Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Денис Тойменцов: «Мақсадимиз – «Навбаҳор»нинг асосий таркибига иқтидорли футболчиларни етказиб бериш»

Баҳо:
+ | -

“Навбаҳор U-21” ёшлар жамоаси U-21 Биринчилигида муваффақиятли иштирок этяпти ва айни пайтда ушбу мусобақанинг 22-туридан сўнг 11 ғалаба, 5 дуранг ҳамда 5 та мағлубиятни қайд этиб, 38 очко тўплаган ҳолда, турнир жадвалида 4-поғонани эгаллаб турибди.

Албатта, ёшлар жамоамизнинг мазкур зафарида мураббийлар штаби, жумладан, Денис Тойменцовнинг муносиб ҳиссаси бор. Ушбу маҳоратли мураббийни мухлисларга яхшироқ таништириш мақсадида, Денис Тойменцовдан интервью олдик.  

– Денис, суҳбатимизни U-21 Биринчилигининг жорий мавсум баҳслари борасидаги  фикрларингиз билан бошласак. Бу йилги мусобақа қандай ўтяпти?

- Бу йилги U-21 Биринчилиги жуда кучли ва қизиқарли тарзда кечяпти. Жамоамиз ҳам мазкур чемпионатда муносиб иштирок этишга ҳаракат қилмоқда.

Шу йилнинг бошида клуб раҳбарияти, жумладан, ака-ука Отабек ва Ойбек Саматовларнинг ташаббуси ҳамда саъй-ҳаракатлари билан маҳоратли ёш мураббий Шерзод Жўраев билан биргаликда “Навбаҳор – U-21”нинг бу йилги ўйинлари олдидан ёшлар жамоамизда ўйнаш учун вилоятимиздаги кўплаб футболчиларни кўрикдан ўтказдик ҳамда уларнинг ичидан энг иқтидорли ва маҳоратлиларини танлаб олдик.

Бу эса ўз мевасини беряпти ва айни пайтда ёшлар жамоамиз U-21 Биринчилигининг турнир жадвалида 4-поғонани эгаллаб турибди.

Таъкидлаш жоизки, жорий мавсумда жамоамиз ҳали ўз майдонида ҳеч қайси жамоага имкониятни бой бермади. Аксинча, Намангандаги баҳсларда U-21 Биринчилигининг кучли жамоалари бўлган “Пахтакор” (14-тур, 2:0) ҳамда “Насаф” (17-тур, 3:2) клубларининг ёшлар жамоаларини мағлубиятга учратишга муваффақ бўлдик.

Шунингдек, бу йил U-21 ёшлар жамоамиздаги бир қатор футболчилар, жумладан, Ҳусайн Эргашбоев, Шерзод Ғуломжонов, Достон Абдулҳаев ҳамда Мирзоҳид Мирзамаҳмудов “Навбаҳор”нинг асосий таркибида ўз дебютларини нишонлашга муваффақ бўлишди ва айни пайтда асосий таркиб футболчилари билан машғулотларда иштирок этишмоқда.

Бундан ташқари, ёшлар жамоамиз дарвозабонлари - Исломжон Абдуллахонов ҳамда Улуғбек Эгамбердиев, ярим ҳимоячи – Жамолиддин Баҳромов ҳам асосий таркиб аъзолари билан машғулотлар ўтказишмоқда.

Ўз навбатида таъкидлаш жоизки, бир қатор шогирдларим, жумладан, Исломжон Абдуллахонов, Содиқжон Ортиқов ва Улуғбек Акназаров Тимур Кападзе мураббийлик қилаётган Ўзбекистон – U-19 ёшлар терма жамоасига номзод ҳисобланишади.

Акназаров ушбу терма жамоанинг сўнгги ўқув-машғулот йиғинлари, жумладан, Тожикистондаги йиғинида ҳам иштирок этди.

Мақсадимиз – “Навбаҳор”нинг асосий таркибига иқтидорли футболчиларни етказиб бериш ҳамда буни амалга ошириш учун жамоамиз мураббийлар штаби билан биргаликда қўлимиздан келганича ҳаракат қиляпмиз.

Ўз навбатида таъкидлаш жоизки, “Навбаҳор – U-21” ёшлар жамоасида олдин маҳоратли ёш мураббий Шерзод Жўраев билан бирга фаолият олиб боргандим. Кейинчалик Жўраев “Навбаҳор”нинг асосий таркиби мураббийлар штабидан жой олди. Ҳозир ҳам Шерзод ака менга ўз маслаҳатларини бериб турибди.

Шунингдек, айни пайтда ёшлар жамоамизнинг мураббийлар штабида  бир пайтлари ўзимга устозлик қилган мураббий Равиль Галеев ҳамда “Навбаҳор”нинг собиқ футболчиси, стандарт вазиятларни ажойиб тарзда амалга оширган, ёш мураббий Алишер Маҳмудов билан бирга фаолият юритяпман.

