Италия "А" Сериясининг сўнгги икки турида тўққизта гол уришга муваффақ бўлган "Наполи", жамоа бош мураббийи Вальтер Маццарининг фикрича, ва ниҳоят тўғри йўлга қайтган. Бу ҳақда "Football Italia" интернет-нашри хабар бермоқда.
"Палермо"га қарши Италия чемпионати 17-тур учрашувида неаполликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Сафар учрашувида Пандев, Кавани ва Ҳамшик ўз номини таблога ёздириб қўйди.
"Чемпионлар Лигасидаги баҳслар биздан кўп куч талаб қилди, аммо биз охир-оқибат мувозанатга эриша олдик ва энди ички мусобақаларда ҳам ижобий натижаларни қўлга киритишда давом этамиз", деди Маццари.
"Ҳисоб 2:0 бўлгунича бизда бир қадар хавотир бор эди. Биз асосий эътиборимизни ҳимояга қаратишга мажбур бўлиб қолдик. Учрашувнинг иккинчи бўлимини жамоамиз аъло даражада ўтказди. Биз келаси ўйинларда ҳам шу руҳни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Ҳисоб 3:0 бўлганидан кейин шогирдларим бироз хотиржамликка берилишди, бу яхши эмас, аксинча, ҳисоб 3:0 бўлгунича қандай ўйин намойиш этган бўлсак, ўша руҳда давом этишимиз керак эди", деди "Наполи" устози.
"Сўнгги икки мавсум давомида жамоамиз катта ўсишга эришди ва ақлбовар қилмас натижаларга эришди. Биз шу йўлда давом этишимиз керак", дея қўшимча қилди "Наполи" бош мураббийи Вальтер Маццари.