Жаҳон футбол оламида шундай шахслар борки, улар ўзларининг ўйинлари, голлари, ҳаракатлари ва бутун бошли фаолияти билан эсланишлари баробарида яна бир жиҳат билан футбол ишқибозларининг доимий эътибори марказида. Бу шундай қизиқарли жиҳат яъни исм ва фамилиялардир. Футболчилар ва футбол жамоатчилиги орасида исм ва фамилияларнинг мухлислар томонидан турли хил талаффуз қилинишини кузатиш мумкин. Дейлик, ўша Кевин де Брюйне (де Брейне, де Брайне), Уэсли Снейдер (Снайдер), Роберт Левандовски (Левандовский), Фрэнк Лэмпард (Лампард), Эдер Милитана (Милитао) кабилар. Демак, биз мана шундай “тортишувли“ исм ва фамилияларнинг баьзи энг машхур ва қизиқарлиларини эьтиборингизга ҳавола этамиз.
Хави(Xavi)
Замонамизнинг энг яхши плеймейкерларидан бири. 2 карра Европа чемпионлиги, 4 маротаба ЕЧЛ ғолиби ва 1 марта жаҳон чемпионлиги унвони. 41 ёшли "Барселона" афсонасининг энг кўзга кўринган кўрсатгичлари айни мана шулар. Аммо, бугун биз афсонавий испаниялик футболчининг ютуқларини муҳокама қилмаймиз. Балки, у билан бевосита боғлиқ бошқа, бироз қизиқарли мавзу ҳақида гаплашамиз. Юлдузли ярим ҳимоячи номини талаффуз қилиш миллионлар ўйинининг кўплаб мухлислари ўртасида доимий баҳсларга сабаб бўлади. Футболчи, Эрнандес номи билан чақирилмаганидан сўнг - Хави, Чави, Шави, ва ҳатто Ксави деб ҳам аталган. Демак, бу ерда қайси вариант тўғри, жавоб бериш қийин, чунки каталон ва испан тилларида исмларнинг талаффузи бошқача. Агар сиз испанча версияни танласангиз, у Хави, Каталонияда бўлса, бироз бошқача яъни Шави деб талаффуз қилинади. Инглиз тилидаги манбаларда бу борада якдиллик йўқ. Аммо, аксарият мухлислар ва мутахассислар “Барселона“ нинг собиқ яримҳимоячиси номини “Хави“ деб талаффуз қилишади.
Жердан Шакири(Xherdan Shaqiri)
Швейцария кўп тилли мамлакат сифатида танилган. У ерда бир вақтнинг ўзида тўртта тил ишлатилади: немис, итальян, француз ва роман. Шу сабабли, ушбу мамлакат терма жамоаси аъзоси ҳисобланган баъзи футболчиларнинг номлари турлича талаффуз қилиниши ажабланарли эмас. Агар футболчининг албан ёки косовар илдизи бўлса, вазият бошқача бўлади. Хўш, "Ливерпул" вингери Жердан Шакирининг исм ва фамилияси қандай талаффуз қилинади? Жавоб оддий, агар сиз албанча версиядан фойдалансангиз, Жердан Шакири деб аташингиз мумкин. Агар у Романча бўлса, унда исм бироз юмшоқроқ, Чердан деб талаффуз қилинади. Худди шу нарса Швейцария терма жамоасининг яна бир ўйинчиси Гранит Жака номи билан ҳам боғлиқ. Яьни, Албан тилида Жака (Хh), Роман тилида эса - Чака (Сh).
Дирк Кюйт(Dirk Kuyt)
Энди голландиялик номларга ўтамиз. Кюйт, Куйт, Кёйт, Кейт, Кайт, Каут, Кяут - Нидерландия терма жамоаси собиқ етакчисининг фамилияси шундай кўринишларда учрайди. Аммо, фақат битта вариант тўғри деб ҳисобланади. У ҳам бўлса, Дирк Кюйт. Бу эрда ҳамма нарса оддий, асосийси “uij“ товушини қандай талаффуз қилинишинидир. Демак, товуш - бу битта бўғинда ундошлар билан ажратилмаган иккита унли товушнинг бирикмаси. Голланд тилида Кёйтнинг исми ва фамилияси “Dirk Kujit“ деб ёзилган. Рус тилидаги "уиж" товуши "ёй" ("о" га яқин "ё") деб таржима қилинади. Демак, Дирк Кёйт туғри аммо, агар биз голланд тилининг минтақавий хусусиятлари жиҳатидан гапирадиган бўлсак, у ҳолда талаффуз бироз бошқача бўлиши мумкин. Масалан: Кейт ёки Кюйт.
Фил Ягелка(Phil Jagielka)
Гарчи, машҳур футболчи бўлмасада, фаолияти давомида у Англия терма жамоасида 39 ўйин ўтказишга муваффақ бўлган. Шу билан бирга, "Шеффилд Юнайтед" ва "Эвертон" клублари афсонасига ҳам айланган. Филнинг исми кўпинча футбол ишқибозларида чалкашликларни келтириб чиқаради. Бунда, "Жагелка" ва "Ягелка" - қайси бири тўғри деган савол кўндаланг қўйилиши мумкин. Шуни эсда тутиш керакки, Филнинг полшалик илдизи бор, шунинг учун тўғри вариант сифатида Ягелка деб аташ ўринли бўлади.
