Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Мақсад аниқ бўлса, манзил бир қадам

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, бугун Тошкент вақти билан тунда «Пахтакор» Эроннинг «Персаполис» клубига қарши майдонга тушади. Ушбу учрашув олдидан ўз фикр ва мулоҳазаларим билан ўртоқлашишга қарор қилдим.

«Пахтакор»нинг устун томонлари

Тошкент клуби пандемия сабабли юзага келган рестардан сўнг ўзини яхши ҳис этмоқда. Жамоада шахсий ғоя ва ўйин фалсафаси мавжуд. Тўп назоратига суянган услуб техникаси кучли бўлган ўзбек футболчисига жуда мос тушмоқда. Бизнинг футболчилар жисмоний кучга таянган вертикал футболни намойиш этишда оқсашлари бор гап. Шунингдек, қарши ҳужумга суянган мураббийлар ҳам ўзбек футболчилари билан ҳеч нарсага эриша олмаганини Эктор Купер мисолида кўрдик. Шота Aрвеладзе, тўп билан муносабатда бўлишни ёқтирувчи футболчиларимизга ҳужумкор футбол намойиш этиши учун имкон яратиб берди. Бу таҳсинга сазовор. Эрон клублари ва ҳатто терма жамоаси ҳам урғуни асосан жисмоний тайёргарликка беради. «Персаполис» ҳам бундан мустасно эмас. Эрон клублари орасидаги энг машҳур жамоа таркибида терма жамоадан мунтазам чақирув олаётган бир нечта футболчи тўп сурмоқда. «Пахтакор»нинг тўп билан кўпроқ муомалада бўлиши бугунги учрашувда биз учун ғалаба калити бўлиб хизмат қилиши мумкин, аммо бунинг учун марказий ҳимоячилар эҳтиёт бўлиши лозим. Умуман олганда, ҳимояда бехато тўп суриш Aрвеладзенинг ғоясини мукаммал адо этишга кўмак беради. Эътибор берган бўлсангиз, «шерлар» рақибни анча эрта прессинг билан кутиб олишмоқда. Бу омил «Истиқлол»га қарши учрашувда фойдамизга ишлади. Эронлик футболчилар юқори техникага эга эмаслиги боис, кўп бор ҳужумга чиқишда қўпол хатоларга йўл қўйишди. «Пахтакор» эса, ўйиннинг катта қисмини тўпни тасарруфида ушлаганча ўтказди. Aгар, бугун ҳам жамоамиз тўп назоратини қўлига олса, ва марказий ҳимояда бехато ҳаракат қилса ғалаба чўнтакда деяверинг. Сабаби, рақибни эрта кутиб олувчи, майда пасларга суянадиган замонавий услубни жисмоний куч эвазига мағлуб этишнинг имкони йўқ. «Истиқлол» билан ҳакамнинг қўпол хатоси ва Суюновнинг нотўғри ўрнатган жонли девори бўлмаганида, «шерлар» ўйинни ортиқча муаммосиз ўз фойдасига ҳал этган бўлар эди.

«Пахтакор»нинг хавотирли нуқтаси

Ҳар қандай жамоанинг кучли ва кучсиз томони бўлиши табиий. Aфсуски, Тошкент клубида ҳам оғриқли нуқта йўқ эмас. Сезганингиздек, сўз дарвозабонлар ҳақида бормоқда. Замонавий футболда сифатли дарвозабоннинг қадри қай даражада баланд эканлигини Европанинг гранд клублари мисолида кўриб турибмиз. Ўз кучига ишонган, стандартларда совуққон ҳаракат қилувчи дарвозабонлар бежизга 100 миллион еврога баҳоланмаяпти. Сабаби, айнан уларнинг 90 дақиқани қандай ўтказиши таблодаги натижага тўғридан-тўғри таъсир ўтказмоқда.Aчинарлиси шундаки, ўзбек футболида сўнгги йилларда кучли дарвозабон тақчиллиги кузатилмоқда. Тўғри, Элдор Суюнов кучли дарвозабон, аммо унда стабиллик етишмайди. Дарвозабон ярим жамоа. Бу сўзнинг замирида жуда катта маъно мавжуд. Майдондаги 10 та футболчининг меҳнатини ҳавога учириш ёки юзага олиб чиқиш қўлқоп кийган футболчига боғлиқ. Элдор яккама-якка вазиятларда, узоқдан йўлланган зарбаларда ва ҳатто тўп учун чиқишда ҳам беназир. Шундай бўлсада, сўнгги учрашувларда унинг стандарт вазиятлардаги хато бироз юракларга ҳадик солмоқда. Қатардаги мусобақада аллақачон икки бор жаримадан тўп ўтказиб юбордик. Дарвозабонлар борасида мураббий  бу масала борасида атрофлича иш олиб борган деган умиддамиз. Ўртага ярим финал йўлланмаси тикилган учрашувни стандарт эвазига бой бермаслик учун ҳам бугун Суюновнинг маҳорати талаб этилади. Умид қиламизки, бугунги учрашув Элдор Суюновнинг карьерасидаги энг ёрқини бўлади.

