9 январь куни Анатолий Демьяненко "Волинь"да иш бошлайди. Жамоанинг янги бош мураббийи сўзларига кўра, у жамоага янги ўйин услубини олиб киради. 8 январь куни "Украинадаги Championat.com" интернет-нашрида "Насаф" собиқ устозининг интервьюси эълон қилинди.
- Анатолий Васильевич, сизни "Насаф" билан амалдаги шартномангиз бор эди, жамоа билан aқандай бўлди?
- Ҳеч қандай муаммо юзага келгани йўқ. Футболчилар билан хайрлашиб, ҳамкорликдаги ишимиз учун уларга миннатдорчилик билдирдим. Спортчининг ҳаёти шундай, шунинг учун ҳам ҳамма бир-бирини тўғри тушунди.
- Клуб раҳбарияти сизни Ўзбекистонда ушлаб қолишга ҳаракат қилмадими?
- Йўқ. "Насаф" раҳбарлари - замонавий кишилар, улар менинг Украинага қайтишимга қаршилик қилишгани йўқ.
- Шартномани муддатидан аввал бекор қилганингиз учун "Волинь" "Насаф"га товон пули тўлаши керак эмасми?
- Ҳақиқатан ҳам, "Насаф" билан яна бир йиллик шартномам бор эди, аммо биз ортиқча товон пулларисиз бу ишни ҳал қилдик.
- Нима деб ўйлайсиз, "Насаф"да бор мураббийлик салоҳиятингизни намойиш эта олдингизми?
- Осиё футболи ўзига хос эканлигини унутмаслик керак. Жамоа майдонга тўрттадан ортиқ легионерни тушира олмайди, бу йилдан эса хорижлик футболчилар сони учтагача камайтирилганди. Шунга қарамай, биз ОФК Кубогида ғолиб чиқиш ва чемпионатда иккинчи ўринни эгаллашнинг уддасидан чиқа олдик. Ушбу жамоа тарихида из қолдира олдим, деб умид қиламан.
- Луцкда қачон ишга киришасиз?
- 9 январь, душанбадан. Жамоа таътилдан қайтади, биз ўзаро танишамиз ва 11 январь куни биринчи йиғинни ўтказиш учун Туркияга жўнаб кетамиз.
- "Волинь" билан шартномангиз қанча муддатга имзоланган?
- "2+1" кўринишида ёки бирданига уч йилга шартнома имзолаймиз.
- Мураббийлар штаби масаласини ҳал қилиб бўлдингизми?
- Мураббийлар штабида мен билан Ўзбекистонда ҳам иш олиб борган Виктор Мороз, илмий гуруҳ раҳбари Виктор Бердниковлар бўлади. Шунингдек, Орест Баль ҳам менга ёрдамчилик қилади.
- Виталий Кварцяний билан учрашиб, айтайлик, "ишни қабул қилиб олиш" ҳақида гаплашиб кўрмадингизми?
- Билмадим, ҳозир кўпчилик таътилда. Бундан ташқари, мен "Волинь"да жорий қилмоқчи бўлган ишга ўз қарашим бор.
- Кварцяний қўл остидаги "Волинь"нинг ўйинлари ёзилган дискларни кўриб чиқасизми?
- Ҳа, айнан йиғинлар давомида бунга вақт бўлади.
- "Волинь" ортиқ баланд бўйли ўйинчилар ва атлетик футболга асосланган жамоа бўлмайдими?
- Дастлаб мен жамоа ихтиёрида бўлган футболчиларнинг имкониятлари билан танишиб олишим керак. Албатта, ўйинни қуриш бўйича менинг қарашларим бошқача ва у Виталий Кварцянийнинг ўйин схемаларидан фарқ қилади.
- Агар жамоа қайтадан ташкил қилинадиган бўлса, унга янги ўйинчилар керак бўлади. Лукцда янгилар пайдо бўладими?
- Албатта. Туркиядаги йиғинга кимлардир келади. Аммо, яна бир бор таъкидлайман, жамоа билан шартномаси бўлган футболчиларнинг салоҳиятлари билан танишиб олиш керак. Туркияга 27 ёки 28 нафар футболчи йўл олади. Ўша ерда футболчилар билан яқиндан танишиб оламиз.
- Жамоа сиз аввал ишлаган "Насаф" ёки Киев "Динамо"сидан ҳам футболчилар пайдо бўлишини кутсак бўладими?
- Нега бўлмас экан? Бироқ "Насаф"нинг етакчи футболчилари жамоа билан янги шартномалар имзолаб бўлишган. Кўрамиз. Келажакда, албатта, "Насаф" ва "Динамо"дан футболчиларни таклиф қилишимиз мумкинлигини инкор қилиб бўлмайди.
- Матбуотда сўнгги вақтларда Майкон ("Волинь" етакчиларидан)нинг Франция ёки Бельгия чемпионатига кетиши ҳақида кўп ёзилмоқда. Сизга бу ўйинчи керакми?
- Албатта. Унга бошқа клублар қизиқиш билдираётганидан хабаримиз бор. Бразилиялик бу футболчи жамоамизда қолиши учун айни вақтда барча чораларни ишга солмоқдамиз. Бундан ташқари, унинг "Волинь" билан ёзгача шартномаси бор.
- Жамоа баҳорда атиги 10 та ўйин ўтказади. Бу давр оралиғида жамоа олдига қандай вазифаларни қўясиз?
- Албатта, атиги 10 та ўйин учун юқори мақсадларни қўйишдан маъно йўқ, айтиш мумкинки, поезд аллақачон кетиб бўлган. Энг муҳими, хавфли зонадан бехавотир жойда бўлиш ва жамоа ўйинини ташкил қилиш. Келаси мавсумда эса жамоа олдига нисбатан жиддий мақсадлар қўямиз.