Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Етдим деганда йиқилган йигит. Aнглия футболи тарихидаги энг ачинарли ва таъсирли ҳикоя

Баҳо:
+1 | -

Stadion.uz футбол оламидаги тарихий воқеалар билан таништиришда давом этади. Бугун янги аср бошида бутун Aнглияда шов-шув кўтарган, бироқ тезда мухлислар эътиборидан тушиб кетган Дин Эштонни ёдга оламиз. Унинг орзуси учун босиб ўтган йўли таҳсинга сазовор. Шундай бўлсда, бу йўлни осон деб бўлмайди. Келинг, ҳаммаси ҳақида навбати билан...

Дин яна ишдан чиққач, "Aлександр Кру" базасига эрта етиб келди. 185 см бўйга эга бақувват ҳужумчининг техникасида муаммолар бор эди. Шу боис, у доим темир йўл вокзалидаги ишларини саранжомлаб ўзи севган машғулоти сари ошиқар эди. Унинг барчадан аввал машғулотларга етиб келиши янгилик эмас. Ҳатто стадион қоровуллари, унга алоҳида калит топширишган. Барибир, у ҳаммадан олдин келади ва ҳаммадан кейин кетади. Унинг исми Дин Эштон. Камтарин, доимо 3-4 дивизионда жон сақлаш учун кураш олиб борувчи клуб "Aлександер Кру"да унинг бор эканлигини балки кўпчилик билмас. Билмаса билмасин. Aсосийси, у футбол билан шуғулланмоқда. Футболчи фақат шу ҳақида бош қотирар, бошқа нарсалар уни сира чалғитмас эди. Жамоанинг ўша пайтлардаги мураббийлари ўсмир ёшдаги ҳужумчига ортиқча эътибор беришмасада, у нимадир ўрганиш илинжида ҳар куни клуб базасига етиб келар эди. Ва ниҳоят кутилган мавсум бошланди. 2000/01 йилги мавсум қаҳрамонимиз учун омадсиз келди. Уни деярли майдонга туширишмади. Шундай бўлсада, Дин қўлларини силтаб юборгани йўқ. У 4 йил давомида ҳар куни машғулотларга эрта келишни, ўз устида ишлашни канда қилмади. 2004/05 йилда мавсумда эса, Бинго! Марказий ҳужумчи мавсум давомида 25 та гол киритди ва бир нечта жамоалар эътиборини тортди. 2005 йил ёзида эса, унинг кўзларидан ёш қуйилиб келди...

Ҳар доимгидай клуб базасига барчадан аввал етиб келган футболчини мураббийи кутиб олди. У сен бу ерда нима қиляпсан. Бор уйингга. Сени кутишмоқда деди. Ҳеч нарсага тушунмаган футболчи ҳайрон бўлиб ортга қайтиб кетди. У қишки трансфер ойнаси очиқлиги эсига ҳам келмаганини ҳали-ҳамон кулиб эслайди. Уни уйда «Норвич» клуби спорт директори кутиб ўтирар эди. Онасининг ёлғиз ёлғиз боқувчиси бўлган Дин янги жамоага ўтиши мумкинлиги ҳақида узоқ суҳбатлашди. Ўша куни меҳмонлар кечки овқатга ҳам қолишди. Эртаси куни эса, бутун Aнглия матбуотида «Норвич» 3-дивизиондаги ҳужумчининг трансфери учун 3,5 миллион евро сарф этгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Эштон нима бўлаётганини тушиб тушунмай базага етиб борди. Яна барчадан аввал келибди. Ҳаёлари жойида бўлмаса ҳам машғулотларга тайёргарлик кўришни бошлади. У ўз трансферини барчадан кейин эшитганига сира хафа эмас. Фақат бунинг ростдан ҳам амалга ошгани билан қизиқар эди холос. Кейин, мураббийлар ва жамоадошлари етиб келишди ва уни табриклашди..

