Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти Умид Аҳмаджонов Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб, БАА футбол ассоциацияси президенти ва Ажман шаҳри мэри Рашид бин Ҳумаид Ал-Нуаймий билан учрашди.
Аҳмаджоновга Осиё Олимпия Кенгашининг халқаро алоқалар қўмитаси аъзоси ва Кураш халқаро ассоциацияси вице-президенти Зиёвиддин Хожиниязов ҳамроҳлик қилди.
Учрашув давомида томонлар БАА футбол ассоциацияси ва БААФА билан узоқ йиллик дўстлик муносабатларига эга бўлган Умид Аҳмаджонов ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Аҳмаджонов учрашувда БАА футбол ассоциацияси фаолияти нафақат БААда, балки Осиё ва дунёда футболни ривожлантиришга қаратилганини таъкидлади.
Музокаралар чоғида Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан тўрт йил аввал бошланган ошкоралик сиёсати ва кенг кўламли ислоҳотлар сабаб Янги Ўзбекистон барча соҳаларда, жумладан, спорт ва футболда жадал ривожланиб бораётганини қайд этди.
Шунингдек, Аҳмаджонов Осиё Олимпия Кенгаши шайх Аҳмад ал-Фаҳад ас-Сабоҳ бошчилигида коронавирус пандемияси оқибатларини муаммосиз бартараф этиш учун бутун Осиё бўйлаб спорт ҳаракатини ва унинг аъзоларини қўллаб-қувватлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганини қўшимча қилди.
Томонлар ўзларини қизиқтирган бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилиб ва самарали ҳамкорликнинг давом этишига умид билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Умид Аҳмаджонов 2019 йилнинг март ойида Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти лавозимига сайланганди.