Stadion.uz Каталония супер клуби тарихидаги энг яхши футболчилардан ташкил топган рамзий жамоани эътиборингизга ҳавола этади.
Дарвозабон. Виктор Валдез
21 асрда «Барселона» жамоасининг деярли барча ғалабаларида Викторнинг тутган ўрни катта. У Месси, Хави, Бускетс сингари «Ла Масия»да тарбияланди ва жуда эрта асосий дарвозабонга айланди. Катта босим бўлишига қарамай, 10 йил давомида клуб дарвозасини муносиб ҳимоя қилди. Бугунги кунда у «Барселона» жамоаси ёшлар мураббийи саналади.
Ҳимоячилар: Рональд Куман
Айни дамда, жамоа постини бошқараётган ҳимоячи янги аср бошида жамоа шарафини футболчи сифатида ҳимоя қилганидан хабарингиз бор. Ўзининг кучли зарбалари билан омма эътиборига тушган ҳимоячи футбол тарихидаги энг кўп гол киритган футболчи саналади.
Карлес Пуйол
Карлес бутун фаолиятини Каталония жамоасига бағишлади. Ушбу клуб сафида қўлга киритиш мумкин бўлган барча совринларни ўзиники қилди. «Тарзан» лақабли ҳимоячи якка курашларда дунёнинг энг кучли футболчиларига ҳам имконият бермас, аммо ҳеч қачон қўпол ҳимоячи саналмас эди. Уни ҳатто «Реал» мухлислари ҳам яхши кўрар эди. Шу боис, уни клуб тарихидаги энг кучли сардорлардан бири сифатида эътироф этиш мумкин.
Жерар Пике
Пике ҳам Пуйол сингари Каталонияда таваллуд топган бўлиб, у ҳам «Ла Масия» битирувчиси саналади. «Манчестер Юнайтед»да бир мунча тўп сургач, уни «Барселона» арзимаган сумма эвазига ортга қайтариб олди. 2008 йилда клуб сафини тўлдирган ҳимоячи бугунги кунга қадар сайёрамизнинг энг кучли марказий ҳимоячиларидан бири саналади.
Дани Алвес
Футбол оламидаги энг совриндор футболчи сифатида Месси ва Роналдуни доғда қолдирган Алвесни «Барса» мухлислари яхши эслаб қолишгани аниқ. У ўзининг энг кучли спорт формасига чиққан пайтлари, тўхтатиб бўлмас кучга айланган эди. Афсуски, клуб унинг имкониятларини яхши баҳолай олмади ва эркин агент сифатида қўйиб юборади. Қаҳрамонимиз айни дамда ҳам юқори даражада Бразилияда ўйин намойиш этмоқда.
Ярим ҳимоячилар: Андрес Иньеста
Андрес нафақат «Барселона», балки бутун футбол тарихидаги энг кучли ярим ҳимоячилардан бири саналади. ЖЧ ғолиби, икки карра Европа чемпионлигини қўлга киритган Иньеста «Барселона» билан қўлга киритиш мумкин бўлган барча совринларни ўзиники қилиб олганлардан. У айни дамда, Япониянинг «Виссал Кобе» шарафини ҳимоя қилмоқда.
Хави
Қатар футболида инқилобни амалга оширган ярим ҳимоячи айни дамда мураббийлик фаолиятини бошлаб юборган. Уни келажакда «Барселона» бош мураббийи сифатида кўришимиз мумкин. Хави футболчилик чоғида ўзининг майда пастлари ва майдонни кўра олиши билан бошқалардан ажралиб турар эди. Эндиликда у кучли мураббий сифатида шаклланиб бормоқда.
Йоҳан Кройф
Кройф бугунги кундаги «Барселона» тарғиб эраётган ўйин услубининг асосчиси саналади. Унинг «Барселона» учун майдонда ва унинг ортида амалга оширган ишлари таҳсинга сазовор. 3 карра «олтин тўп» эгаси бугунги рамзий жамоамизнинг сардори бўлишга тўлиқ ҳақли!
Ҳужумчилар:Месси
Лео клуб сафида тўп сурган энг кучли футболчи десак, адашмаган бўламиз. Жамоа тарихидаги энг яхши тўпурар ва ассистент саналган Лео юзга яқин рекордларни ўрнатди. У яқиндагина бир жамоа сафида тўп кириш борасида афсонавий Пелени ҳам ортда қолдиргани ёдингиздан кўтарилмаган бўлса керак. Афсуски, футболчи 13 йиллик фаолиятига қарамай тез орада бошқа жамоа либосини кийиши мумкин. Бу унинг ва «Барселона»нинг мухлислари учун жуда оғир зарба бўлиши мумкин.
Роналдиньо
Бразилиялик чарм тўп афсунгари жуда қисқа муддат юқори даражада футбол намойиш этди. Ўша қисқагина вақтни эса, «Барселона»га бағишлади. Шу боис, уни Каталониядаги барча «ўзиники» деб ҳисоблайди. Роналдиньо ўз имкониятларининг ўндан бирини намойиш этмаган бўлсада, уни бутун дунё яхши кўриб қолди десак, адашмаган бўламиз.
Марадона
Марадона «Барселона» сафида атиги 3 йил тўп сурди. У рўйхатимиздаги бошқа футболчилар сингари «Барселона» тарихида из қолдиргани йўқ, бироқ у дунёнинг энг кучли футболчиларидан бири саналади. Уни Каталония клуби либосини кийганини инобатга олсак, Диего рўйхатда бўлишга ҳақли. Шундай экан, у бугунги «даҳшатли» таркибимизнинг марказий ҳужумида тўп суриш имкониятига эга бўлмоқда.
Ушбу таркибдан ташқари шунингдек:
Ривалдо, Стоичков, Неймар, Клюверт, Кубала, Ромарио, Бускетс, Субисарета, Бакеро, Гвардиола,Бускетс, Лаудроп, Шустер ва бошқалар ҳам кўриниш беришга тўлиқ ҳақли эди. Сизнингча яна қайси футболчилар таркибдан тушиб қолган? Фикрларингизни изоҳлар орқали баён қилинг!