Каталониянинг "Барселона" ҳужумчиси Лионель Месси амалдаги шартномани шартларини уч маротаба бузганлиги ҳақида El Mundo нашри хабар тарқатмоқда.
Якшанба куни нашр 33 ёшли аргентиналик футболчининг июль ойида якунига етадиган шартномаси тафсилотларини кенг оммага ҳавола этганди. Унда қайд этилишича, амалдаги шартномага кўра, Месси сўнгги тўрт йил давомида 555 миллион евро ишлаб олган. Кейинроқ эса "Барселона" El Mundo нашрига қарши даъво аризаси билан мурожаат қилганини маълум қилди. Ўз навбатида, футболчининг адвокатлари клуб раҳбариятининг айрим аъзоларига қарши судга ҳужжат тайёрламоқда.
Нашрининг тасдиқлашича, Месси меҳнат шартномасининг еттинчи бандини уч марта бузган. Чунки, шартнома шартларига кўра, Месси клуб раҳбариятини танқид қилиш ҳуқуқига эга эмас. Шунингдек, аргентиналик футболчи клубнинг собиқ спорт директори Эрик Абидални танқид қилиб, раҳбариятнинг клуб ходимларини маошларини қисқартирилишидан ва жамоанинг собиқ ҳужумчиси Луис Суаресни "Атлетико"га ўтиб кетганидан норози эканлигини билдирганди.