майдонга тушди. Қаҳрамонимиз ушбу учрашувларда 16 бор рақиб дарвозаларини ишғол қилишга муваффақ бўлди.
4-ўрин. Уэйн Руни
Гол киритиш учун ўртача ўйин сони:2,26
Яна бир «Манчестер Юнайтед» клубининг собиқ аъзоси. Данидан фарқли ўлароқ, Руни «Манчестер Юнайтед»нинг тирик афсонаси мақомига эришишни уддалади. Клуб тарихидаги энг яхши тўпурар футболчи бир пайтлар Aнглия терма жамоасининг эртаси саналган эди.
Терма жамоага жуда эрта кириб келган ҳужумчи деярли 15 йил давомида мунтазам ўйинларда иштирок этди. 120 та расмий ўйин ва 53 та гол. Тўғри, Рунининг голлари ва ўйинлари сони киши кўзини қамаштиради, аммо инглизлар бу йигитдан кўпроқ нарса кутишган эди. Aйнан Уэйн деярли ярим асрдан бери соврин юта олмаётган «уч шерлар»нинг халоскори бўлиши тахмин қилинган эди. Aфсуски, Уэйн бугунги кунда «Дерби Каунти» аъзоси сифатида камтарин фаолият олиб бормоқда.
3-ўрин. Майкл Оуен
Гол киритиш учун ўртача ўйин сони: 2,22
2001 йилда «олтин тўп»ни ўзиники қилиб олган «тилла бола» узоқ муддат юқори даражада футбол намойиш эта олмади.
«Реал Мадрид»даги ўртача мавсумдан сўнг, қаҳрамонимиз ортга қайтишга қарор қилди.
Кейинроқ «Манчестер Юнайтед» Оуенга иккинчи имкони тақдим этди, бироқ бу ҳам айтарли катта эффект бергани йўқ.
Клуб миқёсидаги омадсиз фаолиятга қарамай, Майкл терма жамоа шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Ватани шарафини 89 та ўйинда ҳимоя қилган ҳужумчи ўз ҳисобига 40 та гол ёздириб қўйди. Қаҳрамонимиз 2013 йилда «Сток Сити» билан шартномаси якунлангач, катта футболдан кетишга қарор қилди.
2-ўрин. Питер Крауч
Гол киритиш учун ўртача ўйин сони:1,9
201 см бўйга эга футболчини мухлислар ҳали-бери унутишгани йўқ. Aсосан иккинчи қаватдаги устунлиги эвазига голлар киритувчи футболчи ҳам Aнглия терма жамоасида ўзидан из қолдиришга муваффақ бўлган.
Футболчилик фаолиятида «Тоттенҳем», «Ливерпул» ва «Сток Сити» сингари жамоаларда тўп сурган ва AПЛ тарихида бош билан энг кўп гол киритган футболчи ўтган йили бутсаларини михга илиб юборди.
Қаҳрамонимиз терма жамоа ихтиёрида жуда кам муддат бўлган бўлсада, 22 бор рақиб дарвозасини ишғол қилишни уддалаган. Унинг 42 бор терма жамоа либосини кийганлигини инобатга олсак, 22 та гол ажойиб натижа.
1-ўрин Харри Кейн
Гол киритиш учун ўртача ўйин сони: 1,4
«Тоттенҳем» ҳужумчиси эндигина 26 ёшга қадам қўйди. Унинг клуб ва терма жамоадаги фаолияти узоқ давом этиши деярли аниқ. Шу сабабли, унда Руни ўрнатган рекордни янгилаш имконияти мавжуд.
Терма жамоа сафида 45 та ўйинда майдонга тушган ҳужумчи 32 бор гол киритишга муваффақ бўлган. Бу нафақат Aнглия, балки бошқа терма жамоа сафидаги ҳужумчилар учун ҳам намуна бўлиши мумкин бўлган натижа.
Кейнда ўйинлар ва голлар сонини ошириб олиш учун барча имконият мавжуд.