Йозуа Киммих(Joshua Kimmich)
"Бавария" етакчиларининг исми-шарифи борасида ҳам баҳс-мунозаралар бўлиб туради. Бу ҳақида кўп гапириб ўтирмасдан, қисқа ва аниқ жавобга тўхталиш мумкин:
"Менинг исмим Йозуа, Жошуа деб ҳам айтишингиз мумкин, лекин Йошуа эмас, чунки бу хато"-деган эди, жорий мавсум, Бундеслиганинг 12 учрашувида 2 гол ва 9 ассист қайд этган Киммих, Чемпионлар Лигасининг ўтган мавсумфаги энг яхши ўйинчиларини тақдирлаш маросимида.
Фредди Люнгберг(Frederik Ljunberg)
Фредди Люнгберг- унчалик машҳур бўлмасада, Швециянинг афсонавий футболчиларидан бири. Люнгберг икки марта ўз мамлакатида йилнинг энг яхши футболчиси деб топилган. Шу билан бирга, бир неча йил давомида терма жамоанинг сардори сифатида тўп тепган. Футболчилик фаолиятидан сўнг ўзини мураббий сифатида синаб кўришни бошлаган. У узоқ вақт мобайнида Лондоннинг "Арсенал" клубида ишлади, 2017 йилда эса Германиянинг "Волфсбург" клуби бош мураббийининг ёрдамчисига айланди. Бир неча йилдан сўнг у яна "канонирлар" сафига қайтиб келиб, у ерда Унаи Эмерининг ёрдамчиси бўлиб ишлади. Туркиялик мутахассис ишдан бўшатилгандан сўнг эса мавсум охиригача жамоанинг бош мураббийи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Ўз навбатида ушбу қаҳрамонимизнинг исми-шарифи юзасидан ҳам баъзи саволлар бор эди, масалан: Фредди исмини қандай талаффуз қилиш керак? Мухлислар орасида ва оммавий ахборот воситаларида иккита вариантни учратиш мумкин эди: Люнгберг ва Юнгберг. Бу ерда мақбул вариант Люнгбергдир. Гап шундаки, талаффуз жараёнида "Lj" товуши ўқилмайди.
Йохан Кройф(Johan Cruyff)
Нидерландия терма жамоаси афсонаси, "Барселона" билан 1 мартадан УЕФА чемпионлар лигаси ва суперкубоги ғолиби(1991/92, 1992/93) ҳамда 4 карра(1990/91 дан 1993/94 гача) Испания чемпиони Йохан Кройф ҳам ушбу рўйҳатдан ўрин олган. Асли нидерландчадан “Johan Cruijff“ шаклидаги фамилия бизнинг Йоҳан Крёиф шаклидаги талаффузимизга мос келади. Аммо, биз мукаммал талаффуз ҳақида гапирадиган бўлсак, “Кройф" вариантига ҳам рухсат берилади. Ушбу фамилиянинг эски версияси яъни Круифф 80-90-йилларда ишлатилган бўлиб, ўша пайтда ҳеч ким нидерландиялик фамилияларни қандай талаффуз қилишни билмас эди, шунинг учун мухлислар “ёзилганидек ўқиш“ тамойилига амал қилишган.
Эрлинг Ҳолланд(Erling Braut Halland)
Ҳоланд қисқа вақт ичида футбол дунёсининг ёрқин юлдузларидан бирига айланди. Ҳаммаси унинг Норвегия ёшлар терма жамоасининг Гондурасга қарши ўйинидан бошланган. Ёш иқтидор эгаси ўша учрашувда, бир эмас, икки эмас, нақ тўққизта гол урган.
2017 йилнинг қишида "Молде"дан "Залцбург"га кўчиб ўтган ҳужумчи 27 ўйинда 29 гол уиришга муваффақ бўлади. Кейинчалик, "Залцбург" билан Чемпионлар Лигасида порлаган юлдуз кўпчиликнинг нишонига айланади ва унинг ўзи 2020 йилнинг январ ойида 20 миллион евро эвазига, Боруссиянинг "Дортмунд" жамоасига ўтишга қарор қилади. Ҳозирча, у дортмундликлар билан ўтказган 37 учрашувида 37 гол ва 6 голга ассиситентлик қилишга муваффақ бўлади. Чакки эмас. Шундай қилиб, Норвегиялик танилиб боравергач, футбол жамоатчилигида саволлар пайдо бўлди: Холанн? Холанд? Ҳааланд? Хўш қайси бири энг тўғри? Якунда эса, тўхтамни футболчининг ўзи берди: “Агар сиз Норвегиядан бўлмасангиз, мени Эрлинг Браут Хааланд деб аташингиз мумкин. Агар Норвегиядан бўлсангиз, унда Эрлинг Брот Холланд“.
Оле-Гуннар Сульшер(Ole Gunnar Solskjaer)
Мухлислар Оле Гуннар Сульшерни Норвегия ва "МЮ"даги ёрқин футболчилик фаолияти билан яхши билишади. Ҳозирда, уч йилдан буён мутахассис, "қизил иблислар"нинг мураббийлик постида ишлаб келмоқда. Узоқ йиллик фаолияти билан бир қаторда унинг фамилияси ҳам анча "машхурликка" эришган дейиш ҳам мумкин. Боисики, норвегиялик мураббий фамилиясининг талаффузи ҳали ҳам оммавий ахборот воситалари ва мухлислар орасида жуда кўп мунозараларга сабаб бўлмоқда. Солскьяерми ё Сульшер? Тўғри жавоб эса, сиз ва биз кўп учратадиган ва қўллайдиганимиз – Оле-Гуннар Сульшер ҳисобланади. Унинг ўзи ҳам бу ҳақида: Исмни айтишда оҳангини дархол талаффуз қилиш керак"-дейди.
Дадажон Фозилжонов тайёрлади