Суперлига 24-турдан ўрин олган "Машъал" — "Навбаҳор" (3:0) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов фикрларини билдириб ўтди.
— Аввало, "Машъал" жамоасини ҳақли ғалаба билан табриклайман. Биринчи голдан сўнг кўп нарса ўзгариб кетди. Биринчи бўлимда ўйинимиз ёмон чиқмади. Футболчилар яхши майдонда ўйнашга ўрганиб қолишибди. Паслар билан комбинацион футбол кўрсатишимизга қайсидир маънода майдон сабабчи бўлди. Ноқулай об-ҳаво сабаб машғулотларни залда олиб бордик. Мана шу омиллар ўйинимизни қовушмаганига таъсир кўрсата олди.
— Биринчи даврада марказлашган чемпионатда ўтган учрашувда "Навбаҳор" 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган эди, бугун эса йирик ҳисоб қайд этилди. "Машъал" "Навбаҳор" учун ноқулай рақибга айланиб улгурдими?
— Биринчи даврадаги ўйинда мен йўқ эдим, трибунада ўтиргандим. Кўраётган бўлсангиз бизда ўйинимиз ўзгарди. Учта ўйинда ғалаба қозондик. Кўпроқ паслар билан ўйнай бошладик. Балки сиз айтганингиз тўғридир. "Машъал" биз учун ноқулай рақиб. Ўйинимиз ўхшамади, сифатли майдонда бошқача ҳаракат қилишимиз мумкин эди.
— Учта голда кимнинг хатоси кўпроқ бўлди ҳимоячиларними ёки дарвозабонни?
— Биринчи голда дарвозабоннинг хатоси кўпроқ бўлди. Чунки биз пас билан биринчи зонадан иккинчи зонага ўтамиз. Тўпни тепавериб ўзимизга ўзимиз гол олиб келдик. Умуман ҳамма хато қилди. Йигитларда шашт ва шижоат кўринмади. Бу ўйинга тайёргарликдан ўзимни ҳам кўнглим тўлмади. Фитнес залида машғулотларни ўтказдик.
— Суперлигада қайси клубларнинг майдонини "Машъал"никидан ҳам ёмон дея оласиз?
— Авваллари ҳам бу ерда майдон ҳолати яхши бўлган. Совуқданми ёки қор сабабми майдонда тўп юрмади. Ҳозирги вақтда "Навбаҳор" майдони энг яхшиси дея оламан. Қишки мавсумда чемпионат ўйинлари бўлмас эди. Мавсум вақтлироқ якунланарди.
— Андрей Канчельскис давридаги қайси ғояларни йўқотиш қийин бўлмоқда?
— Андрей Канчельскис бошқарувида жамоа узун тўплар билан ўйнарди. Асосан йигитларни руҳиятини кўтаришга ҳаракат қиляпмиз. Ҳамма мураббий ҳар хил, услуби, фалсафаси турлича.