"Ювентус"нинг сербиялик ярим ҳимоячиси Милош Красич қишки трансфер ойнаси вақтида "Интер"га, ҳужумчи Амаури эса "Фиорентина"га ўтиши мумкин. Бу ҳақда "Football Italia" интернет-нашри хабар бермоқда.
Красич ушбу мавсум Турин клуби асосий таркибида кўп ҳам майдонга тушаётгани йўқ ва бош мураббий Антонио Конте ушбу ярим ҳимоячи жамоанинг ушбу мавсумдаги режаларига кирмаслигини очиқ билдириб бўлган. Шу сабаб футболчи "Манчестер Юнайтед", "Челси" ёки Дортмунднинг "Боруссия"си каби Италиядан бошқа мамлакатларнинг клубларига ўтиши ҳақида гап-cўзлар пайдо бўлганди. Аммо сўнгги хабарларга кўра, футболчи "Интер"га ўтиши билан А Серияда қолиши мумкин, чунки футболчининг кўрсаткичлари нераззуррилар устози Клаудио Раньерининг ўйин услубига мос тушади.
"Ювентус" ўз вақтида 10 миллион евро эвазига Москванинг ЦСКА клубидан сотиб олган футболчисини "Интер"га ижарага беришга ҳам рози бўлиши мумкин, дейилади "Football Italia" хабарида.
Шу билан бирга "Кекса Синьора" ҳужумчиси - Амаурининг қишки танаффус вақтида Англия Премьер-лигасига кўчиб ўтиши ҳақида хабар берилганди. Аммо энди Италия терма жамоаси аъзосига "Фиорентина" қизиқиш билдирмоқда - Альберто Жилардино "Женоа"га ўтиб кетганидан сўнг флоренцияликлар ҳужум чизиғидаги бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қилишмоқда.
Футболчининг ўзи ҳам "Фиорентина"га ўтиш тезроқ амалга ошиши учун ойлик маошининг қисқартирилишига ҳам рози, дейилади Италия ОАВидаги хабарларда.
"Амаури кучли ўйинчилар қаторига киради, агар у Флоренция келса, биз барчамиз бундан жуда хурсанд бўлардик", деди "Фиорентина" ярим ҳимоячиси Валон Беҳрамий.