"Ювентус" бош мураббийи Антонио Контенинг айтишича, Турин клуби ҳеч кимдан қўрқмайди. Бу ҳақда "Football Italia" интернет-нашри хабар бермоқда.
"Қишки байрамлар билан боғлиқ танаффус ҳар доим бир қадар ишончсизликка сабаб бўлади. Биз кетма-кет 16 учрашувда аъло даражадаги натижани кўрсата олдик. Аммо маълум муддат ушбу муваффақиятли йўлни тўхтатиб туришга мажбур бўлдик", деди Конте.
"Биз танаффус давомида ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан яхши иш олиб бордик. Шундай экан, шогирдларимдан кўнглим тўқ. Яна яхши натижаларни кўрсатишга тайёрмиз. Биз "Ювентус"миз ва ҳеч кимдан қўрқмаймиз", деди "Кекса Синьора" устози.
"Бизда беш нафар ҳужумчи бор, шунинг учун ҳам улардан қайси бири яхшироқ ҳолатда бўлса, асосий таркибда ўшанисидан фойдаланамиз. Боррьелло жамоамизга келиб қўшилганидан хурсандман. У бизнинг ҳужум чизиғимизга бир қадар рангбаранглик олиб кира олади", дея қўшимча қилди "Ювентус" бош мураббийи Антонио Конте.
"Ювентус" Италия чемпионатида 16 учрашувдан 34 очко тўплагани ҳолда, "Милан" билан биргаликда, пешқадамлик қилмоқда. Тўплар нисбатидаги яхшироқ кўрсаткичга эга бўлгани учунгина миланликлар 1-ўринни эгаллаб туришибди. Жамоанинг энг яқин таъқибчиси "Удинезе" ҳисобида 32 очко бор.