Якунига етган ҳафта давомида футбол оламидаги машҳур шахслар томонидан янграган диққатга сазовор иқтибосларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Вивиан Миадема
Бундан бир йил муқаддам мен GOAT (барча даврларнинг энг яхши ўйинчиси) нима эканлигини ҳатто, тушунмасдим ҳам. Унинг завқини татиб кўриш учун унга яраша меҳнат қилиш кераклигини билиб турардим. Уни ўйлаганда биринчи галда хаёлимда эчки гавдаланарди ва бу ҳайвонни мен унчалик хушламас эдим. Токи энг яхшилар қаторида тилга олинмагунимча мендан шундай ҳислар ўтган эди. Лекин ҳозир ҳаммаси бошқача. Бу менга завқ бағишламоқда.
(Маълумот учун, Вивиан Миадема 19/20 йилги мавсумда йилнинг энг яхши аёл футболчиси деб топилган. У "Арсенал W" клуби таркибида ўтган йили юқори натижаларни қўлга киритди).
Меган Рапино
Мен қанча вақт талаб этилишидан қатъи назар ҳамиша майдон сари интилганман. У ерда кўпроқ қолишни хоҳлайман. Муҳими, формадан чиқиб кетмаслик. Бир кун келиб нафақага чиқишимни ўйласам, этим жунжикиб кетади. Кейинги даврларимда ҳаётимдан афсусланмаслик учун кўпроқ совринлар ютишим керак. Мен Олимпия ўйинларида иштирок этишни хоҳлайман. Ундан сўнг эса жаҳон чемпионати.. Австралия ва Янги Зелландияда бўлиб ўтадиган мундиал жамоамиз учун катта синов. Биз ўтган йилги натижамизни у ерда ҳам такрорлашимизга ишонаман.
(Маълумот учун, Рапино ўтган йили бўлиб ўтган аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг ғолиби саналади).
Тино Кадевере
"Мен Рон дербисида гол уришни ўзимга ният қилиб юрардим. Амалда ҳам бу ишни истаганимдек уддалашга эришдим. "Сент- Этьен" билан бизнинг ўзаро ҳисоб-китобларимиз бор. Дербида ўйнаш сенга ўзгача куч беради. Урган бу икки голимни узоқ вақт ёддан чиқармайман".
Питер Крауч (Ҳарри Кейн ҳақида)
"Кейн нафақат кучли голеадор, балки уни тезкор ихтирочи десангиз ҳам янглишмайсиз. Шубҳасиз, у вазиятни олдиндан кўра билувчи талант. Кейнда иккита топ фурболчининг кучи ва салоҳияти жам бўлган. Мендан унга нисбатан ишлатадиган энг яхши таърифимни сўрасалар, мен унинг 25 ярд узоқликдан йўллаган зарбаларини мисол қилиб келтирган бўлардим".
Йоахим Лёв (Гётце ҳақида)
"Мен Гётце ҳақида унинг аввалги маҳорати кетибди деган гап-сўзларга сира ҳам ишонмайман. Чунки ҳақиқий маҳорат изи футболчини ҳеч қачон тарк этмайди. Кўриб турибман, у ҳалиям 4-5 йил олдинги тезлигини йўқотмаган. Марио иккала оёқда ҳам бирдек ҳаркат қила оладиган кам сонли футболчилардан бири. Қачондир балки, уни терма жамоа йиғинига чақиришим ҳам мумкин. Мени қувонтирган томони, у "ПСВ"га бориши биланоқ аввалги стабил формасига тезда тушиб олди. Буёғи энди унинг ўзига боғлиқ".
Жоржиньо Вейналдум (Ван Дейк ҳақида)
Айни дамда клубимиз устига ёғилган ташвишлар барчамизни бирдек ўйлантирмоқда. Руҳий томонлама нокаут ҳолатидамиз. Лекин Виржил ҳаммадан ҳам кўпроқ азоб чекаётган бўлса керак. Мен фақатгина унинг соғлигини назарда тутмаяпман, у умумжамоа вазиятидан хавотирда. Менимча, ҳаёти давомидаги энг оғир дамларни бошидан ўтказмоқда. Имкониятинг бўла туриб ҳам жамоангга ёрдам беролмаслигинг бу ҳар бир спортчи учун дўзахдек гап. Барчамиз унинг имкон қадар тезроқ сафга қайтишига умидвормиз".
Карло Анчелотти (Златан ҳақида)
Ибра Америкага кетганида мен уни энди бўлди, фаолиятини тугатса керак деб ўйлагандим. Лекин у сира ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Голлар уришда давом этди. Кейин у ўз кучига ишонишини кўрсатган ҳолда Италияга йўл олишга қарор қилди. Бу сафар ҳам мен энди хотима ясалса керак деб ўйлагандим. Лекин барчангиз кўриб турибсиз - у голлар уришдан бир лаҳза бўлса-да тўхтаб қолгани йўқ. Златан ҳақиқий қотил, худди Роналду каби. Иккиси бир-бирини топгандек. Майдонда шунчаки ўйнаш осон, лекин кетма-кет голлар уриб, жамоасига энг керакли паллаларда ёрдам бериш алоҳида мушкилот. Златаннинг ўйин услуби ва олдига қўйган мақсадларини илғаб олиш учун олим бўлиш шарт эмас.
Томас Парти (Ганалик футболчилар ҳақида)
Мен Ганада туғилганимдан фахрланаман. Бу ерда мен ҳавас қилиб катта бўлган етук ва кучли футболчилар бисёр. Улардан бири - бу Майкл Эссиен. У менинг болаликдан тортиб ҳозиргача ҳам кумирим бўлиб келган. Эссиеннинг "Челси" ва миллий жамоа сафидаги ўйинларини барча юқори баҳолайди. Шунингдек, Салли Мунтари, ака-ука Айюлар буларнинг барчасини ўз клуби учун сингган хизматлари улкан. Бу футболчилар шубҳасиз, қитъамизнинг юзи ҳисобланади.
Тобин Хит ("МЮ W"клуби аъзоси)
Бизга ёшлигимиздан Манчестер шаҳрида фақатгина бир жамоа бор дея ўргатиб келишган. Кўп йиллардан бери клуб тарихи деярли ёд ҳам бўлиб кетган. Раҳбарият бизга "Ман Сити"нинг ўйинларига кирмасликни уқтиришарди. Лекин менимча бу хато ёндашув. Барча бир-бирига ўзаро ҳурматни сақлаб яшагани маъқул. Айниқса, Америкада "Сити"нинг ишқибозлари кўп ва улар "Этиҳад" эгаларини сайёрамизнинг энг кучлилари қаторида кўришади. Мен ҳам бунга қўшилган бўлар эдим. Мен ҳозир "Юнайтед"даман. Лекин, "Сити" футболчиларига ҳеч қачон ўзимиздан паст назарда қарамаганман".
Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади