«Ювентус» клубининг собиқ футболчиси Илёс Зейтуллаев ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовнинг "кекса синьора"га ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга ўз муносабатини билдирди.
— Буни эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Чунки бу Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга. Топ-клублар бизнинг футболчиларга қизиқаётгани ҳақидаги хабар ҳар доим ҳам пайдо бўлавермайди.
Элдорга қанчалик қийин бўлаётганини тасаввур қиляпман. Умуман олганда, ҳар қандай хорижлик футболчи учун Италия келиб, у ерда ўрнашиб қолиши қийин вазифа.
Ҳар қандай қийинчиликка қарамай Шомуродовга машғулотда ва ҳар бир ўйинда ўзини кўрсатишини тилайман. Худога шукрлар бўлсинким, ҳозир у бу ишни уддалаяпти. Сўнгги баҳсларда у жуда яхши ўйин намойиш этди. Жисмоний ва руҳий жиҳатдан яхши формага кириб олди ва у ҳақда яхши фикрлар гапиришяпти.
— Унинг «Ювентус»га ўтиш эҳтимоли қай даражада?
— Мен эксперт ёки инсайдер эмасман, аммо ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. «Ювентус» ҳақида гап чиқдими, демак, клуб ҳақиқатан унга қизиққан. Ахир клуб ҳозирда Моратага ўринбосар қидирмоқда.
— Шомуродов А сериянинг топ-клублари даражасига чиқа олиши мумкинми?
— Элдор — жуда иқтидорли футболчи. Агар у ҳозиргидек даража кўрсатишда давом этса, у топ-клубда ўйнаш имкониятига эга бўлади. Ҳозирда эса «Женоа»нинг асосий таркибидан муқим ўрин эгаллаб, яхши футбол кўрсатишда давом этиши керак. Насиб қилса, «Лацио», «Милан», «Интер» ёки «Ювентус» вариантлари ҳам пайдо бўлади.
— Ака-ука агентлар — Валерио ва Габриэле Жуффрида Шомуродовни «Женоа»га нисбатан кучлироқ клубга олиб ўтишлари мумкинми?
— Шахсий фикримча, грандлар футболчига қизиқиш билдираётгани — бу Элдорнинг меҳнати. Агар футбол ўйнашни билмасанг, энг яхши агентлар ҳам сенга ёрдам бера олмайди. Ахир, агентлар сенинг ўрнингга футбол ўйнашмайди.
Ака-ука агентларни шахсан мен танимайман. Эҳтимол улар яхши мутахассис бўлиб, ақл билан иш тутаётган бўлишлари мумкин, аммо барча нарса ўйинчининг ўзига боғлиқ.