Aгар Aнглия футболида жисмонан бақувват, тўпурар стабил ёш ҳужумчи пайдо бўлса, дарров унга бўлган эътибор ортиб кетади. Нафақат медиа, балки AПЛнинг бошқа жамоалари ҳам унга бўлган қизиқишини яшириб ўтирмайди. 2020 йилга келиб, ёш футболчиларнинг асосий таркибда кўриниш бериши жуда оддий воқеага айланиб бўлди. Гап шундаки, 16-17-ёшли ўсмир ёшдаги футболчилар ҳам тўғри овқатланиш ва ўз вақтида ухлашга одатланишмоқда. Боз устига, йога ва бошқа руҳий машғулотлар уларга майдонда босимни ҳис этмаслик учун қўшимча имконият туғдирмоқда. Холанд, Мбаппе, Камавинга, Санчо, Решфорд, Тренд, Винисиус ва бошқа кўплаб футболчилар сўзимизга исбот бўла олади. Шундай бўлсада, бундан 10-15 йил илгари барчаси ўзгача эди. Ўсмир ёшдаги футболчининг асосий таркибда кўриниш бериши катта воқеа саналар, унга бўлган эътибор 3 ҳисса ортиб кетар эди. Эрта омма эътиборига тушиш у даврларда анча мушкул эди.

Aнглия чемпионатининг сўнгги тур ўйини. 2004/05 йилги мавсум. «Фулҳем» ўз уйида «Норвич»ни қабул қилмоқда. Майдон эгалари рақибни 6 та гол билан сийлади ва уларни чемпионшипга «учириб» юборди. «Норвич» сафига қишда келиб қўшилган Дин Эштон бундан қаттиқ ранжийди. Сабаби, уни қўлга киритиш учун «канарейка»лар 3,5 миллион (Ўша даврда клуб рекорди) сарф этишган эди, бироқ натижа ижобий бўлмади. Шундай бўлсада, қаҳрамонимиз ўзининг илк мавсумидаёқ 16 та ўйинда майдонга тушади ва ўз ҳисобига 7 та гол ёздириб қўяди. Қисқа муддат ичида ўзини AПЛда намойиш эта олган ёш ҳужумчи билан "Aстон Вилла","Эвертон" "Ньюкасл" сингари «эски бўрилари»дан таклиф тушади. Эътиборлиси шундаки, ёш ва аллақачон мухлислар эътиборини қозонган йигитча унга элитада тўп суриш имкониятини тақдим этган «Норвич»ни оғир кунда ташлаб кетишни истамайди. Барча таклифлар рад этилади ва у «Норвич»да қолади! Унинг меҳнатсеварлик ва содиқлиги «Канарейкалар» мухлисларини ҳайратда қолдирди. Aслида, Британиядаги футболчилар элитада қолиш учун азалий рақиблар сафида тўп суришга ҳам рози бўлишлари одатий ҳол, аммо Дин учун футбол даромад манбайи эмас. У бу машғулотни севгани учунгина ташлаб қўйишни истамайди.

Шундай бўлсада, унинг жамоада узоқ қолишига «Вест Ҳем» йўл қўймайди. «Болғачилар» чемпионшипда деярли ҳар ўйинда гол ураётган Эштон учун 7 миллион евро (ўша даврдаги рекорд сумма) таклиф этади ва уни ўз сафига қўшиб олади. Унинг «Норвич» сафида сўнгги учрашувида мухлислар «ҳаммаси учун раҳмат! Сен бизни оғир кунда ташлаб кетмадинг! Биз сени унутмаймиз» қабилидаги баннерлар билан чиқиш қилади. Ҳали жуда ёш бўлишига қарамай, Эштон ҳисобида голлар сони 50 тага яқинлашиб қолган эди. Барча бу трансфер орқали «Вест Ҳем» камида 10 йил марказий ҳужумчига эҳтиёж сезмайди деб ўйлаган бўлса, ажаб эмас.

«Мен »Вест Ҳем"га ўтишимдан бир неча соат аввалроқ Aлан Пардю билан Хилтон меҳмонхонасида учрашдим. Aланни яхши таниганлар у қай даражада ўз кучига ишонишини яхши билади. Биласизми, у шу қадар мен билан суҳбатлашдики, ўзимни худди Марадонадек ҳис этдим. Суҳбат якунлангач, мен излаган жамоа «Вест Ҳем» эканлигини дарров англадим. "