Алишер ака машғулотларда жамоамиз футболчиларига стандарт вазиятлардан самарали тарзда фойдаланишни ўргатмоқда. Бу эса ўз самарасини бериб, кучли зарбага эга бўлган маҳоратли ярим ҳимоячи Шерзод Ғуломжонов U-21 Биринчилиги баҳсларида 4 та голни айнан жарима зарбасидан урди.

Қисқаси, ёшлар жамоамизнинг муваффақиятларида менга яқиндан ёрдам бераётган Равиль Галеев ва Алишер Маҳмудовнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор.

Фурсатдан фойдаланиб, ёш мураббий бўлишимга қарамай, менга ёшлар жамоасини бошқаришда  ишонч билдирган клуб раҳбарияти, жумладан, ака-ука Отабек ва Ойбек Саматовларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Уларнинг ишончларини оқлаш мақсадида, ўз устимда изланяпман, “Навбаҳор” мураббийлари, жумладан, Нўъмон Ҳасановдан маслаҳатлар олиб турибман.

Ўзим ҳам янги йилда мураббийлик соҳаси бўйича “А” лицензиясига эга бўлиш учун ўқийман. Бу соҳага поғонама – поғона кириб келганман. Аввал “С”, кейин эса “В” лицензияси бўйича таҳсил олдим.

Қисқаси, мураббийлик соҳасини тўлиқ ўрганиш учун янада изланмоқчиман, ўз устимда ишламоқчиман.

Умид қиламанки, келаси мавсумда “Навбаҳор – U-21” ёшлар жамоасидан асосий таркиб учун бу йилгидан ҳам кўпроқ иқтидорли ва маҳоратли футболчилар етишиб чиқишади.

- Жорий мавсумда “Навбаҳор – U-21” ёшлар жамоаси кучли учликдан ўрин оладими?

- Ўзингизга маълум, айни пайтда ёшлар жамоамиз U-21 Биринчилигининг 4-поғонасида бормоқда. Учинчи поғонадаги “Насаф” жамоасидан 8 очко кам жамғарганмиз. Айрим баҳсларда керакли очколарни қўлга кирита олмадик. Масалан, U-21 Биринчилигининг 22-турида Навоийда “Қизилқум” жамоаси ёшлари устидан ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди, лекин якунда дурангга эришдик (1:1).

Олдинда U-21 Биринчилигининг яна 4 та ўйини бор ҳамда ўша баҳсларда ижобий натижаларни қайд этиб, якунда кучли учликдан жой олиш ниятимиз бор.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, клуб раҳбарияти, жумладан, “Навбаҳор” ПФК вице-президенти Отабек Арифович Саматов томонидан жамоамизга барча шароитлар яратиб берилмоқда. Бунинг эвазига ёшлар жамоамиз мусобақада  ижобий натижаларни қайд этмоқда, таъкидалаганимдек, 4 нафар футболчимиз асосий таркибда дебют қилди.

Мана, куни кеча собиқ “Спорт” меҳмонхонаси биноси Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти   Шавкат Шокиржанович Абдураззоқовнинг ташаббуси билан “Навбаҳор”нинг фарм ва U-21 ёшлар жамоалари учун қароргоҳ (база)га айлантириладиган бўлди.

“Навбаҳор” клуби вице-президенти Отабек Саматов эса ташкил этиладиган янги қароргоҳ барча замонавий талабларга талаб берадиган ҳолатда  таъмирланиб, янги замонавий жиҳозлар билан таъминланиши, футболчилар  учун барча шароитлар яратилишини таъкидлади.

Ушбу хабар мени жуда қувонтирди. Фурсатдан фойдаланиб, ёшлар жамоамизни қўллаб – қувватлаётган Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ва клуб вице-президенти Отабек Саматовга ўз миннатдорчилигимни билдираман ва кейинги мавсумларда ёшлар жамоамиздан “Навбаҳор”нинг асосий таркибида ўйнайдиган кўплаб иқтидорли футболчилар етишиб чиқишади, деган умиддаман.

– U-21 Биринчилигининг Тошкентда марказлашган ҳолда ўтказилган 10-13-турлар баҳсларида ёшлар жамоамиз 4 та ўйиннинг 3 тасида ғалаба қозониб, бор-йўғи битта учрашувда, яъни, АГМК ёшларига имкониятни бой берди, холос (2:5). Бир сўз билан айтганда, ёшлар жамоамиз нейтрал майдондаги  ўйинларда 9 очкони қўлга киритди. Ўша учрашувларга шогирдларингизни қандай руҳлантирдингиз?

