Ўтган йил футболимиз тарихида янгича саҳифа очиб берди. Гарчи йил сўнгида ФИФА тасарруфидаги муҳим мусобақа мезбонлигидан мосуво бўлганимиз ютуқларимиз устига жиндек кўланка солган бўлса-да, ушбу мусобақадан кўзланган асосий мақсад — бир қатор стадионларимизнинг қайта қурилиши, янгиланиш ишлари бошлаб юборилган, айрим шаҳарларда ишлар ўз ниҳоясига етказилди ҳам.
Ўтган йилда қилинган барча ишлар футболимизни янги сифат босқичига кўтариш учун хизмат қилади албатта. Бу ишларнинг бошида турган ҳукуматимиз, Ўзбекистон Футбол федерацияси, хусусан, федерация президенти Мираброр Зуфарович Усмоновга юртимиздаги миллионлаб футбол ишқибозлари номидан ташаккур билдириб қоламиз. Албатта, сизларнинг қилаётган меҳнатларингиз, раҳнамолигингизни қадрлаймиз.
"Мустаҳкам оила йили" деб ном олган янги йилда футболимиз 100 ёшини тантана қилади. Бизни ўзгача мавсум, Олимпиада ўйинлари, Жаҳон Чемпионати 4-босқичининг ҳал қилувчи палласи кутиб турибди. Шунингдек, ёшларимиз ва ўсмирларимиз Осиё чемпионатида қатнашиб, Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашга киришади.
Ҳаммамизни "Футбол" аталмиш бир ришта боғлаб турибди. Барчаларингизга кириб келган янги йил омадли келишини тилаган ҳолда, моҳиятан бир оила вакиллари эканлигимизни унутмаслигингизни истаймиз, дўстлигимиз мустаҳкам бўлишини эса Яратгандан сўраб қоламиз.
Барчанинг оиласига тотувлик, қут-барака тилаймиз. Янги йилда янги зафарлар сизга ёр бўлсин! Футболимизнинг мустаҳкам оиласи кенгаяверсин!