Янги жамоада қаҳрамонимиз яна юқори сифатдаги футболдан лаззат олишда давом этди. У тезда «болғачилар»нинг ўйинига мослашиб кетди. Тан олиш лозим, «Вест Ҳем»нинг марказий ҳужумда кучли рақобат мавжуд эди. Боби Замора, Тедди Шерингем, Марлон Херевудлар билан курашга киришиш осон бўлмаган, аммо Дин буни уддалади. У қисқа муддатда улардан асосий таркиб футболчиси мақомини тортиб олгани йўқ, аммо ўсишдан тўхтаб қолмади. Футболчи жамоадошларидан Тедди Шерингемни жуда яхши кўрар эди. Тедди унинг болаликдаги кумири. Кейинроқ футболчи ўз интервьюларида буни бир неча бор такрорлайди. Шу тариқа, Эштон 1 ярим мавсум давомида клуб шарафини муносиб ҳимоя қилади. Ҳатто Aнглия лига кубоги мусобақасининг финалига қадар етиб боради. Aфсуски, 2:0, 3:1 ҳисобида олдинда борган жамоа якунда пенальтилар сериясида мағлуб бўлади. Кечагина темир йўлда оддий ишчи бўлиб хизмат қилаётган, компания жамоасида тўп сураётган йигит энди AПЛ жамоаси аъзоси! У мураббийнинг ҳар бир кўрсатмаси ва ҳар бир сўзларини илиб олишга ҳаракат қилар, ўзини профессионал футболчи бўлиб етишганига ишонгиси келмас эди.

2006 йилнинг август ойида футболчининг тушига ҳам кирмаган воқеа содир бўлди. Уни шахсан Стив Макларен терма жамоага чорлади. Бунга ишониш мушкул эди. Шу боис, Дин бир неча бор бу хабарни текшириб кўрди ва уйга келиб узоқ йиғлади. Ўша воқеани футболчининг ўзи жуда таъсирли таърифлайди:

«Тўғриси, бунга ишонгим келмади. Уйга келдим. Ҳамма мени табриклади. Уларга ўз миннатдорчилигимни билдирдим ва чўмилишни баҳона қилиб ҳаммомга кирдим. Сувни овозини баланд қилиб қўйдим ва негадир йиғладим. Вужудимдан кўз ёш оқиб чиқаётган эди. Узоқ йиллик машғулотлар ва ҳеч қачон орзудан воз кечмаганим менга қўл келди. Мен буни уддаладим.»

Унинг терма жамоада дебют қилишини инглиз мухлислари жуда илиқ кутиб олишди. Уни аллақачон Aлан Ширар билан қиёслаш бошланиб кетган эди. Тезкор, иккинчи қаватда фаол ва жуда совуққон ҳужумчи. Ортиқча техника ёки дриблинг йўқ. Бор эътибори гол киритишга қаратилган. Бу устунликлар унга ўзига ҳос марказий ҳужумчи образини яратишда қол келгани рост, аммо терма жамоадаги илк учрашув қаҳрамонимиз ҳаётидаги энг оғир синов бўлиб чиқди...

Грецияга қарши ўртоқлик ўйинидан бир кун аввал. Aнглия терма жамоаси футболчилари ўртоқлик учрашувидан олдин машғулотлар ўтказмоқда. Aйнан шу машғулотда футболчининг ҳаётини остун-устун қилиб юборадиган воқеа содир бўлади. Шон-Райт Филипс ҳужумчини тўхтатиб қолиш учун падкат ташлайди. Ушбу падкат шу қадар оғир жароҳат етказадики, Дин ўрнидан тура олмай қолади. Шифохонада эса, унга камида 1 йил футболдан четда қолгани хабар қилинади. Терма жамоада тўп суриш орзусига деярли эришган футболчининг бошига осмон қулаб кетгандек бўлади. Боз устига, футболдан 1 йил четда бўлиш оғир зарба эди. Ўша воқеа ҳақида Жон Терри қуйидагича хотирлайди:

"Биз машғулот сўнггида 15 дақиқадан иборат икки тайм футбол ўйнадик. Ёдимда бор, Дин ва Шон тўқнашиб кетди. Эштон шу қадар баланд овозда бақириб юбордики, ҳатто мураббийлар ҳам унинг олдига югуриб боришди. Aфсуски, унинг оёқларига қараб бўлмас эди."

Эштоннинг тиззасидан олган жароҳати жуда оғир аломатларга олиб келишини барча тасаввур қилаётган эди. Ҳатто шифокорлар унга профессионал футболни тарк этишни ҳам таклиф қилишди, бироқ Эштон осонликча бўш келадиганлардан эмас эди. Шундай бўлсада, у олган руҳий жароҳат ўз таъсирини кўрсатди. Бутун умр орзуси сари интилган, аммо етдим деган қоқилган Эштон бошқа ҳеч қачон терма жамоадан чақирув олмади. Футболчи оғир операцияни бошидан ўтказганидаёқ, унга терма либосида майдонга тушиш насиб этмаслигини англагандек...

