Ҳафталар бир-биридан қолишмаяпти. Ўтган ҳафтанинг уик-энди икки хил натижа улашганди. Шанба суперкамбэклар ошқомига айланган, якшанба “МанСити” ва “Бавария” клубларининг йирик ҳисобли мағлубияти...
Бу ҳафтанинг дам олиш кунлари ўтказиб юборди. Айниқса, якшанба оқшоми – бай-бай-бай.
Ҳаммасини “Лестер” бошлаб берди. “Тулкилар” "Этиҳад"да йирик ҳисобда енгиб, “Вест Ҳэм”дан қақшатқич зарба қабул қилишди. Ҳа, буни-да изоҳлаш мумкиндир: Роджерс жамоаси иккинчи жамоа бўлиб зўр ўйнайди, ўртамиёналар билан доим қийналади, деб. Қўшиламиз.
Сўнг "МЮ" “Олд Траффорд”да қаторасига иккинчи марта ютқазди. Ютқазгандаям 1:6 ҳисобида. Тағин Маурга, собиқ мураббийига.
Ҳа, бу мағлубиятни ҳам Тэйлорнинг анча шубҳали қизил карточкасидан кейинги вазиятлар деб изоҳлаш мумкин. Мумкин.
Бироқ “Ливерпуль” клубининг “Астон Вилла”дан 2:7 ҳисобида зарба қабул қилишини тушунтириб бера олмаймиз. Таркиб тўлиқ, кубокдаги 0:5нинг сабабини келтирай десангиз, охиригача 11га 11 ўйнади жамоалар. Бирмингемликлар бундан олдинги икки ўйинда икки ғалабага эришгани ва ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлаганини сабаб ўлароқ келтирамизми? Жуда тушмаяпти-да.
“Барселона” ҳам очко йўқотди. Тўғри, шармандали натижа эмас, аммо “Севилья” “Камп Ноу”да 2011 йилдан бери фақат ютқазиб келар экан, қора анъанани бузиш ҳам яхши натижа аслида, сизга айтсам.
Мана шунча воқеаларни кўрган “Ювентус” бугунги учрашувга “Наполи” келмаганидан хурсанд бўлгандир, а?! Ахир, бу оқшом уларга ҳам сюрприз тайёрлаб қўйилган бўлса-чи... “Наполи” қанча гол ураётганидан хабари борку туринликларни.
Майли, буниси сал ҳазил эди. Лекин жиддий гап шуки, мухлисларнинг тинимсиз телеканалимиз тармоқларига ёзишлари хусусидаги мулоҳаза.
“Арсенал” ишқибозлари Италия А сериясининг марказий ўйини ўрнига жамоалари иштирокидаги учрашувни қўйишни сўраб тиндирмаган бўлишса, “Ливерпуль” мухлислари Туриндаги ўйин бўлмаслигини роса исташди. Шундагина Бирмингемдаги учрашув эфир орқали намойиш этиларди.
Хўш, мана кўрсатилди ҳам. Бу ўйинни кўргандан “Ювентус” – “Наполи”ни томоша қилиш минг чандон афзал эди-ку уларга. Одамзод келажакни билмаслигига яхши далил бу.
Ижтимоий тармоқларимиз остидаги изоҳларни ўқиб, очиғи роса кулиб олдим. Кимдир шармандали мағлубиятга учраса, уларни мағлуб этганларга қўшилиб бошқалар кулиб ётибди. Бу одат қаёқдан чиққанини билмадиму, сезишимча, кўпчиликда бу олдинги аламларни олишга бўлган истак.
Бир-бирини катта ҳисобларда енгган даврларини, бир-биридан учралган мағлубиятларни чунонам хотирлашди саҳифаларимизда, очиғи, бу қадар ичга олиб юришларини билмаган эканмиз. Айниқса, “МанСити” мухлислари хурсандлиги ёқди: “Лестер”га бой берилган ўйинимиз норм эканку, деб:)
Ҳа, пандемия даври инсоният аслида тенг эканлигини, бою камбағални касаллик танлаб ўтирмаслигини кўрсатгани каби футболда ҳам жамоаларни бир-бирига ёндош қилиб қўйди. Ҳеч ким катта кетмаслиги, катта кетиши биланоқ кейинги ҳафта жойига тушириб қўйишлари мумкинлигига ишоралар берди, бермоқда.
Ушбуни ёзиб бўлиб, кулиб турган Карло Анчелоттини ёдга олдим. Турнир жадвалини бошқараётган клуб уники, у жим кузатяпти бу оломонни. Кейинги турда 2:7 ҳисобида мағлуб бўлган клуб билан дербиси бор, хотиржамлик режимини ёқиб олган. Одам деган шундай бўлса-да!
Кейинги ҳафта дам олиш кунлари янада қўрқинчли кечиши керак, режа бўйича, кутамиз.
Ажойиб уик-эндлар билан, футбол ишқибозлари!
Хайрулла ҲАМИДОВ.