Фаолиятини кенг қамровда олиб боришга ҳаракат қилаётган «Бунёдкор» яна бир ташаббусга қўл урди.
Кеча мамлакатимиздаги энг номдор билим даргоҳларидан бири Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ташриф буюрган «Бунёдкор» ҳамкорлик меморандумини имзолади. Университетнинг Маданият саройида ташкил қилинган тадбирда талабалардан ташқари, ўқитувчилар, кафедра мудирлари, декан ва шахсан ректор Шарипов Конгратбой Авезимбетович иштирок этди. «Бунёдкор» вакиллари орасида клуб директори Улуғбек Мирзаев, молия менежери Шомурод Исроилов, маркетинг мутахассиси Шуҳрат Турдиев ҳамда футболчилар Хуршид Ғиёсов, Расул Йўлдошев, Сарвар Каримовни кўриш мумкин эди.
Тадбир аввалида университет ректори Шарипов Конгратбой Авезимбетович сўзга чиқиб, мазкур ҳамкорлик меморандуми ҳақида батафсил тўхталди. Шунингдек, «Бунёдкор» футбол клуби тўғрисида илиқ фикрлар билдирар экан, жамоамизнинг ёрқин тарихини эслаб ўтди. Сўнг «Бунёдкор» футбол клуби директори Мирзаев Улуғбек Абдусатторович сўз олди. Клубимиз раҳбари сўзи аввалида «Бунёдкор» мухлислар учун ўйнайди», шиорини эслаб ўтар экан, ҳамкорлик меморандумининг асл мақсади ишқибозлар эканлигига алоҳида аҳамият қаратди. Яъни, мазкур ҳамкорлик меморандумига кўра, Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари «Бунёдкор»нинг уй учрашувларини бевосита стадионда томоша қилишлари бепул этиб қўйилади. Футбол иқтисодиёти билан шуғулланишни истаган талабаларга ҳам бу борада шароит яратиб берилади. Қолаверса, «Халқаро туризм» факультети талабалари хорижлик туристларни «Бунёдкор» стадионига, музейига олиб келиш бўйича иш олиб боришлари мумкинлиги ҳам таъкидланди.
Раҳбарлар сўзларини якунлагач, тадбирнинг энг асосий қисми – ҳужжатларни имзолаш жараёни ўтказилди. Шарипов Конгратбой Авезимбетович ва Мирзаев Улуғбек Абдусатторович ҳамкорлик меморандумига имзо чекар экан, ушбу ҳужжат ҳар иккала томон учун ҳам фойдали бўлишини тилаб, бир-бирларига қўл беришди ҳамда ўзаро совғалар алмашишди.
Тадбирнинг расмий қисмлари якунлангач, талабаларга «Бунёдкор» раҳбарлари ва футболчиларига савол бериш имконияти берилди. Асосий саволлар нега миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқа олмаётгани-ю, яхши футболчи бўлиб етишиш учун нималарга аҳамият қаратиш эканлиги ҳақида бўлди. Учала футболчимиз ҳам талабаларнинг барча саволларига батафсил ва қониқарли жавоб берди.