АГМК дарвозасига иккита гол урган "Локомотив" ҳужумчиси Марат Бикмаев ўйиндан сўнг клуб матбуот хизматига ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Марат, ғалаба билан табриклаймиз. Ўйинни захирадан бошлаш сизнинг кайфиятингизга таъсир қилмадими? Майдонга тушишингиздан олдин мураббийлар сизга нима деди?
- Нега таъсир қиларкан? Ўйинни асосийда бошлайманми ёки захирада фарқи йўқ, кайфият юқори нуқтада бўлади. Мураббийлар штаби менга алоҳида вазифалар юклади. Биз ҳужумдаги фаолликни ошириб, босим қилишимиз керак эди. Умуман олганда, натижадан мамнунман. Қийин бўлди, бироқ жамоа ўйиннинг боришини ўзгартира олди. Ўйинни фойдамизга якунлашга қаттиқ уриндик ва бунга эришдик.
- Совуқ қорли ҳаво ўйиннинг боришига таъсир қилдими?
- Албатта! Бундай совуқда қанча югурсангиз ҳам оёқ музлаб қолади ва чиройли ўйин кўрсатиш қийин бўлади. "Локо"да ҳам АГМКда ҳам шундай бўлди. Бироқ об-ҳаводан нолиб бўлмайди. Қорда ўйнаш қийинми? Қийин! Бироқ профессионал футболчилар барчасини тўғри қабул қилиши керак.
- Ўйинга отангиз келгани қўшимча мотивасия бердими?
- Отам кичкиналигимдан ҳар бир қадамимни кузатиб боради. У мени қўллаб-қувватлаган барчадан устун. Отам мен билан нафақат уй ўйинларида, балки бошқа шаҳарларига ҳам боради. Ундан барчасига миннатдорман. Бугунги голларимни унга бағишлайман