Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Отабек Ғуломхўжаев: «Ҳозирги мағлубиятлардан хавотирга тушаётганим йўқ»

Баҳо:
+ | -

"Андижон" бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаев билан якунланган йиғин ҳақида интервью олиб бордик.

— Аввалига «Андижон» жамоаси йиғинни 17 февраль куни якунлаши керак эди, аммо йиғин 2 кун аввал якунланди. Бунинг сабаби нимада?
— Ушбу йиғинни муддатидан олдин якунлаганимизнинг сабаби — биз режадан кўра кўпроқ ўйин ўтказишга мажбур бўлдик. Ушбу назорат учрашувларини ўткзашидан кўзланган мақсадимиз йиғинга таклиф қилинган футболчиларни кўрикдан ўтказиш ва машғулотларда кўзланган тактик усулларни ўйинда ҳам кўриб олиш эди. Баъзи бир ўтказган ўйинларимиз кўрикка келган футболчиларни кўриб олиб учун керак бўлди.

Йиғин муддатидан олдин якунланганини яна бир сабаби ўйинлар сони кўпайиб кетди ва олти нафар футболчиларимиз жароҳат олишди. Ушбу жароҳатдаги футболчилар сафга қайтиши учун бироз вақт керак бўлади, шу сабаб биз режадан бироз четга чиққан холда йиғинни 2кун эрта якунлашга мажбур бўлдик.

Аввалига Суперлиганинг янги мавсуми 24 февраль куни бошланиши ҳақида тахминлар пайдо бўлган эди, кейингиси эса 3 март куни бошланиши ҳақида хабарлар чиқди, шундан сўнг Суперлиганинг янги мавсуми 9 март куни старт олиши ойдинлашди. Биз шундан келиб чиққан холда ушбу йиғинни футболчиларга бироз дам бериш мақсадида икки кун олдин якунлашга қарор қилдик.

Аслида ушбу йиғин Андижонда бўлиб ўтиши режалаштирилган эди, аммо Андижонда бизга спарринг рақиб йўқлиги сабабли йиғинни Тошкентда давом эттиришга қарор қилдик.

— Ушбу йиғин давомида таркибга яна футболчилар жалб қилиш режада борми?
— Жамоа сафига аниқ шартнома учун келадиган легионер футболчилар бор. Ҳозирда ушбу футболчилар билан музокаралар якуний босқичга етиб қолган. Шартнома асосида жамоага ҳужумчи, плеймейкер ва ҳимоячи ташриф буюради. Шунингдек, бир қатор маҳаллий футболчилар билан ҳам музокаралар якуний босқичга етиб келган. Ушбу футболчилар йиғиннинг тўртинчи босқичи давомида жамоамиз сафига келиб қўшилади.

Йиғиннинг сўнги босқичи Андижон шаҳрида бўлиб ўтади. Сўнги йиғинга кўрик учун ҳеч қандай футболчи ташриф буюрмайди. Ушбу йиғин фақат ўзимизнинг ўйин услубимизни шакллантиришга қаратилади.

— Бўлиб ўтган йиғиндан кўнглингиз тўлдими?
— Чизиқлар бўйича айтсам, марказий ярим ҳимоячилардан бироз кўнглим тўлди, аммо яна ишлаш керак бўлган жойлари бор. Ҳозирги пайтда бизда оғриқли нуқта бу — ҳимоя чизиғи. Футболчиларни ҳали асосий таркиб футболчиси дея олмайман, ҳар бир нуқтада ўзига яраша рақобат бўлиши керак. Худо хоҳласа, ҳимоя чизиғига икки нафар футболчи келиб қўшилади. Ҳимоядаги хатоларни кўриб чиқиб, хатолардан тўғри хулоса қилиб ишлашда давом этамиз.

Аслида мен ҳужумкор ўйин тарафдориман, ҳужумкор ўйинни яхши кўраман. Аммо, ҳужумкор ўйинда гол уриб туриш учун бир-бирига рақобат қилиб турадиган яхши ҳужумчилар бўлиши керак. Ҳозирги кунда ҳужум чизиғидан ҳам бироз кўнглим тўлмаяпти. Шу сабаб ҳужум чизиғига икки нафар футболчи келиши кутилмоқда.

Майдон марказидан кўнглим тўқ лекин рақобат учун майдон марказига ҳам легионер футболчи келиши режада бор ва бундан ташқари Ўзбекистонда ўзига яраша ном қозонган футболчи билан музокара олиб бормоқдамиз. Умид қиламизки, соғлом рақобатга вужудга келадиган яхши жамоа вужудга келади.

Ҳозирги мағлубиятлардан хавотирга тушаётганим йўқ. Жамоа тўғри йўлда кетмоқда. Ўйинларда легионер футболчиларни ва кўрикдаги футболчиларни текшириб олдик. Шу сабабли ўйинларимиз балким ижобий натижа билан якун топмагандир. Йиғин давомида ўтказган ўйинларимизнинг барчаси ҳар хил руҳда кечди. Ҳам ижобий, ҳам салбий натижалар бўлди. Шунинг учун мухлислар хавотирга тушишмаслигини сўраб қоламан.

Мен танқидий фикрларга тўғри қарайман. Танқид бу яхши нарса, хар бир танқидий фикрдан тўғри хулоса чиқариш керак. Эътироз ўринли бўлса бундан тўғри хулоса чиқарамиз.

— Кейинги йиғинда қайси жамоалар билан назорат учрашувлари бўлиб ўтиши режалаштирилган?
— Кейинги йиғинда «Насаф» ва «Бунёдкор» жамоалари билан ўйнашимиз аниқ. Шунингдек, яна икки нафар жамоа билан ўйин ўтказиш режада бор. Ушбу йиғин 17 февраль санасидан 27 февралгача бўлиб ўтади. Шундан сўнг, жамоамиз Андижон шаҳрида йиғилиб янги мавсумга тайёргарликнинг сўнги босқичини Андижонда давом эттирамиз.

— «Андижон»ни «Турон»га қарши баҳсда андижонлик мухлислар бевосита ўйингоҳдан туриб қўллаб қувватлашди ва ушбу баҳсда «Андижон» ишончли тарзда рақибини мағлуб этди. Ушбу ғалабага мухлисларнинг далдаси ўз ҳиссасини қўшдими?
— Албатта! Мухлисларнинг қўллаб қувватлаши оддий назорат учрашувида ҳам жуда ҳам кучли далда бўлди. «Турон» билан баҳсда кам сонли мухлислар ташриф буюрган бўлишса ҳам ажойиб муҳитни яратиб беришди, бундан жуда ҳам миннатдорман. Жамоамизни расмий ўйинларда ҳам шундай тарзда қўллаб қувватлашларига ишонаман, мухлисларнинг қўллаб қувватлаши жамоамизга керак. Мухлисларсиз футбол, футбол эмас. Умид қиламанки, мухлислар бизни қўллаб-қувватлашда давом этади.

Манба: https://t.me/fcandijan
Киритилди: 08:45, 15.02.2021.
Ўқилди: 2369 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.