Криштиану Роналду кеча 36 ёшга тўлди. Тенгқурлари аллақачон футболни тугатган ё шунга тайёрланаётган бир пайтда, у ҳамон чўққида.
Унинг муваффақият сирлари, меҳнаткашлиги туфайли Месси билан доим баҳслаша олгани ҳақидаги гапларнинг анча сийқаси чиқиб кетган. Келинг, ундан кўра, сийқаси чиққан икки воқеани эслатай, бу Роналду ютуқлари сирини яхшироқ очиб беради.
Биринчисини Эвра айтиб берган:
«Бир куни Роналду мени уйига меҳмонга чақирди. Дам олиш куни, унинг катта уйи бор, мазза қиламиз, деб ўйладим. Бордим. Аввал «юр, озгина тўп тепамиз» деб майдончага олиб чиқди. Тўпдан кўнглим айниган бўлса-да, эргашдим. Кейин овқатландик, қанақадир пархез нарсалар. Нима еганимни билмадим. Кейин тренажерга кирдик. Сабрим тўлиб борарди. Чиқиб, бироз ўтиргач, бассейнга, сузишга таклиф қилди. Дод деб юбордим, ичимда, иккинчи унинг уйига келмайман, деб онт ичдим. Ҳа, у шунақа дам оларди».
Иккинчисини ўша даврларда «Юнайтед»да ўйнаган кўп футболчилардан эшитганмиз. Бир куни Криштиану Рио Фердинандга стол теннисидан ютқазиб қўяди. Партия тугагач, барча жамоадагилар роса кулиб, Риони олқишлашади. Роналду худди жаҳон чемпионатини ютқазгандек, аччиқланади, ракеткани отиб юборади. Ўша куни жуда ёмон кайфиятда юради.
Эртасига Роналду янги стол тенниси жиҳозларини сотиб олиш учун жиянини магазинга юборди, уйига ўрнатди. Икки ҳафта тинмай шуғулланди ва яна базага келиб, Рио Фердинандни ўйинга таклиф қилди. Ҳамманинг кўз ўнгида ғалаба қозонди ва тинчиди.
Эсингизда бўлса, машҳур видео бор — унда журналист чемпионликни нишонлаётган «МЮ» аъзоларидан футболдаги энг зўр футболчини сўрайди.
Фердинанд «Диего Марадона» деб жавоб беради.
Ёш Роналду «Мен» дейди.
Андерсон эса, «Менинг исмим Диего Марадона» деб, кулиб юборади.
(Жуда кулгули видео, топиб кўринг. Аслида у ерда фақат Андерсон ҳазиллашган экан)
Бугун Фердинанд ўша видеони эслади ва «У биларди. Туғилган кунинг билан» деб ёзди.
Унга жавобан, «Юнайтед» ҳозирги ва ўша пайтдаги мураббийи Майк Фелан ажойиб изоҳ қолдирди:
«У биринчи кундан буни айтарди, ростини айтганда, тўғрими, Рио?»
Қаҳрамон Асланов.