Суперлига 19-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Металлург” (1:1) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида “Металлург” бош мураббийи Андрей Шипилов иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди. Қуйида унинг фикрларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Менимча, бугунги учрашувда ҳар икки жамоа аъзолари ҳам ўз имкониятлари даражасида ўйин намойиш эта олишмади. Албатта, бу менинг шахсий фикрим.
Учрашувнинг қийин кечганлигига ўзинглар гувоҳ бўлдинглар. Ўйин давомида футболчилар кўплаб хатоларга йўл қўйишди, тўпни ўз жамоадошларига аниқ етказиб бера олишмади, бир сўз билан айтганда, “браклар” кўп бўлди. Балки бунинг ўзига яраша сабаблари бордир.
Ўз жамоамиз борасида шуни таъкидламоқчиманки, ўйин жуда қийин кечди. Нафақат, “Навбаҳор”га қарши кечган баҳс,балки барча учрашувлар оғир ўтмоқда. Нимаям дердим, 9 кун ичида 3 та ўйин ўтказамиз. Кейинги учрашув ўз майдонимизда бўлиб ўтади. Жорий мавсум якунланишига 7 та тур қолди. Қайси жамоа қолган учрашувларни муваффақиятли тарзда ўтказса, омад кулиб боқса, мавсум якунида турнир жадвалининг юқори қисмидан ўрин олиши мумкин.
“Навбаҳор” ўз олдига юксак мақсадларни қўядиган клуб.
Жамоамиз ҳам жорий мавсумда дастлабки бешталикдан ўрин олишга ҳаракат қилади.
Бугунги учрашув ҳисоби ҳаққоний бўлди, деб ҳисоблайман.
Наманганга “Металлург” устози сифатида учинчи марта ташриф буюряпман ва доимо менга шогирдларингиз нега майдонга ётволиб, вақтни чўзишга ҳаракат қилишади, деб савол беришади.
Статистикага назар ташласангиз, Наманганда бўлиб ўтган олдинги 2 та ўйинда 0:0 ҳисоби қайд этилган ҳамда бугунги ўйин 1:1 ҳисобида якунланди.
Мен ҳеч қачон йигитларга бундай кўрсатма бермайман. Ўзим ҳам бир пайтлари футбол ўйнаганман ҳамда футболчилик давримда ҳам атайлаб вақтни чўзишга ҳаракат қилмаганман. Бу менга ярашмайди ва менинг табиатим буни кўтармайди. “Металлург”нинг хоҳлаган футболчисидан сўранг, мен умуман вақтни чўзиш борасида кўрсатма бермайман ва бермаганман ҳам.
Фақат бунинг ўзига яраша объектив ҳамда субъектив сабаблари бор. Футболчилар айни пайтда ўйинга тўлиқ тайёр эмаслар.
“Навбаҳор” ҳам Намангандаги ажойиб майдонда 22 дақиқа мобайнида жуда яхши ўйин намойиш этди. Аммо ундан кейин шундай руҳда давом эта олмади. Демак, мезбонларда ҳам бу борада қандайдир камчиликлар бор, тўғрими?
Такрорлайман, мен ҳеч қачон шогирдларимга вақтни атайлаб чўзиш борасида кўрсатма бермайман.
Суперлигамизда юзага келган танаффус ҳам футболчиларга салбий таъсир кўрсатган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
“Металлург” миллий чемпионатимиз доирасида Наманганда ўтказилган 24 та ўйиндан бор-йўғи биттасида ғалаба қозонган экан, демак, бу “Навбаҳор”нинг кучлилигидан далолат. Жамоа Ўзбекистон чемпиони бўлган, Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этган. “Навбаҳор”да бир пайтлари юлдуз футболчилар ўйнашган.
Бугунги ўйинда “Навбаҳор”дан Иван Соловьёв, жамоамиздан эса Камолиддин Тожиев яхши ўйин намойиш этишди.