Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Отабек Умаров Ўзбекистон томонидан Осиё олимпия кенгаши вице-президентлигига тавсия этилди

Баҳо:
+ | -

9 декабрь куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Ижроия қўмитасининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Онлайн ўтган мажлисда ташкилот олдида турган бир қатор муҳим вазифалар, келажакдаги режалар муҳокама қилиб олинди. Кун тартибидан 16 декабрь куни Ўмоннинг Маскат шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё Олимпия Кенгашининг навбатдаги Бош ассамблеясига тайёргарлик кўриш, ушбу тадбирда бўлиб ўтадиган ООК раҳбарияти таркибига, хусусан, ташкилот вице-президентлигига Ўзбекистон томонидан таклиф этиладиган номзодни кўриб чиқиш, қолаверса, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган ПФ-6099 Фармони ижросини таъминлаш масалалари ўрин олди.

Маскатда бўлиб ўтадиган Бош ассамблея кун тартибидан 2030 йил бўлиб ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари мезбонини аниқлаш, ташкилот вице-президентларини сайлаш, 2025 йил бўлиб ўтадиган IV ёшлар Осиё ўйинлари мезбон мамлакати билан шартнома имзолаш каби масалалар ўрин олган.

Айни пайтда зиммамизда турган масъулият ҳар қачонгидан юқори. Зеро, 2025 йил пойтахтимиз илк бор йирик комплекс мусобақа – IV ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилади. Бу эса бутун қитъа олдида янги Ўзбекистонни том маънода синовдан ўтказади. Шундай экан, бу тадбирга юқори савияда тайёргарлик кўриш, Осиё Олимпия Кенгаши билан мустаҳкам коммуникацияни йўлга қўйиш биз учун ғоятда муҳим аҳамият касб этиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

Бўлиб ўтган Ижроқўм йиғилишида бу каби жиҳатлар инобатга олиниб, спорт ва ташкилотчилик бўйича катта салоҳиятга эга бўлган Отабек Умаров номзоди Осиё Олимпия Кенгаши вице-президентлигига илгари сурилди. Маълумки, Отабек Муҳаммадалиевич Ўзбекистон триатлон федерацияси ҳамда мамлакат ММА ассоциациясидаги фаолияти орқали юртимизда ушбу спорт турларининг ривожини янги босқичга чиқара олди. Тадбирда сўз олган МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Сакен Полатов, Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси в.б. Руслан Мустаев, Ўзбекистон теннис федерацияси Бош котиби Ирода Тўлаганова бу борада энг муносиб номзод танланганини таъкидлаб ўтишди.

“ООК вице-президентлигига кўрсатилаётган номзод айни пайтда энг муносиб вакил деб айтишим мумкин. Бу инсон спортни ғоятда севади ва ўзи ҳам спорт билан мунтазам шуғулланади. Фаолияти давомида мамлакатимизда бир қатор спорт турларини ривожлантиришда, Олимпия ҳаракатини тарғиб қилишда ташаббус кўрсатган. Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинлари бўйича шартнома имзолангач, бу бўйича алоҳида дирекция ва Республика ишчи гуруҳи тузилади. Бўлажак мусобақага тайёргарлик кўришда транспорт логистикасидан тортиб бошқа соҳалардаги инфратузилмалар, жумладан мусобақақаларни қабул қиладиган спорт мажмуалари, меҳмонхоналар, ахборот коммуникацияси масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада ҳукуматимиз ёрдамига муҳтожмиз. Олдимизда катта вазифа турибди. Буни фақат биргаликда амалга оширишимиз мумкин”, – деди МОҚ раиси.

Маълумот учун, Осиё Олимпия Кенгаши ташкилотида жами 10 та вице-президент фаолият кўрсатади. Уларнинг 5 нафари қитъадаги минтақалар бўйича иш олиб борса, қолган ярми Осиёда ўтадиган 5 йирик комплекс мусобақалар (ёзги Осиё ўйинлари, қишки Осиё ўйинлари, Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари, соҳил Осиё ўйинлари ва ёшлар Осиё ўйинлари) ни юқори савияда ташкил этиш бўйича масъул ҳисобланади. Эътиборлиси, бўлажак Ассамблеядан кейинги муддатда ўтадиган комплекс мусобақаларга мезбонлик қилувчи мамлакат ООКга вице-президентлик учун ўз номзодини илгари суриш имкониятига эга. Шу тариқа Ўзбекистон илк бор 2025 йил ёшлар Осиё ўйинларини қабул қилиши эвазига ушбу нуфузли ташкилот раҳбариятига ўз вакилини номзод қилиб кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Ижроқўм йиғилиши орқали мамлакатимиз номидан ООК вице-президентлигига номзод вакил тавсия этиш амалиёти ўзбек спорти тарихида биринчи бор йўлга қўйилгани янада аҳамиятли. ООК Конституциясида (қоидаларни қўллаш, 71 ва 76-моддаларига асосан) мезбон мамлакат ООК вице-Президенти лавозимига номзод кўрсатиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатилган.

Тадбир давомида Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинлари дирекциясининг директори ҳам сайлаб олинди. Ушбу масъулиятли лавозимга МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов бир овоздан маъқул кўрилди. Шу тариқа О.Касимов бир вақтнинг ўзида Қўмита Бош котиби ва Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинлари дирекциясининг директори сифатида фаолият олиб боради.

Йиғилишда шунингдек, МОҚ раҳбари юртимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда вилоятларда бу борада кенг кўламли ишларни амалга ошириш, Қашқадарё вилоятида ўтган беллашувлар мисолида селекцион турнирлар орқали терма жамоа учун иқтидорли ёшларни саралаш каби масалаларга ҳам урғу берилди. Шунинг билан, Ижроия қўмитаси йиғилиши ўз ишини якунлади.

Манба: olympic.uz
Киритилди: 16:49, 10.12.2020.
Ўқилди: 4265 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.