ЎзПФЛ қошида шифокорлардан тузилган махсус комиссия талабига кўра, аёллар Олий ва Биринчи лига жамоалари ҳам IgG ва PZR тестлари топшириши ҳақида хабар берган эдик.
Шундай тест жараёнида қатнашаётган “Aндижанка” клубининг бир неча аъзоларида коронавирус инфекцияси аниқланган ва шу боисдан клуб аъзолари эхтиёт чораси сифатида изоляцияга олинган эди. Натижада, аёллар Олий лигаси 5-тури доирасидаги “Aндижанка”– “Бунёдкор-W” учрашуви, шунингдек “Aндижанка”нинг 4-турдаги “Пахтакор-W”га қарши учрашуви ҳам қолдирилган эди.
"COVID-19 тарқалишига йўл қўймаслик ҳамда карантин давридан чиқиш вақтида 2020 йилги Суперлига, Про лига ва Биринчи лига жамоалари ўртасида машғулот жараёни ва Ўзбекистон чемпионати ҳамда кубоги учрашувларини давом эттириш Регламенти"га асосан “Aндижанка” клуби футболчи қизларининг карантин муддати якунига етмоқда. Шу сабабли клуб 30 сентябрга қадар футболчиларининг антитаначалар хосил бўлганлигига топширган тести натижаларини ЎзПФЛ комиссиясига тақдим этиши лозим бўлади. Aгар тест натижалари ўз вақтида тақдим қилинмаса, жамоага кейинги учрашувда техник мағлубият ёзилади.