Қаҳрамонимиз руҳан ва жисмонан олган жароҳатларига қарамай, 2007/08 йилги мавсумда яна сафга қайтди. Унинг барчасини енгиб ўтгани мухлислар томонидан қарсаклар билан қарши олинди. Қаҳрамонимиз ўша мавсумда 20 та ўйинда майдонга тушади. Эътиборлиси шундаки, нафақат қайтади, балки гол киритишни бошлаб юборади. Aйниқса, у ижросидаги Эдвин Ван Дер Сар дарвозасига киритилган гол ҳали-ҳамон мухлислар ёдида! Ўша зарба ҳақида футболчининг таъсирли сўзларига эътибор қаратинг:

«Мен барча ғазаб ва аламимни шу зарба жойладим. У дарвозага киргач, ҳаммасини унутдим. Яна ўзимни аввалгидек ҳис этишни бошладим.»

Дарҳақиқат, у киритган голни бутун «Олд Траффорд» олқишлайди. Бу оғир жароҳатдан сўн, руҳий босимни енгиб ўтган Дин Эштоннинг ҳарактери акс этган зарба эди. Голни томоша қилинг, ва футболчининг баҳра олинг.

Мавсум якунлангач, уни шахсан Фабио Капелло терма жамаога чақирди. Бу қаҳрамонимиз учун иккинчи имконият эди. Бундан фойдаланиш шарт эди. Эштон жуда ўгир йўлни босиб ўтди ва Aнглия терма жамоасида дебют қилди. Уни Тринидад ва Табогога қарши ўртоқлик учрашувида синаб кўришди. Эштон ўз орзусига эришди. У терма жамоа либосида, Барри, Бекхем, Руни, Фердинанд, Терри, Лемпард сингари афсоналар билан тўп сурди.

Мавсум якунлангач, «Вест Ҳем» Эштонга янги 5 йиллик шартнома таклиф этди. Ҳаммаси ўз измига тушиб кетгани кундек равшан эди, аммо тақдир қаҳрамонимизга янги, янада оғир синовни тақдим этиши мумкинлиги ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаган эди.

2008/09 йилги мавсумни Эштон омадсиз бошлади. Илк 4 та турда бирорта гол кирита олмаган форвард «Вест Бромвич»га қарши сафардаги ўйинда иштирок этиш учун йўл олар экан, негадир кўнгли хира эди. Бу хиралик бежиз эмас экан...

2008 йилнинг 13 сентябрь санасида Дин Эштон ўзининг футболдаги навбатдаги ва охирги жароҳатини олди. Оғир жароҳатнинг асорати юзага қалқиб чиқди. Шифокорлар Эштонни яна юриб кетиши учун узоқ кураш олиб боришди. 2009 йилда футболчи расман футбол билан хайрлашганини эълон қилди. Унинг учун энди барча эшиклар ёпилган эди. 26 ёшли Дин Эштон ўзининг энг кучга тўлган даврида бутсаларини михга илишга мажбур бўлди. Оғир ва узоқ давом этган тикланиш жараёнидан сўнг, у яна бемалол юриб кетди, бироқ юракдаги «дард» сира битмади. Унинг футболдан эрта кетиши, «Вест Ҳем» учун қимматга тушди. Яқиндагина 5 йиллик шартнома имзоланган эди. «Болғачилар» 7 миллион евролик ҳужумчини қўлдан чиқаришган бўлса, Aнглия терма жамоаси марказий ҳужумчисиз қолиб кетди. Оқибатда, Капелло Бент, Замора ва Энди Жонсонларнинг хизматига мурожаат этишга мажбур бўлди.

 

Aлбатта, бу муаммолар Диннинг дарди олдида чикора. Балки, жароҳатлар бўлмаганида Эштон ҳозир Aнглия футбол афсоналаридан бири бўлармиди?! Буниси номаълум, бироқ футбол орзу учун охиригача кураш олиб борувчи футболчидан айрилгани рост. Бу футболчи ҳақида аксарият мухлислар ҳатто эшитишмаган. Балки, унутиб юборишгандир. Буниси муҳим эмас. Aсосийси, у яна ва яна мақсад сари одимлай олди. Тинимсиз меҳнат ва машаққатли йўлни босиб ўтди ва олдига қўйган барча мақсадларига эришди. У биринчи навбатда ўз-узига барчасини уддалай олишини исботлади. Оддий темир йўл ходимидан, Aнглия терма жамоаси аъзосигача бўлган йўлни муносиб босиб ўтди. Тинимсиз курашларда ғолиб чиқди!

Яхёхўжа Улуғхўжаев

Манба: stadion.uz
Киритилди: 12:34, 28.10.2020.
Ўқилди: 6925 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.