Халқаро стол тенниси федерацияси (ITTF) 2023 йилги жаҳон чемпионатига мезбон мамлакатни аниқлаб олди. Дунё биринчилигини қабул қилиш учун Германиянинг Дюссельдорф ва Жанубий Африка Республикасининг Дурбан шаҳарлари даъвогарлик қилди. Овоз беришлар якунига кўра Дурбан шаҳри жами 90 та (69,77 фоиз) овоз билан 2023 йилги жаҳон чемпионатига мезбонликни қўлга киритди.
Бу Дурбан шаҳри учун тарихий кунга айланди. Сабаби ҳали ҳеч қачон стол тенниси бўйича жаҳон чемпионати Африка қитъасида ташкил этилмаган. Мазкур йил учун мўлжалланган жаҳон чемпионати 2021 йилнинг февраль-март ойларига қолдирилган. Бироқ 2021 йил учун аталган дунё биринчилигининг муддати ҳали расман тасдиқланмаган. Шу тариқа, ушбу спорт тури мухлисларини келаси йил катта эҳтимолда Олимпия ўйинлари ва 2 та жаҳон чемпионати кутиб турибди.