Билмадим, негадир Томас Тухель ҳеч қачон харизмаси юқори шахс сифатида таассурот уйғотмаган менда.
2018 йилнинг майида "ПСЖ" уни янги бош мураббий сифатида эълон этгач, бу супер таркиб учун иккинчи Эмери келди, деб ҳисоблаганман. Мана икки ярим йилдан сўнг қаралса кўпроқ янглишгандек кўринишим мумкин. Ҳар ҳолда у жамоа билан бирга Францияда етакчиликни сақлаб қолиб, ЧЛ финалигача борди. Бу – натижа. Аммо, унинг клубдан ажралиш нуқтасига яқинроқ назар ташланса, айнан харизма ва таъсир вазнининг етишмаслигига гувоҳ бўлиш мумкин. "ПСЖ" директори Леанардо билан очиқ низога борган Тухель биринчи қулай имкониятдаёқ юқоридан кучли зарбага учраши аниқ эди. Клуб турнир жадвалида “Лилль” ва “Лион”ни бор йўғи бир (!) очкога олдинга қўйиб юборгач, мураббий ЧЛ финалидан 4 ой ўтиб-ўтмай истеъфога чиқарилди.
Табиийки, резюмеси анчайин бой бўлган Тухель кўп вақт ишсиз қолмаслиги тайин эди. Бироқ, мен уни Лондонга келишини кутмагандим. Абрамович мураббийларни алмаштириш бўйича Ҳелайфийдан ("ПСЖ" президенти) бадтарроқ. Лэмпард клуб 9-поғонада бўлиб турганида истеъфога чиқарилган бўлсада, турнир жадвали юқори қисмидаги зичлик Менделеев жадвалидаги Осмийдан ҳам зичроқ. Ва яқин 3-4 тур ичида ҳаммаси буткул ўзгариб, “Челси” тўртликка қайтиб олиши мумкин. Шундай бўлса, бу Тухельнинг хизмати бўлмайди, менимча. Россия ва Исроил паспортига эга миллиардер учун АПЛ ва ЧЛдаги муваффақият бирдек муҳим. Мавсум аввалида трансферларга у каби пул сарфлаган инсоннинг бундай натижа кутишга ҳаққи бор, албатта. Айнан амалга оширилган трансферлар, келган футболчилардан самарали фойдаланади, деган ўй билан танланди, менимча, Тухель.
Томас учун илк рақиб жуда бир ёқимли эмас. “Вулверҳемптон”. Ўзи Френкнинг курсиси 15 декарбь куни “бўрилар” майдонидаги учрашувдан сўнг яхшигина силкиниб олганди (2:1). Хўш, германиялик мутахассис Англияда қандай дебют қилар экан?
Бирга кўрамиз!
23:00/Футбол ТВ
“Челси” – “Вулверҳемптон”
Ориф Толипов.