Муҳим бурулиш

Aрвеладзенинг ўйин фалсафасига кўра, қанот вингерлари (Ҳамдамов, Машарипов) томонидан яратилган вазиятга Черан ёки марказий ҳужумчи биргина тегиниш орқали гол яратиши лозим. Эътибор берган бўлсангиз, «шерлар» позицион ҳужум чоғида рақиб ҳимоясини обдон «чўзгач», сўнгги пасни ижро этмоқда. Ушбу узатмаларни голга айлантириш ҳужумчиларнинг чекига тушган вазифа. Тошкент клубининг Қатардаги барча ўйинларини кўрган бўлсангиз, бирорта баҳсда вингерларга эътироз билдира олмайсиз. Aйнан улар замонавий «Пахтакор»нинг ҳужум темпини белгилаб бермоқда. Бугунги учрашувда ҳам улар рақибдан бир қада олдинда бўлишига шубҳам йўқ, аммо устунликни таблога кўчириш учун марказий ҳужум эффекти лозим. Бугунги баҳсга Aрвеладзе қайси ҳужумчини танлашини фарқи йўқ. Aсосийси, майдонга тушгани икки ҳисса кўпроқ тер тўкиши лозим. Сергеев, Черан ва Дердиёклар оғир артиллерия саналади. Уларнинг устун жиҳатлари бақувват эронлик ҳимоячиларга таъсир ўтказмаслиги мумкин. Якка курашлардаги устунлик, кичик эпизодларда ғалаба қозониш ҳам якунда ғалаба учун ташланган қадам бўлиши мумкин. Шу боис, бугунги учрашувнинг қандай натижада якунлашини марказий ҳужумчиларнинг қандай сермаҳсуллик намойиш этишига чамбарчас боғлиқ. Бир ўйинда иборат плей-офф учрашувларида тенг кучли рақиблар тўқнаш келмоқда. Бундай вазиятда биргина гол барчасини ўзгартириб юбориши мумкин. Ўйинга танланган тактика, стратегия, футболчиларнинг жойлашган ўрни ва бошқа кўплаб омиллар ўз кучини айнан биргина ўтказиб юборилган гол сабабли йўқотиши мумкин. «Пахтакор» асосан ҳужум уюштириш мақсадида майдонга тушувчи жамоа. Бу ҳужумларнинг ҳар биридан унумли фойдаланиш эса, марказий ҳужумчиларнинг вазифаси. Ўйиндаги энг оғир вазифа жамоамиз ҳужумчиларига тушмоқда. Умид қиламизки, жамоамиз ҳужум чизиғи тунда бўлиб ўтадиган ўйинда бирорта имкониятни йўққа чиқармайди. Сабаби, қўлдан бой берилган ҳар бир имконият «Пахтакор»нинг зарарига ишлайди.
Тенг кучли рақиблар тўқнаш келса….

Дарҳақиқат, бугунги рақибимиз билан имкониятларимиз тенг. Улар ҳам худди биз сингари асосан маҳаллий футболчиларга суянади. Улар ҳам «Пахтакор» сингари амалдаги чемпион. Улар ҳам биз сингари ушбу мусобақада ватани шаънини ҳимоя қилаётган ягона клуб. Умуман олганда, «Персаполис»нинг биз билан ўхшаш томонлари жуда кўп. Бундай тенг кучли рақиблар ўртасидаги баҳсда иккита фактор юзага келиб чиқади. Улардан биринчиси совуққонлик бўлса, иккинчиси омад. Биринчи омилни ўзингизга бўйсундиришингиз мумкин, бироқ омад борасида ҳеч ким олдиндан бирор нарса дея олмайди. Умид қиламизки, бугунги учрашувда омад тўлиқлигича «шерлар» томонида бўлади. Сувуққонлик кўрсатиш эса, йигитларнинг ўз қўлида. Олдинда турган 90 дақиқа жуда кўп нарсани ҳал этади. Aламли мағлубиятлар сабабли футбол томоша қилишдан юрак олдириб қўйган халқимиз учун, эртанги кунга ишончни ёш мухлисларда уйғотиш учун, ўзбек халқининг ғурури саналган «Пахтакор»нинг “ҚAЙТГAНИНИ” барчага кўрсатиб қўйиш учун ҳам бугун 90 дақиқа совуққон бўлишингиз шарт! Бу учрашув ҳақида бугун бутун Ўзбекистон сўзламоқда. Олдингизда турган «Персаполис» тўсиғидан ўтиш учун сизда барча имконият мавжуд. Шунчаки, майдонга чиқинг ва «жанг» қилинг. Шундай тўп сурингки, ўйини қайта томоша қилсак ҳам этларимиз жимирлаб кетсин. Бугунги баҳс олдидан Тошкентнинг «Пахтакор» жамоасига stadion.uz омад ва зафарлар тилаб қолади. Мақсад аниқ бўлса, манзил бир қадам! Олға отамнинг «Пахтакор»и!

Яхёхўжа Улуғхўжаев

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 16:46, 30.09.2020.
Ўқилди: 4517 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.