Ўзбекистон футбол федерацияси расмий твиттерига кўра, 2016 йилги Олимпиада ўйинлари йўлланмаси учун кураш олиб борадиган терма жамоа бош мураббийи номи аниқ бўлган.
“Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Алексей Евстафеев бўлажак олимпия терма жамоаси (U21)га бош мураббий этиб тайинланди”, дейилади ЎФФ расмий твиттерида.
Самарқанд “Динамо” клуби собиқ бош мураббийи Азамат Абдураимов эса Евстафеевга катта мураббий сифатида ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, Алексей Евстафеев қўл остида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Тошкентда бўлиб ўтган 2010 йилги Осиё чемпионати финали ва 2011 йил Мексикада бўлиб ўтган жаҳон чемпионати чорак финалига қадар етиб борган эди.