Ғузорнинг "Шўртан" клуби билан меҳнат шартномаси якунига етган ҳимоячи Ярослав Крушельницкий янги йилдан эътиборан Эроннинг "Мис" (Сарчашма) жамоаси аъзосига айланди. Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчиларимиздан бири бўлган Крушельницкий форслар юртига декабрь ойининг ўрталарида бориб келганди. Ҳимоячимиз Теҳронда тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтиб, янги клуби билан ярим йиллик шартномага имзо чекиб қайтган эди.
Эрон Про-лигасига пастки дивизиондан келиб қўшилган "Мис" жорий чемпионатни кўнгилдагидай ўтказа олмаяпти. Аммо "Мис" вазиятни ўнглашга ҳали бемалол улгурса бўлади. Асосийси, клубнинг молиявий аҳволи яхши ҳолатда. Ҳозирда жамоа 2-давра учун янги футболчилар харид қиляпти. Айнан шу мақсадда – таркибга янги қон олиб киришни ўйлаб, "Мис" раҳбарияти жамоани қутқариш учун ўз сафларига тажрибали марказий ҳимоячиларимиздан бири Ярослав Крушельницкийни жалб этди. Клубнинг янги яна икки футболчиси – бу грузиялик ярим ҳимоячи Георгий Красовский (у 2008 йили "Андижон"да тўп сурганини эслаш мумкин) ҳамда ўз вақтида "Фулҳэм"да ўйнаган голландиялик ҳужумчи Жон Коллинслардир.
- Ушбу трансфердан кўзланган асосий мақсад – футболчига 2011 йилда Ўзбекистонда маълум сабабларга кўра етишмаган ўйин амалиётини таъминлаш, - дейди унинг агенти Санъат Шарипов. – Ярослав "Мис"га албатта ёрдам бера олади. Мен бунга ишонаман. Чунки, биринчидан, у анчайин тажрибали футболчи, иккинчидан эса, унда айни маҳалда тўп тепишга бўлган чанқоқлик катта.
Крушельницкий ҳам ўзига хос синов олдида турганини таъкидламоқда:
- Мен 2004 йили Россия премьер-лигасида Волгограднинг "Ротор" клубида қисқа вақт тўп сурганимдан буён хорижга бошқа чиқмаган эдим. "Мис" мен учун энди чет элдаги иккинчи фаолиятим. Бу менга ўзига яраша имтиҳон бўлади. Ўйлайманки, барчаси мен учун ҳам, янги жамоам учун ҳам ижобий тарзда интиҳо топади. Биз ўз олдимизга қўйилган вазифани уддалашга борки имкониятларимизни ишга соламиз.
6 январь куни Ярослав Эрондаги ўз дебютини нишонлаши кутиляпти: шу куни "Мис" ўз майдонида "Сайпа"ни қабул қилади.
Бобурбек ТУРСУНОВ