– Мураббийлар штаби билан биргаликда йигитларга ҳар бир ўйиндан олдин керакли кўрсатмаларни берамиз. Учрашув якунланганидан кейин эса уларга қаерда камчиликка йўл қўйишганини тушунтирамиз.

Балки шунинг учун Тошкентдаги мусобақада яхши иштирок этгандирмиз? Бироқ ушбу турнирда юз фоизлик натижани ҳам қайд этишимиз мумкин эди. Бироқ ўйинлар оралиғи қисқалиги бизга панд берди.

11 – турдаги “Машъал” ёшларига қарши кечган ўйинда айрим етакчи футболчиларга дам бериш лозим эди. Шунда АГМК ёшларини ҳам мағлубиятга учратган бўлармидик?

Бундан керакли хулоса чиқариб, кейинги баҳсларда бундай хатоларга йўл қўймасликка интилдим.

- Денис, кўпчилик мухлислар сиз ҳақингизда кам маълумотга эга. Шу боис, мураббийлик соҳасига қандай кириб келганингиз борасида батафсил тўхталиб ўтсангиз...

- Болалигимда “Навбаҳор” футбол мактабида таҳси олганман. Мазкур мактаб тарбияланувчилари “Марказий” ўйингоҳнинг захира майдонида машғулотлар олиб боришарди. Футболчиликдаги биринчи устозим эса таъкидлаганимдек, айни пайтда мен билан ёшлар жамоасида бирга фаолият олиб бораётган Равиль Галеев.

Футболчилик фаолиятим давомида “Навбаҳор”нинг ўринбосарлар таркибида 4-5 йил ўйнаганман. Кейин эса ўша пайтда биринчи лигада иштирок этган “Чуст” ва “Янгиер” жамоаларида тўп сурганман.

Сўнгра, мураббийлик соҳасида таҳсил олиб, “Навбаҳор - Умид” футбол мактаби ва Наманган олимпия захиралари коллежида фаолият олиб бордим. Ўтган йили “Навбаҳор – U-21” ёшлар жамоасига таклиф этишди ҳамда ўшандан буён мазкур жамоада фаолият олиб боряпман.

- U-21 Биринчилиги якунланишига бор-йўғи 4 та тур қолди. Ортда қолган баҳсларда сиз учун қайси ўйин энг аламли бўлди?

- Сафарда “Металлург” ёшлари (6-тур, 1:3) билан бўлган ўйин. Ўша баҳсда шогирдларим  2 та пенальтини амалга ошира олишмаганди. Натижада 1:3 ҳисобида мағлубиятга учрагандик.

- Жорий мавсумда сиз учун қайси ўйинлар энг эсда қоларли бўлди ва яхши таассурот қолдирди?

- Ўз майдонимизда “Пахтакор” ва “Насаф” ёшларига қарши кечган баҳслар менда яхши таассурот қолдирган.

Гарчи мазкур ўйинларда зафар қучган бўлсак-да, ўша ғалабаларга қийинчилик билан эришганмиз.

- Мухлисларга тилакларингиз...

- Футболда ишқибозларнинг ўрни катта аҳамиятга эга. Мухлислар футболчиларга қўшимча руҳ ва мотивация бағишлашади ҳамда улар майдонга ўзгача иштиёқда тушишади.

Ишқибозлардан “Навбаҳор”нинг асосий ҳамда ёшлар жамоаларини доимо қўллаб-қувватлашларини тилаб қоламан.

Бахтимизга мухлислар доимо соғ-саломат бўлишсин!

Бизнинг маълумот

Денис Тойменцов – 1988 йил, 27 сентябрда Наманган шаҳрида туғилган. Футбол билан 8 ёшидан буён шуғулланади.
Амплуаси – ҳимоячи.
Ўйнаган жамоалари: “Навбаҳор” (Наманган, ўринбосарлар) – 2006 – 2009 йиллар, 2010 йилнинг 2-давраси, “Чуст” (Чуст, 2010 йилнинг 1-давраси), “Янгиер” (Янгиер, 2011 йил).
Наманган Давлат Университетининг “Жисмоний тарбия” факультетини тамомлаган.  
2012 йилдан буён мураббийлик фаолияти билан шуғулланади.
2019 йилдан “Навбаҳор – U - 21” ёшлар жамоасида фаолият олиб бормоқда.
Оилали, бир фарзанднинг отаси.
Мухлислик қиладиган жамоалари: “Спартак” (Москва) ва “Барселона” (Испания).
Испаниялик ярим ҳимоячи Андрес Иньестанинг ўйинларини томоша қилишни ёқтиради.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Манба: pfcnavbahor.uz
Киритилди: 22:05, 19.11.2020.
Ўқилди: 2197 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.