Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Дукич: “Навбаҳор”даги фаолиятимдан ижобий хотиралар қолишини истайман”

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, “Навбаҳор” мураббийлар штабидан сербиялик мутахассис Дражен Дукич ҳам жой олди ва у Нўъмон Ҳасановга ёрдам берадиган бўлди.

Ушбу мураббийни мухлисларга яхшироқ таништириш мақсадида, ундан интервью олдик.

Қуйида Дражен Дукичнинг фикрлари билан танишасиз.

“Навбаҳор”га келиши, вилоят ҳокими қабулида бўлганлиги, галдаги вазифалар борасида

- “Навбаҳор” сингари ўз анъаналарига эга бўлган жамоада фаолиятимни бошлаганимдан хурсандман. Ўзбекистонда ишлаган пайтимда, яъни “Пахтакор” ва “Қўқон-1912” жамоаларида фаолият юритганимда, Наманганга келганман. Ўшанда “Навбаҳор” ҳамда жамоа мухлислари менда жуда илиқ таассурот қолдиришганди. Мана тақдир тақозоси билан энди “Навбаҳор”да ишлаяпман.

Мени жамоага Нўъмон Ҳасанов таклиф қилди. Ушбу мутахассис билан олдин “Пахтакор” ва “Қўқон - 1912” клубларида бирга фаолият юритганмиз ҳамда бир-биримизни жуда яхши биламиз.

Куни кеча клуб вице-президенти Отабек Саматов, шунингдек, бош мураббий Нўъмон Ҳасанов билан биргаликда Наманган вилоят ҳокими Шавкат Шокиржанович Абдураззоқовнинг қабулида бўлдик.

Тўғрисини айтсам, вилоят раҳбари футболни жуда теран тушунадиган ажойиб инсон экан. Шавкат Шокиржанович билан суҳбатимиз жуда қизиқарли, ёқимли тарзда кечди. Суҳбат давомида “Навбаҳор”нинг янги мавсумдаги режалари, жамоани кучайтириш борасидаги масалалар муҳокама қилинди. Шавкат Шокиржанович “Навбаҳор” олдинга қараб интилиши, жамоани кучайтириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Тўғри, жамоа таркибида кўплаб маҳоратли футболчилар бор. Лекин таркибни кучайтириш, бошқа жамоаларга рақобатбардош қилиш учун таркибга яна 3-4 нафар тажрибали футболчиларни жалб этиш лозим.

Худди ҳаётдаги каби, футболда ҳам эртага нима бўлишини башорат қила олмайсиз. Аммо шуни таъкидлашим лозимки, “Навбаҳор”нинг айни пайтда мураббийлар штабида фаолият юритаётган мутахассислар билан биргаликда ўз олдимизга қўйилган мақсадни амалга оширса бўлади.

Энг муҳими, Наманган футбол шаҳри ҳамда жамоа мухлислари футболдан завқ олишлари лозим. “Навбаҳор” ишқибозларининг Ўзбекистондаги энг кучли мухлислар эканлигини яхши биламан. Улар жамоани нафақат ўз майдонидаги баҳслар, балки сафардаги учрашувларда ҳам муносиб қўллаб-қувватлаб туришади.

Ўз навбатида клуб раҳбарияти, жумладан, клуб вице-президенти Отабек Арифович Саматов томонидан ҳам жамоага катта эътибор қаратилаётганлигини ҳам айтиш лозим.

Жамоа шунга яраша натижа ҳам қайд этиши шарт. Ўйин чиройли бўлса-ю,натижа ижобий бўлмаса ҳам бўлмайди.

Жамоа таркиби кучайтирилса, мухлислар “Навбаҳор”нинг ғалабаларидан завқ олишади, деган умиддаман.

Ўтган мавсумнинг сўнгги 3-4 ойида фаолият юритган Нўъмон Ҳасанов янги мавсумда жамоанинг ўйинини янада кучайтириш, натижанинг ижобий тус олиши учун интилиши шубҳасиз.

Буни биргаликда амалга ошириш, мени яхши билганлиги учун ҳам Ҳасанов мени жамоага чақирди.

Худо хоҳласа, у билан биргаликда ижобий натижаларни қайд этамиз, деган умиддаман.

Ёш футболчилар, келгуси режалар тўғрисида

- Нўъмон Ҳасанов ёш футболчилар билан ишлашни ёқтиради. Шунингдек, ўзим ҳам Сербияда ОФКнинг ёшлар жамоасида фаолият юритганман. “Навбаҳор”нинг ёшлари орасида маҳоратли футболчилар кўпчиликни ташкил этади. Лекин улар тажриба тўплашлари ҳам лозим. Маҳорат бўлса-ю, тажриба бўлмаса бўлмайди. Буни амалга ошириш учун улар олдинга қараб интилишлари, ўз устиларида ишлашлари лозим. Шундагина улар бир-икки йил ичида “Навбаҳор”нинг асосий таркибидан жой олишлари эҳтимолдан холи эмас.

