Бироз аввал www.goal.com интернет-нашри Осиёнинг 23 ёшгача бўлган футболчилари рамзий терма жамоасини эълон қилди. Эътиборлиси, ушбу терма жамоада ҳамюртимиз, терма жамоамизнинг энг истеъдодли футболчиларидан бири бўлган Одил Аҳмедов ҳам бор. Демак, ушбу рамзий терма жамоа билан танишинг.
Тактик схема: 4-4-2
Дарвозбон: Хайрул Фаҳми Че Мат
"Келантан" ФК ва Малайзия
Ушбу дарвозабон 2011 йилда ўзининг клуб ҳамда терма жамоадаги ажойиб ўйинлари билан эсда қолди. 22 ёшли дарвозабон "Келантан" супер лига соҳиби бўлишида ўзингинг улкан ҳиссасини қўшди.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Хироки Сакаи
"Касива Рейсол" ва Япония
Эндигина 21 ёшга тўлган бўлишига қарамай у "Касива Рейсол"нинг ўнг қанот ҳимоя чизиғини ўзиники қилиб олди ва асосий таркибнинг ажралмас бўлакларидан бирига айланди. Жамоасининг 2011 йилдаги чемпионлигида унинг хизматлари беқиёс. Шунингдек у 22 ёшгача бўлган Япония терма жамоасига ҳам таклиф этилиб, бир бора гол уришга ҳам мувоффақ бўлди.
Марказий ҳимоя: Райс Уилямс
"Мидлсбро" ва Австралия
2010 йилда жароҳати туфайли 11 ой майдонга туша олмаган ҳимоячи, мартда майдонга қайтди ва "Мидлсбро" ҳимоясининг энг ишончли вакилларидан бирига айланди.
Марказий ҳимоя: Фази Шас
"Харимуа Муда" ва Малайзия
Фази Малайзия-23 билан 2011 йилда жуда яхши натижалар қайд этди. Олимпия ўйинлари саралаш баҳсларида жамоаси сўнгги босқичгача келишида унинг ҳам хизматлари бор.
Эндигина 20га кирган ҳимоячини ёрқин келажак кутиб тургани тахмин қилинмоқда.
Чап қанот ҳимояси: Эҳсон Ҳожисофий
"Сепоҳон"/"Тракторсози" ва Эрон
21 ёшли ҳимоячи йилни ҳам терма жамоада, ҳам клубда жуда сермаҳсул ўтказди. Терма жамоаси Осиё Кубогида чорак финалгача етиб боришида жонбозлик кўрсатди. Шунингдек, клуб билан мамлакат чемпионлигини ҳам қўлга киритди.
Ўнг қанот яри ҳимояси: Хироши Кийотаки
"Серезо Осака" ва Япония
У айни вақда гуруҳ пешқадами бўлиб турган Япония олимпия терма жамоасининг энг истедодли футболчиларидан бири ҳисобланади.
Марказий ярим ҳимоя: Ки Сунг-Юнг
"Селтик" ва Жанубий Корея
Унинг ушбу рамзий терма жамоага киришини тушунтириб ўтиришга ҳам ҳожат йўқ. У Жанубий Корея ва "Селтик"нинг энг кучли ярим ҳимоячиларидан биридир!
Марказий ярим ҳимоя: ОДИЛ АҲМЕДОВ
"Анжи" ва Ўзбекистон
Одил Аҳмедов ушбу рамзий терма жамоадан ўзининг Ўзбекистон терма жамоаси билан Осиё Кубогида кўрсатган ажойиб ўйинлари сабаб жой олди. У таянч ярим ҳимоячиси вазифасини ажойиб уддалади ва турнирнинг энг чиройли голларидан бирига муаллифлик қилди.
Одил "Анжи" клубига феврал ойида бориб қўшилди ва у ерда ҳам клубнинг 2011 йилдаги энг яхши футболчисига айланди.
Чап қанот ярим ҳимояси: Андик Верманся
"Персебая 1927" ва Индонезия
Уни "Индонезия Мессиси" деб аташади. У Индонезиянинг 23 ёшгача бўлган терма жамоасида ва "Персебая 1927"даги мазмунли ўйинлари сабаб ушбу рамзий терма жамоага киритилди. ЛА "Гелекси"га қарши ўтган ўртоқлик учрашувидан сўнг Девид Бекхэм унинг ўйинига юқори баҳо берган эди.
Ҳужумчи: Чжи Донг-Ун
"Чуннам Дрэгонс"/"Сандерленд" ва Жанубий Корея
20 ёшли ҳужумчи Жанубий Корея билан Осиё Кубогининг бронза медаллари соҳиби бўлди. Чемпионат давомида тўрт голга муаллифлик қилди ва пировардида АПЛга йўл олди. Кечагина "Манчестер Сити" дарвозасига киритган голини ҳали унутмаган бўлсангиз керак?
Ҳужумчи: Жеже Лалпехлуа
"Пюн" ФК ва Ҳиндистон
У Ҳиндистон терма жамоаси тўпурарларидан бири саналади. Якунланган мавсумда у 12 бора рақиб дарвозасини ишғол қилган ва чемпионат тўпурури бўлганини ҳам эътироф этиш жоиз.