«Реал» клуби бугун Испания чемпионатининг 18-тури доирасида «Осасуна»га қарши бўладиган ўйин учун кеча йўлга чиқди. Аммо Мадрид шаҳрида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли делегация самолётда тахминан 3 соат ўтиришига тўғри келди.
Аэропортнинг учиш йўлаги муз билан қоплангани учун самолёт ўз вақтида учиб кета олмади. Мадридликлар Испания вақти билан тунги соат 00:00га яқин Памплона шаҳрига етиб келишди.
«Реал» шундай муаммога дуч келишини билиб, учрашувни бошқа муддатга кўчиришни сўраганди, аммо Ла лига бунга рад жавобини берди.
Памплонада шанба куни қор ёғиши кутилмоқда. Шу боис, «Осасуна» клуби майдонни қордан тозалаш мақсадида қўшимча ишчи кучини ёллади.
«Осасуна» — «Реал» учрашуви бугун тунда Тошкент вақти билан 01:00да бошланади.