Бу кўпроқ уларнинг ўзларига ҳам боғлиқ. Бу уларнинг ўзлари, шунингдек, “Навбаҳор” учун ҳам фойда беради.

Режаларимиздан “Навбаҳор”ни рақобатбардош жамоага айлантириш ўрин олган албатта. Бу эса белгиланган тизим асосида олиб бориладиган иш ҳисобланади. Клуб раҳбарияти буни тушунаётганлигидан жуда хурсандман. Жамоанинг ижобий натижаларни қайд этиши, мухлисларга қувонч улашиши учун қўлдан келганича ҳаракат қиламиз. Фақат бунинг учун бироз вақт талаб этилади. Асосийси, натижанинг ижобий бўлиши.

Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов,шунингдек, клуб раҳбарияти, жумладан, клуб вице-президенти Отабек Саматов жамоа учун барча шароитларни яратиб беришмоқда ва натижалар ҳам шунга яраша бўлишига интиламиз.

Наманган шаҳри, мухлислар ҳақида

- Наманган шаҳри борасида маълумотга эгаман. Наманган аҳоли сони бўйича Ўзбекистонда 2-ўринда турувчи, жуда катта, шунингдек, гуллар шаҳри эканлигидан хабарим бор. Лекин ҳозир қиш фасли ва менимча, баҳорда ҳар қандай шаҳарнинг гўзаллигини кузатса бўлади.

Лекин “Навбаҳор”нинг клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби, футболчилар, шунингдек, мухлисларнинг ажойиб эканлигини таъкидлашим лозим.

Шунингдек, фурсатдан фойдаланиб, мени “Навбаҳор”га таклиф қилган дўстим Нўъмон Ҳасанов, ушбу таклифга розилик билдирган клуб раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

“Навбаҳор”даги фаолиятимдан ижобий хотиралар қолишини истайман.

Буни амалга ошириш учун эса қўлдан келганича меҳнат қиламан.

Таъкидлаганимдек, “Навбаҳор” мухлисларини жуда яхши биламан.

2015 йили “Пахтакор” билан Наманганга ташриф буюрганимда, стадионнинг мухлислар билан тўла эканлигига гувоҳ бўлганман.

Беш йилдан сўнг, тақдир тақозоси ушбу жамоага ишлаш учун келдим. Ишқибозларнинг қўллаб-қувватлашлари нафақат футболчилар, балки, биз – мураббийларга ҳам қўшимча куч-қувват, руҳ, ғайрат бағишлайди.

Мухлислар 12-ўйинчи ҳисобланишади. Наманганда эса бу аллақачон ўз исботини топган.

Фурсатдан фойдаланиб, “Навбаҳор” мухлисларига соғлик-саломатлик тилайман.

Янги мавсумда ҳам севимли жамоаларини муносиб тарзда қўллаб қувватлашларини тилайман.

Бизнинг маълумот

Дражен Дукич – 1966 йили собиқ Югославиянинг Добул шаҳрида туғилган.

Футболчилик фаолияти давомида Сербиянинг ОФК, “Хайдук” ва “Рад” (барчаси Белград), “Сути Сканикшис”, “Пролетер”, Хитойнинг “Жиансу” жамоаларида ўйнаган.

2002 йилдан мураббийлик фаолиятини бошлаб, Сербиянинг ОФК, “Хайдук”, “Колубара”, ”Раднички” жамоаларида бош мураббий ва ёрдамчи мураббий сифатида фаолият юритган.

Шунингдек, юртимизнинг “Пахтакор” (Тошкент, 2012, 2014-2015 йиллар), “Қўқон-1912” (Қўқон, 2017 - 2018 йиллар) жамоаларида ҳам ёрдамчи мураббий сифатида ишлаган.

Бундан ташқари, Сербия футбол федерациясида ҳам фаолият юритган.

Айни пайтда Сербия пойтахти Белградда истиқомат қилади.

Оилали, бир ўғилнинг отаси.

Мухлислик қиладиган жамоалари: “Црвена Звезда” (Сербия), “Реал” (Мадрид).

Ёқтирган футболчиси: Криштиану Роналду.

Манба: “Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати
Киритилди: 23:49, 09.01.2021.
Ўқилди: 2610 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.